Нигерияда 22 қаватли бино қулаши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди (фоторепортаж)

Олам 2773
image

Нигериянинг йирик шаҳарларидан бири Лагосда “люкс” квартиралар жойлашиши керак бўлган кўп қаватли бино қулаб тушди. 22 қаватли осмонўпар бино қурилиши давом этаётган эди, уни келгуси йилда фойдаланиш учун топшириш режалаштирилган эди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда. 

Дастлабки маълумотларга кўра, камида 15 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар бедарак йўқолган, қутқарувчилар омон қолганларни қидиришда давом этмоқда. 

Таъкидланишича, Лагосда кучли ёмғир тун бўйи давом этган, бироқ қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли тун бўйи фонар нурида ишлаган. Омон қолган 9 киши аллақачон топилган. Қутқарувчилар вайроналар остидан овозлар эшитилаётганини айтмоқда. 

Қариндошлар интиқлик билан бинода бўлган яқинларининг тақдири ҳақидаги хабарни кутмоқда. Қурилиш майдончасида аниқ қанча одам ишлагани маълум эмас, бироқ гувоҳларнинг сўзларига кўра, 40 кишигача бўлиши мумкин. Аввалроқ 100 га яқин ишчи бедарак йўқолган бўлиши мумкинлиги хабар қилинган. 

Қайд этилишича, маҳаллий расмийлар фожиа сабабларини ўрганмоқда ва тергов якунида барча маълумотларни оммага эълон қилишга ваъда бермоқда. 

Нуфузли Икойи туманида қурилаётган, “люкс” квартиралар жойлашиши керак бўлган ҳашаматли турар-жой биноси жорий йилнинг 1 ноябрь куни тушдан кейин қулаб тушган. Бу 360 Degrees Towers деб номланган мажмуанинг бир қисми бўлиб, апартаментлар, пентҳауслар ва таунҳаусларни ўз ичига олган, ундаги энг арзон квартира 1,2 миллион долларга баҳоланган. 

Кўчмас мулк Буюк Британия ва АҚШдан тортиб Жанубий Африка ва Нигериягача бутун дунё бўйлаб қурилиш лойиҳаларини амалга оширган девелопер сайтида реклама қилинган. Бу сайт ҳозирда очилмаяпти. 

Қурувчи Эрик Тетехнинг айтишича, унинг жамоаси қурилиш майдончасига экскаватор келишини кутаётган бўлган, бино эса бирдан қулаб тушган. 

“Акам ва мен тирик қолдик, лекин у ерда одам кўп эди, юздан ортиқ”, деган у. 

Ўз навбатида, қурилиш майдончаси рўпарасидаги офисда бўлган гувоҳларнинг айтишича, улар баланд овозни эшитиб, деразадан ташқарига қараган ва бино қаватма-қават қулаб тушганини кўрган. 

Қайд этилишича, фожиа содир бўлган жойга етиб келган Лагос мэри ўринбосари Феми Хамзатни ғазабланган оломон кутиб олган ва улар расмийларни қутқарув операцияси бошланишини кечиктираётганликда айблаган. 

Айрим маълумотларга кўра, қулаган бино режалаштирилган баландликдан бир неча қават баландроқ бўлган. 

Сўнгги йилларда Лагосда бир нечта шунга ўхшаш қулаш ҳодисалари бўлган. 2019 йилда мактаб биноси қулаши оқибатида 10 киши ҳалок бўлган. 2014 йилда таниқли евангелист томонидан ўтказилган маросим пайтида олти қаватли бино қулаб тушган ва 116 киши ҳалок бўлган. 

Нигерияда қурилиш ишлари сифати паст бўлган ва Лагос ҳукумати яқинда қурилиш соҳаси учун сертификатлашнинг янги, қатъий тизимини йўлга қўйганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 72
Рейтинг: 3.1
t
×