Судга кириш мумкин, ёритиш мумкинмас. Журналистлар Азиз Воитов судидан чиқиб кетди
3-саҳифа
−
06 Сентябрь
9918Журналистлар собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 нафар шахснинг судини ёритолмайди. Бунга сабаб судланувчилар ва адвокатларнинг оммавий ахборот воситалари ходимларининг суд мажлисига киришини тақиқлаш бўйича илтимосномаси сабаб бўлди.
Бугун, 6 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди.
Энг қизиғи, аслида мамлакатда судларнинг очиқлигини қўллаб-қувватлаши, журналистнинг судларни ёритишини дастаклаши керак бўлган давлат айбловчиси, прокурор ҳам оммавий ахборот воситалари вакилларининг судни ёритишига қаршилик билдирди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси Сардор Содиқов эса уларнинг хоҳишини қисман инобатга олиб, журналистларнинг видео ва аудио тасвирлардан фойдаланмаган ҳолатда, фақатгина чекланган ахборот тарқатишига рухсат берди.
Журналистлар эса бундай шаклда ахборот олиш ва етказишнинг иложи йўқлиги боис суд залидан чиқиб кетди ва уни ёритишдан бош тортди.
Кеча, 5 август куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида ҳам кўплаб адвокатлар судда ОАВ иштирокига кескин эътироз билдирганди. Улар ҳатто журналистларни “хориж агенти”, “хабарларни бўрттирувчи” дея таърифлашган ҳам.
“Судда иштирок этаётган ҳар бир шахс ўзининг шахсига аниқлик киритиши керак. Мен бу журналистларнинг ҳеч бирини танимайман, уларни бугун кўриб турибман. Шу сабабли уларга ишонмайман ҳам. Биз қаердан биламиз, улар орасида хориж агентлари бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳеч бир журналист бу суд иши мажлисларига киритилмаслиги керак”, деди ўзини таништиришни истамаган адвокат.
Миробод туман суди раиси Сардор Содиқов эса суд очиқ тарзда бўлиб ўтаётгани боис журналистлар ҳам унга киритилиши мумкинлиги, улар тегишли ҳужжатлар асосида бинога кирганлиги ва агар адвокатлар илтимоснома киритган тақдирдагина уларнинг суд мажлисига киритилиш-киритилмаслиги муҳокама этилишини эслатди.
Суддаги адвокатлардан бири Темур Раҳматов ҳам интернет нашрларининг бирида собиқ вазир Азиз Воитов иши судда кўриб чиқилгани ва 7 йилга озодликдан маҳрум қилингани ёзилганини айтиб, журналистларни нотўғри ахборот тарқатаётганликда айблади. Суд жараёнини ёритишда айбсизлик презумпциясига амал қилиниши шартлигини қўшимча қилган адвокат журналистларнинг иштирокига эътироз билдирди.
Яна бир адвокат журналистларни “бўрттирма ахборотларга ўчлиги”, “ёлғон тарқатувчи”ликда айблади.
Журналистлар эса бундай кенг қамровли суд иши учун жамоатчилик назорати керак экани, барча ахборотлар Олий суд Ахборот хизматига таянган ҳолатда берилиши ҳамда айбсизлик презумпциясига амал қилишига ваъда беришди.
Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг судья Содиқов ОАВ вакилларининг суд мажлисларида иштирок этиш масаласи кейинги суд мажлисида адвокатлар томонидан киритилган илтимосномага кўра кўриб чиқилишини маълум қилди.
Маълумот учун, тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28,209, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
29 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига “гаров“ ва 6 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Ҳулкар Муртазоева