QALAMPIR.UZ дайжести: ҳокимларни жазолаган Турдимов, блокланган ижтимоий тармоқлар, Путинга “тош отган” Байден
Жамият
−
03 Ноябрь 2021
6829Жамият
Шунча йил “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди – Мирзиёев
Кеча, 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида тизим, қаров бўлмагани учун экилган дарахтларнинг кўпи қуриб кетганини, бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилаётганини таъкидлади.
Президент раислигидаги йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Турдимов 3 ҳоким ва 20 нафар ҳоким ўринбосарларига интизомий жазо чораларини қўллади
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида 20 нафар ҳоким ўринбосарларига қатъий огоҳлантириш ва ҳайфсан интизомий чораси қўлланилиши белгиланди.
Маълум бўлишича, ҳоким ва ҳоким ўринбосарларига нисбатан интизомий жазо чораларининг қўлланилиши уларнинг иш самарадорлиги бўйича қайд этган рейтинг натижалари билан боғлиқ.
Бошқа раҳбарлар даврида ҳам бунинг ўзгариши амри маҳол – Комилов қўшнилар билан алоқалар ҳақида
Ўзбекистоннинг яқин қўшни давлатлар билан ўрнатган конструктив, дўстона муносабатлари бошқа раҳбарлар даврида ҳам ўзгармайди.
Жорий йилнинг 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда сўз олган НТВ телеканали журналисти Р.Соболь вазирдан Мирзиёев давридаги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳақида сўради.
Комилов журналистнинг саволига жавоб берар экан, мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўрнатган яқин муносабатларини алоҳида урғулади.
Комилов Ўзбекистон геосиёсий жойлашувининг “минус” томонларини айтди
Денгизларга чиқиш ҳамда транспорт коммуникациялари масалалари Ўзбекистон геосиёсий жойлашувининг муаммоли томонлари ҳисобланади. Марказий Осиё минтақасининг марказида жойлашганлиги эса унинг устунлигидир. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик журналистлар билан суҳбатда айтиб ўтди.
“Шуни тушуниш керакки, Ўзбекистон муайян позицияни эгаллаб турибди. Бир томондан, бу афзаллик – Марказий Осиёнинг марказида жойлашганлиги. Бошқа томондан, бундай ноёб позиция билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд – денгизларга чиқиш, транспорт коммуникациялари ва қўшни давлатлар билан икки томонлама характердаги баъзи ҳал этилмаган муаммолар”, дейди Комилов.
Пахта теримчиларига устама ҳақ тўланади
Кеча, 2 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “2021 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 666-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2021 йил ҳосили учун етиштирилаётган пахта хом ашёсини йиғиб-териб олишга талаб этиладиган маблағлар ва уларнинг манбалари вилоятлар кесимида тасдиқланди.
Молия вазирлигига кластерларга пахта хом ашёсини териб олиш учун йиллик 14% ставкада (шундан 1% банк маржаси) кредит ажратиш мақсадида 6 ой муддатда қайтариш шарти билан "Агробанк" АТБ депозитига 1,6 трлн сўмгача маблағлар жойлаштириш топширилди.
Бош прокуратурага қарши очилган иш бўйича маълумот берилди
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг юрак хуружидан вафот этган жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори Самир Раҳмоновнинг отаси ўғлининг оиласига қонуний нафақа пули тўланмаётгани учун судга даъво киритгани ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент шаҳар судлари Самир Раҳмоновнинг отаси очган даъво бўйича расмий маълумот берди. Унга кўра, даъвогар А.Раҳмонов жорий йилнинг 3 август куни Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан фарзанди вафоти муносабати билан иш жойидан нафақа пули ундириш ҳақидаги даъво аризаси ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги қўшимча даъвоси билан мурожаат қилган.
Содиқ Сафоев Япония императорининг олий ордени билан мукофотланди
Бугун, 3 ноябрь куни Япония ҳукумати 2021 йилнинг кузида император ордени билан мукофотланган чет эллик фуқаролар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам киритилган. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Содиқ Сафоев Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда дўстона муносабатларни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик хизматлари учун “Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени” билан тақдирланган.
Тошкентнинг асосий кўчаларидан бири вақтинча ёпилди
Бугун, 3 ноябрь куни соат 00:00 дан 4 ноябрь куни соат 11:00 га қадар Тошкент шаҳрида бир нечта кўча вақтинча ёпилди.
Қайд этилишича, йўл таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан бугун, 3 ноябрь куни соат 00:00 дан 4 ноябрь куни соат 11:00 га қадар Ислом Каримов кўчасининг Шароф Рашидов кўчаси кесишмасидан Амир Темур шоҳ кўчаси кесишмасигача бўлган қисми транспорт ҳаракатланиши учун вақтинча ёпилган.
Ўзбекистонда “Youtube”, “Facebook”, “Telegram” ва “Instagram” блокланди
Бугун, 3 ноябрь куни Ўзбекистонда Telegram. Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари ва YouTube видеохостинги фаолиятида узилишлар кузатила бошланди.
Бироз ўтиб эса бугун, 3 ноябрдан бошлаб, “Мой Мир”, “Одноклассники”, “Youtube”, “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” ва “Linkedn” каби мессенжер ва ижтимоий тармоқлар ҳам Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилгани маълум бўлди.
Ўзбекистонда оммалашган ижтимоий тармоқларнинг блокланиши ортидан фойдаланувчилар орасида кескин норозилик юзага келди. Натижада кўп ўтмай блокланган платформалар яна одатдагидек ишлашни бошлади.
Олам
“Унинг тундраси ёнмоқда”. Байден Путинни танқид қилди
АҚШ Президенти Жо Байден Римдаги G20 йиғилишида Россия ва Хитой “иштирок этмаганини” таъкидлаб, Россия Президенти Владимир Путин иқлим бўйича нима қилмоқчилиги ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.
Таъкидланишича, Байден Глазгодаги матбуот анжуманида Хитойни танқид қилиб, у ўзини дунё етакчиси деб даъво қилаётганини, лекин G20 каби форумларда қатнашмаслигини ҳам айтган.
“Россияда Путин билан ҳам худди шундай. Унинг “тундраси ёнмоқда”. Унинг тундраси том маънода ёнмоқда. Унинг иқлим билан боғлиқ жуда жиддий муаммолари бор, лекин у бирон иш қилиш истаги ҳақида индамаяпти”, деган Байден.
Шундан сўнг, Кремль ҳам Байденнинг танқидига жавоб қайтарди. Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков шундай деди:
“Тундра ҳақиқатан ҳам ёнмоқда, лекин унутмаслигимиз керакки, Калифорнияда ҳам ўрмонлар ёнмоқда, Туркияда ва дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўрмонлар ёнмоқда. Айнан шулар биз дуч келаётган иқлим ўзгаришининг оқибатлари”.
Унинг сўзларига кўра, Кремль Америка Президентининг танқидига қўшилмайди. Бундан ташқари, Владимир Путин Россиянинг бу йўналишдаги ҳаракатлари ҳақида Байденга шахсан айтиб бера олади.
Нигерияда 22 қаватли бино қулаши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди
Нигериянинг йирик шаҳарларидан бири Лагосда “люкс” квартиралар жойлашиши керак бўлган кўп қаватли бино қулаб тушди. 22 қаватли осмонўпар бино қурилиши давом этаётган эди, уни келгуси йилда фойдаланиш учун топшириш режалаштирилган эди.
Дастлабки маълумотларга кўра, камида 15 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар бедарак йўқолган, қутқарувчилар омон қолганларни қидиришда давом этмоқда.
Имомали Раҳмон Марказий Осиёдаги сув танқислиги ҳақида гапирди
Шу кунгача Тожикистондаги 14 минг музликдан мингдан ортиғи тўлиқ эриб кетди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кеча, 2 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим бўйича конференцияси доирасида ўтказилган икки кунлик саммитда гапирди. У саммитда онлайн тарзда иштирок этди.
“Музликларимиз тез эриб кетмоқда. Шу кунгача Тожикистондаги 14 минг музликдан мингдан ортиғи тўлиқ эриб кетди”, деган Тожикистон раҳбари.
“Толибон” Афғонистонда хорижий валютадан фойдаланишни тақиқлади
Афғонистонда ҳокимият тепасига келган “Толибон” ҳаракати оғир иқтисодий вазият туфайли мамлакатда муомалада бўлган хорижий валютадан фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.
“Мамлакатдаги иқтисодий вазият ва миллий манфаатлар барча афғонлар фақат Афғонистон валютасидан фойдаланишини талаб қилади. Ислом Амирлиги барча фуқаролар, дўкон эгалари ва тадбиркорларга молиявий операцияларда Афғонистон валютасидан фойдаланишда давом этишни ва чет эл валютасидан воз кечишни буюради”, деб хабар берган Мужоҳид.
“Кимченинизм”: Ким Чен Ин отаси ва бобосининг суратларини олдириб ташламоқда
Корея Халқ Демократик Республикасида мамлакатнинг собиқ етакчилари Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирнинг портретлари йўқолиб қола бошлади. Бунга Шимолий Кореянинг амалдаги раҳбари Ким Чен Иннинг буйруғи сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Маълумотларга кўра, Ким Чен Ин ўзини “Буюк етакчи” деб чақиришларини хоҳламоқда. Бунгача унинг бобоси, КХДР асосчиси Ким Ир Сенни шундай чақиришган.
Афғонистонда янги қарама-қаршилик: ИШИД ва “Толибон” ўртасида отишма бошланди
Бугун, 3 ноябрь куни Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилояти маркази Жалолободда кучли портлаш юз берди.
Қайд этилишича, Шабархон оға масжидидан унча узоқ бўлмаган жойда мамлакат ҳокимиятини қўлга киритган “Толибон” аъзоларидан бирининг машинаси портлаб кетган. Ҳозирда қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда.
Маълум қилинишича, айни дамда ИШИДнинг бўлинмаси бўлган “Хуросондаги “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари билан “Толибон” ҳаракати ўртасида отишма давом этмоқда.
Спорт
Роналду МЮда октябрь ойининг энг яхши футболчиси бўлди
“Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Криштиану Роналду клуб мухлислари томонидан октябрь ойининг энг яхши футболчиси, деб топилди.
36 ёшли ҳужумчи 57 фоиз овоз билан биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин дарвозабон Давид Де Хеага насиб этган бўлса, учинчи поғонадан Маркус Рэшфорд жой олди.
Алишер Усмоновнинг жияни “Эвертон” раҳбариятидан кетди
Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Сарвар Исмоилов Англиянинг “Эвертон” клуби директорлар кенгашидан истеъфога чиқди.
“Қарор Исмоилов томонидан қабул қилинган ва дарҳол кучга киради”, дейилади расмий баёнотда.
Биз ютяпмиз, ғалаба рақибга бериляпти – Раҳматжон Рўзиохунов ЖЧдаги мағлубиятлар ҳақида
Сербияда давом этаётган бокс бўйича Жаҳон чемпионати ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди. Кеча, 2 октябрь куни чорак финал баҳслари ўз якунига етди. Ушбу босқичда иштирок этган 6 ўзбекистонлик боксчининг 4 нафари мусобақа билан хайрлашди.
Жумладан, 75 кг вазн тоифасида Саиджамшид Жафаров Таиланд вакили Випарон Жонгжохога қарши рингга чиқиб, жанг давомида катта устунликка эришган бўлса-да, якунда ҳакамлар қарорига кўра 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Терма жамоа катта мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов рақиб боксчисининг қўли баланд кўтарилган пайтда ҳиссиётларини яшира олмади ва беллашувдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
LiveБарчаси