Шакар, нон, “свет”, маймун чечаги... Ҳафтани тебратган воқеалар
Таҳлил
−
05 Июнь 2022
13856QALAMPIR.UZ дайжестида якунланаётган ҳафта давомида содир бўлган кўплаб муҳим ва муҳокамаларга сабаб бўлган хабарлар тафсилотлари билан танишинг. Нархи ошган шакар ва “буханка”, қиматлаши кутилаётган "свет" ва газ нархи, жонли эфирда тадбир залидан ҳайдалган журналист, АҚШ элчиси берган кутилмаган баёнот, одамларни тупуриб даволаган сохта “табиб” шулар жумласидан.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лола Муродова вафот этди
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов, Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Ҳайитов марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Номаълум шахс “Мона Лиза” асарига ҳужум қилди
Париждаги Лувр музейига ташриф буюрган шахс Леонардо да Винчининг “Мона Лиза” номи билан машҳур асарига торт улоқтирди.
Маълумотларга кўра, ушбу шахс оломон орасида бўлган ва машҳур картинага торт улоқтирган. Шундан сўнг маданият муассасаси қўриқлаш хизмати торт улоқтирган шахсни ҳайдаб юборган ва музей ходимлари бинони тозалашга киришган.
Эркин Воҳидовнинг қизи журналистни жонли эфирда залдан чиқариб юборди
Жорий йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбир оммавий ахборот воситалари ва журналистга нисбатан ҳурматсизлик билан ёдда қолди. Ўзини марҳум шоирнинг кенжа қизи деб таништирган аёл жонли эфирда тадбирни ёритаётган журналист ва унинг суҳбатдошини залдан қувиб чиқарди. Ҳолат тўғридан-тўғри “Маданият ва маърифат” телеканали орқали эфир юзини кўрди.
Гап шундаки, уюшмада шоир хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбир жонли эфирда ёритиб борилган. Журналист суҳбатдоши Фарғонадаги Эркин Воҳидов ижод мактаби ўқитувчиси Ўктамой Солиевага жонли эфирда савол билан юзланаётганда, орқа тарафдан бир аёл келиб, уларни қўлидан тортиб, ташқарига чиқарган, кўп ўтмай “Маданият ва маърифат” телеканали жонли эфири узилган.
Ҳозиргача хотира кечасининг асосий ташкилотчиси бўлган Ёзувчилар уюшмаси тадбирда шоирнинг фарзанди қилган хатти-ҳаракатларга муносабат билдирмади.
1 июлдан Ўзбекистонда газ ва “свет” нархи ошади ва улар учун норма ўрнатиш режалаштириляпти
Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб аҳолига газ ва электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилиниб, аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, лимитдан ортган электр энергиянинг ҳар 1 кВт соати учун – 650 сўм, 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм этиб белгилаш режалаштирилмоқда.
Суюлтирилган газ эса аҳоли учун – 1 600 сўм миқдорида белгиланмоқда.
Хафсизлик камарини тақмаган йўловчи ҳам жаримага тортиладими?
Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчининг ёнидаги йўловчига хавфсизлик камарини тақмагани учун жарима қўлланилаётгани ҳақида хабарлар тарқалиб, мунозаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу баҳсли вазиятга Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ахборот хизмати катта мутахассиси Шодмон Сафаров изоҳ берди.
Қайд этилишича, амалдаги қоидаларга кўра, хавфсизлик камарини тақмаганлик бўйича фақат ҳайдовчига нисбатан жарима қўлланилмоқда, йўловчиларга чора кўриш бўйича эса қонунчиликка таклифлар киритилган.
Тошкентда “буханка” қимматлашди
Жорий йилнинг 1 июнидан Тошкентдаги озиқ-овқат дўконларида қолипли нон (“буханка”) нархи ошди ва 2800 сўмдан сотила бошлади. Бунгача "буханка" 1600 сўмдан аҳолига етказиб берилаётганди.
Бундан олдин Молия вазирлиги департамети мудири буғдойни биржада сотиш бошланиши қолипли нон нархига таъсир қилиш ва у 2800 сўмгача қимматлаши мумкинлигини айтганди.
“Истанбул режаси”. Дунё бўйича буғдой инқирозини ҳал қилишнинг чораси топилди
Россия, Туркия, Украина ва БМТ Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлакнинг ишлашини таъминлайдиган йўл харитаси – Истанбул режасини тайёрлади.
Маълумотга кўра, Истанбулда ташкил этилаётган дон экспорти маркази БМТ билан келишилган ҳолда Туркия воситачилигида Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солади.
Истанбулдаги мувофиқлаштириш марказининг ишга туширилиши Украина портларидан жаҳон бозорларига 20 миллион тонна донни экспорт қилиш имконини беради.
Сердар Бердимуҳамедов ўғли билан Умра зиёратини адо қилди
Жорий йилнинг 1 июнь куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Умра (кичик ҳаж) зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига борди. Бу Сердар Бердимуҳамедовнинг Туркманистон Президенти лавозимига киришганидан кейин биринчи хорижий ташрифидир.
Уни отаси, Халқ Маслаҳати Миллий Генгеши раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, парламент раиси, мамлакат Бош вазири ўринбосарлари ва муфтийлар кутиб олди.
Туркманистон Президенти ва делегация аъзолари масжидга бориб, у ерда намоз ўқиб, сўнг Умра учун зарурий маросимларни адо этган. Президент Сердар Бердимуҳамедовга теперрик (Каъбапўшдан парча) совға қилишган.
АҚШ элчисидан кутилмаган баёнот: “Ўзбекистон аслида паст баҳо олган”
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Тошкентдаги Вебстер университетида журналистлар билан ўтган учрашувда жорий йилнинг апрель ойида, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 2022 йилдаги жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилганини кўриб ҳайратланганини, аслини олиб қаралса, Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни юқориламаган, аксинча, пасайганини айтди.
“Ўзбекистон олган баҳо – мамлакат рейтингини баҳолаш учун берилган сон – 2022 йилги жаҳон матбуот эркинлиги кўрсаткичида 2021 йилдагидан пасайди. У 2021 йилда 49,26 бўлган бўлса, 2022 йилда 45,74 га тушди. Такрор айтмоқчиманки, Ўзбекистон олган баҳо пасайди. Яъни, “воқеа ортидаги асл воқеа” ана шу эди.
Миришкор тумани ҳокими ўринбосари ЙТҲда ҳалок бўлди
Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Бекзод Боборажабов йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Шоҳруҳ Ғиёсовга кўра, воқеа 1 июнь куни соат тахминан 3:20да Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳудудида содир бўлган. Мазкур ҳудуддан ўтган йўлда Gentra ва Hovo юк машинаси тўқнашган.
Оқибатида Gentra’да йўловчи сифатида кетаётган Бекзод Боборажабов вафот этган. Машинада бўлган яна икки киши тан жароҳати олган.
Имомали Раҳмон Ўзбекистонга сафар қилди
Жорий йилнинг 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон расмий ташриф билан Тошкентга келди.
Тошкент халқаро аэропортида уни Президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон тарихий аҳамиятга эга Абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияни имзолади.
3 июнь куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунланди. Имомали Раҳмон Душанбега жўнаб кетди.
Меркель Россия-Украина урушида илк бор кимнинг тарафидалигини очиқлади
Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель Украина билан бирдамлигини билдириб, мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни “чуқур бурилиш нуқтаси” деб атади. Бу Германия ҳукумати собиқ раҳбарининг Россия Украинага бостириб кирганидан бери биринчи оммавий изоҳидир. Можаро ҳақидаги аввалги баёнотлар Меркель номидан унинг идораси вакиллари томонидан тарқатилган.
“Мен Россия томонидан ҳужумга учраган Украина билан бирдамман ва уларнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайман”, дейди Меркель Германия касаба уюшмалари ассоциацияси раҳбари Райнер Хоффманнинг истеъфога чиқиши муносабати билан ўтказилган тадбирда 200 дан ортиқ меҳмонларга юзланиб.
Европа Иттифоқи давлатлари Россияга қарши санкцияларнинг янги пакетини, жумладан, Россия нефтининг импортини расмий тақиқлашни маъқуллади
Унга кўра, Россиянинг нефт-газ секторига хизматлар кўрсатиш ҳам тақиқланади.Санкциялар пакети рўйхатидан 18 юридик ва 65 жисмоний шахс ўрин олди.
Бундан ташқари, Россиянинг учта банки, жумладан, Сбербанк ва бир Беларусь банки SWIFT халқаро тўлов тизимидан чиқарилади.
ЕИ Кенгаши баёнотига кўра, Европа Иттифоқи санкциялари остидаги россиялик жисмоний шахсларнинг умумий сони 1158 нафарга, юридик шахслар эса 98 нафарга етган.
Тошкент вилоятида одамларни тупуриб даволаётган “табиб” кимлиги аниқланди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида одамларни тупуриб даволайдиган табиб пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўрганишлар давомида видео тасвирдаги “табиб” – Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган фуқаро (чорвачилик билан шуғулланувчи шахс) экани ва у табиблик борасида маълумотга эга эмаслиги аниқланган.
Путин Сталиннинг қарорини тикламоқчи
Россия ҳукумати совет даврида мавжуд бўлган “Қаҳрамон она” фахрий унвонини қайта тиклаш, шунингдек, бу мукофотни қўлга киритган аёллар учун 1 миллион рубль миқдорида бир марталик тўловни белгилаш ниятида. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “Ота-она фахри” ордени билан тақдирланган кўп болали оилалар билан учрашувда айтиб ўтди.
"Қаҳрамон она" унвони Совет Иттифоқининг энг юқори даражаси бўлиб, болалар туғилиши ва тарбиясидаги хизматлари учун аёлларга берилар эди. Эътиборлиси, бу унвон миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган Иккинчи жаҳон уруши йилларида таъсис этилган.
1995 йил 1 январь ҳолатига кўра, 431 мингга яқин аёл “Қаҳрамон она” ордени билан тақдирланган.
Россияда ИШИДни молиялаштирган Ўзбекистон фуқароси қамалди
Россия ҳарбий суди Ўзбекистон фуқаросини ИШИД халқаро террорчилик ташкилотини молиялаштирганликда айблаб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди.
Қайд этилишича, у 2013 йилдан буён Афғонистон ва Покистондаги халқаро террорчилик ташкилоти лагерларига жангариларни юбориш ва ўтказишда иштирок этгани учун Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан халқаро қидирувга берилган.
2021 йилда ИШИДни молиялаштиришда айбланиб, Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган.
Ўзбекистонда шакар нархи ошиб кетаётганига вазирлик расмий изоҳ берди
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Матбуот хизмати шакар нархи бўйича муносабат билдирди.
Вазирликнинг Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра билдиришича, бугунги кунда ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9 500 – 13 000 сўм доирасида шаклланмоқда, шунингдек, айрим савдо нуқталарида шакар нархининг 14 000 сўмгача кўтарилгани кузатилмоқда.
Қайд этилишича, шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёқилғи ресурслари нархларининг ўсиши таъсир кўрсатмоқда.
Кассир харидорлар чеки билан 16,5 млн сўм кешбэк тўплагани аниқланди
Харидорлар чекини рўйхатдан ўтказиб 16,5 млн кешбэк тўплаган “уддабурон кассир” аниқланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Фуқаро Б.Р апрель ойида 443 та 1,8 млрд сўмлик чекларни рўйхатдан ўтказиб 18 183 656 сўм кешбэк тўплаган. Шундан, 1,6 млрд сўмлик 152 та чеклар "АА" корхонасидан олинган бўлиб, уларга 16 485 000 сўмлик кешбэк ҳисобланган.
Ўрганиш натижасида ушбу фуқаро “АА” корхонасида кассир лавозимида ишлаши маълум бўлган ва рўйхатдан ўтказилган чеклар шубҳали бўлгани сабабли ҳисобланган 16 485 000 сўмлик кешбэк суммалари бекор қилинди.
Ўзбекистон маймун чечаги кирмаслиги учун нима қиляпти?
Ўзбекистонда ҳозирча маймун чечаги билан касалланиш ҳолати қайд этилмади. Бу ҳақда Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Касаллик бўйича шифокор ва тиббиёт ходимларига замонавий билим, халқаро миқёсда эришилган илғор тажриба, кўникмаларни ва тадқиқот натижаларини етказиш ҳамда шу йўл билан қарши кураш чоралари, унинг эпидемиологик назорати, даволаш усуллари, профилактикаси сифатини яхшилаш ҳамда ушбу инфекциянинг одамларга бўлган хавфини камайтириш мақсадида “Маймун чечаги услубий қўлланмаси” лойиҳаси тайёрланган.
LiveБарчаси