Вашингтонда Илон Маскни судга беришди
Олам
−
13:42
2453АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) америкалик миллиардер Илон Маскка нисбатан Twitter (кейинчалик унинг номи Х деб ўзгартирилган) ижтимоий тармоғини сотиб олиш пайтида содир этилган қоидабузарликлар учун судга мурожаат қилди. Бу ҳақда "The New York Times" хабар берди.
SEC'нинг Вашингтонда топширилган даъвосига кўра, Маск 2022 йил март ойида Twitter акцияларининг 5 фоиздан кўпроғини сотиб олгани ҳақида комиссияга ўз вақтида ҳисобот тақдим этмагани учун қимматли қоғозлар бўйича федерал қонунларни бузган. Қайд этилишича, бунинг оқибатида Маск акцияларни арзонлаштирилган нархларда сотиб олишни давом эттирган, бу эса унга камида 150 миллион доллар кам тўлаш имконини берган.
Иш ҳужжатларида айтилишича, Маск 2022 йил бошиданоқ Twitter'нинг муҳим улушини сотиб олишни бошлаган ва 2022 йилнинг 14 мартига келиб у компаниянинг муомаладаги акцияларининг 5 фоиздан ортиғига эгалик қилган. Амалдаги қонунчиликка кўра, 5 фоизлик улушга эгалик чегарасидан ошиб кетганлиги тўғрисида SEC'ни ўн календар кун ичида хабардор қилиш мажбурияти бор, бироқ Маск буни қилмади.
Ҳужжатда қайд этилишича, белгиланган муддатдан ўн бир кун ўтиб, яъни 2022 йил 4 апрелда Маск Twitter акцияларининг 9 фоиздан ортиғини сотиб олганини эълон қилган. Хабар қилинишича, Twitter акциялари нархи худди шу куннинг ўзида 27 фоиздан ошган.
Даъво аризасида айтилишича, Маск хабарнома топширишни кечиктирар экан, инвесторлар Twitter акцияларини сунъий равишда арзон нархларда сотиб, катта иқтисодий зарар келтирган. АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси суддан Маскдан жарима тўлаш ва акцияларни сотиб олишдан ноқонуний равишда олинган даромадларни қайтаришни талаб қилмоқда.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь