Путин Сталиннинг қарорини тикламоқчи
Олам
−
01 Июнь 2022
39303Россия ҳукумати совет даврида мавжуд бўлган “Қаҳрамон она” фахрий унвонини қайта тиклаш, шунингдек, бу мукофотни қўлга киритган аёллар учун 1 миллион рубль миқдорида бир марталик тўловни белгилаш ниятида. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “Ота-она фахри” ордени билан тақдирланган кўп болали оилалар билан учрашувда айтиб ўтди.
Давлат раҳбари май ойи охирида бўлиб ўтган Давлат кенгаши Президиуми йиғилиши якунлари ҳақида гапирар экан, Россия ҳукумати “Кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қоидаларини жиддий янгилаш ва кенгайтиришга келишиб олганини таъкидлади.
“Жумладан, мен буни алоҳида таъкидламоқчиман – Совет давридагидек, “Қаҳрамон она” фахрий унвонини қайтаришни хоҳлайман”, деди Путин.
Унинг қайд этишича, "Қаҳрамон она" фахрий унвони билан тақдирланадиган оналарга бир миллион рубль миқдорида бир марталик нафақа тўланади.
Давлат кенгаши Президиумининг сўнгги йиғилишида Москвадаги кўп болали оилалар ҳудудий жамоат ташкилоти раиси Наталяь Карпович Россияда “Қаҳрамон она” унвонини қайта тиклашни таклиф қилганди. Кейинчалик, худди шу фикрни Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова қўллаб-қувватлади. У кўплаб совет оилаларида бундай медал борлигини айтди. Хусусан, Голикованинг қўшимча қилишича, унинг иккала бувиси ҳам шундай мукофотга сазовор бўлган ва у билан доимо фахрланишган.
“Қаҳрамон она” медали Иосиф Сталин даврида СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1944 йил 8 июлдаги қарори билан таъсис этилган. “Қаҳрамон она” унвони тўғрисидаги низомга кўра, орден 10 ва ундан ортиқ бола туғган ва тарбиялаган оналарга берилган.
"Қаҳрамон она" унвони Совет Иттифоқининг энг юқори даражаси бўлиб, болалар туғилиши ва тарбиясидаги хизматлари учун аёлларга берилар эди. Эътиборлиси, бу унвон миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган Иккинчи жаҳон уруши йилларида таъсис этилган. Фронтларда ҳалок бўлган эркакларнинг аксарияти ёшлар ва ўрта ёшлилар эди. Мамлакат аҳолиси сезиларли даражада камайди. “Қаҳрамон она” унвони ва шу номдаги орденнинг киритилиши мамлакатга ўша даврда ёшлар, коммунизм қурувчиларининг янги авлоди нақадар зарур эканлигини кўрсатди.
"Қаҳрамон она" фахрий унвони биринчи марта СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1944 йил 27 октябрдаги Фармони билан берилган. Мазкур Фармон билан “Қаҳрамон она” унвони билан тақдирланган ўн тўрт нафар аёл орасида 1-сонли “Қаҳрамон она” ордени ва СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1-сонли дипломи 12 болани тарбиялаган Москва вилояти, Мамонтовка қишлоғидан резидент Алексахина Анна Савельевна тақдирланди. Мукофот унга 1944 йил 1 ноябрда Кремлда топширилган.
СССР тарихида охирги марта "Қаҳрамон она" унвонини бериш СССР Президентининг 1991 йил 14 ноябрдаги фармонига мувофиқ амалга оширилди.
1995 йил 1 январь ҳолатига кўра, 431 мингга яқин аёл “Қаҳрамон она” ордени билан тақдирланган.
LiveБарчаси