Эркин Воҳидовнинг қизи журналистни жонли эфирда залдан чиқариб юборди (видео)
Маданият-санъат
−
31 Май 2022
67140Кеча, 30 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбир оммавий ахборот воситалари ва журналистга нисбатан ҳурматсизлик билан ёдда қолди. Ўзини марҳум шоирнинг кенжа қизи деб таништирган аёл жонли эфирда тадбирни ёритаётган журналист ва унинг суҳбатдошини залдан қувиб чиқарди. Ҳолат тўғридан-тўғри эфир юзини кўрди.
Гап шундаки, уюшмада шоир хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбир “Маданият ва маърифат” телеканали орқали жонли эфирда ёритиб борилган. Бунга эса журналист Дилрабо Акромова масъул бўлган. У тадбир маҳобати, шоир хотирасига кўрсатилаётган ҳурматни ўз лавҳасида акс эттириш, томошабинга вазиятни кафтдек намоён қилиш мақсадида интервьюларни айнан тадбир ўтаётган залда, таъбир жоиз бўлса меҳмонлар ва томошабинлар фонида олган. Бу эса дунёнинг барча телеканалларида учрайдиган тажриба.
Журналист айни орқа фонда томошабинлардан фойдаланган ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммаддан интервью олган. Унинг кейинги суҳбатдоши эса Фарғонадаги Эркин Воҳидов ижод мактаби ўқитувчиси Ўктамой Солиева эди. Журналист суҳбатдошига жонли эфирда савол билан юзланаётганда, орқа тарафдан бир аёл келиб, уларни қўлидан тортиб, ташқарига чиқарган, кўп ўтмай “Маданият ва маърифат” телеканали жонли эфири узилган. Журналист Акромова бу ҳақда Facebook’даги саҳифасида шундай ёзади:
“...жонли эфир бошланди. Аммо бу жонли репортажга биз эмас Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қахрамони Эркин Воҳидовнинг "кичкина қизи" якун ясади. Суҳбатдошим Ўктамой Солиева ва мени жаҳл ортига беркинган "чиройли" табассуми билан кадрдан тортиб чиқариб юборди. Фойега чиқиб, унга “жонли эфирда эдик, бизни минглаб томошабин кўраётган бўлиши мумкин, нега ундай қилдингиз?”, деган саволимга "Мени кимлигимни билмайсизми: Мен Эркин Воҳидовни қизиман,Фозила Воҳидоваман, жонли эфирларинг ва уни ким кўраётганлиги мени қизиқтирмайди" (менга ҳамма нарса мумкин дегандек) деган жавоб олдик. Холбуки, биз тадбир жараёнига ҳам, йиғилганларга хам халақит бермаётган эдик. Тадбир маҳобатини томошабинга ҳис эттириш мақсадида биз зал четидан жонли репортаж қилаётган эдик. Вазиятни кўриб ёрдамга шошилган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашевга бизни камера билан кўчага отиб юборишларини, "чеҳрамизни" бу тадбирда кўришни истамаслигини айтиб, тадбирга кириб кетди. Муносабат ўзингиздан азизлар! Мени ўйлантиргани шоир фарзандининг этикаси, маданияти, томошабинларга, журналистга муносабати”.
Ҳозиргача хотира кечасининг асосий ташкилотчиси бўлган Ёзувчилар уюшмаси тадбирда шоирнинг фарзанди қилган хатти-ҳаракатларга муносабат билдирмади. Аслида эса бундай тадбирларга журналист ва у ерда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларини таклиф қилиш, уларга муносиб шароит яратиш ташкилотчиларнинг вазифаси. Жумладан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳам, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳам жонли эфирда журналистга нисбатан қилинган ҳурматсизликка жим турибди.
LiveБарчаси