Бошқа раҳбарлар даврида ҳам бунинг ўзгариши амри маҳол – Комилов қўшнилар билан алоқалар ҳақида

Жамият 4125
image

Ўзбекистоннинг яқин қўшни давлатлар билан ўрнатган конструктив, дўстона муносабатлари бошқа раҳбарлар даврида ҳам ўзгармайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик журналистлар билан суҳбатда таъкидлади

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда сўз олган НТВ телеканали журналисти Р.Соболь вазирдан Мирзиёев давридаги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳақида сўради. 

Комилов журналистнинг саволига жавоб берар экан, мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўрнатган яқин муносабатларини алоҳида урғулади. 

“Бу, биринчи навбатда, яқин қўшнилар билан конструктив, дўстона муносабатларни шакллантириш, яратиш ва мустаҳкамлашдир. Яъни, биринчи навбатда, умумий чегарага эга бўлган қўшниларимиз билан. Булар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва, албатта, Афғонистон. Буларнинг барчаси чуқур, фундаментал жараёнлар ва миллий манфаатларимизни ифодалайди. Шунинг учун, келажакда, бошқа раҳбарлар даврида, бунинг (қўшни давлатлар билан яқин алоқалар) кескин ўзгариши амри маҳол. Чунки бу (яқин қўшничилик сиёсатининг ўзгариши) Ўзбекистон барқарорлигига, мамлакатнинг миллий ва давлат манфаатларига, иқтисодиётимиз ривожига жавоб бермайди”, дейди Комилов.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 153
Рейтинг: 3
t
×