АҚШ элчисидан кутилмаган баёнот: “Ўзбекистон аслида паст баҳо олган”
Жамият
−
01 Июнь 2022
57618Ўзбекистоннинг “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Сўз эркинлиги индекси бўйича 2022 йилги рейтингида 180 давлат орасида ўз ўрнини ўтган 2021 йилдагига нисбатан 24 ўринга яхшилаб, 133-ўринга кўтарилиши эркин ва мустақил ОАВ учун шароит яхшилангани ва ё журналист ва блогерларга нисбатан муносабат билан алоқадор эмас. Аслини олиб қаралса, Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни юқориламаган, аксинча, пасайган. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Тошкентдаги Вебстер университетида журналистлар билан ўтган учрашувда сўз очган.
Элчи жорий йилнинг апрель ойида, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 2022 йилдаги жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилганини кўриб ҳайратланганини айтади.
“Рейтинг ҳақидаги бу янгиликнинг Ўзбекистонда қандай ёритилгани мен учун жуда қизиқ бўлди: кўплаб ОАВлари Ўзбекистон рейтингда 24 поғона юқорилаганини маълум қилишди ҳамда буни мамлакатда ОАВлари учун яратилган эркинроқ муҳит натижасида Ўзбекистон эришган ютуқнинг халқаро доирадаги эътирофи, дея таъкидлаган Президент матбуот котиби жаноб Асадов ва ёш ОАВларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раиси жаноб Алламжоновдан иқтибос келтиришди. Адолат нуқтаи назаридан, жаноб Алламжонов вазият янада яхшиланиши мумкинлигига ишора қилиб, “агар матбуот фаолиятига камроқ аралашилса, янада юқорига кўтарилиш учун имконимиз бор”, деди.
Ўзбекистон ташқарисидаги баъзи оммавий ахборот воситалари эса бу воқеа ортида кўзга ташланмаётган бир нарса борлигини таъкидлади. Яъни “юзаки воқеа ортида яширинган ҳақиқий воқеа” мавжуд эди. Ўйлайманки, профессионал журналистларнинг иши ўша “ҳақиқий воқеа” нима эканини топиш ва у ҳақда хабар бериш, деган фикрга барчангиз қўшиласиз.Гап шундаки, Ўзбекистоннинг ҳалиги рейтингда юқорига кўтарилишини тушунтириш учун мураккаброқ сабаб мажуд, бунинг эса эркин ва мустақил ОАВ учун шароит яхшилангани ва ё журналист ва блогерларга нисбатан муносабат билан алоқаси йўқ. Гап шундаки, 2022 йилги жаҳон матбуот эркинлиги индекси учун “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти мамлакатларни баҳолаш методологиясини бутунлай ўзгартирганди. У матбуот эркинлигини баҳолашда бешта янги кўрсаткични жорий қилди ва ушбу кўрсаткичларнинг ҳар бири бўйича маълум бир мамлакатга оид натижаларни ўлчаш учун янгича сўров турларидан фойдаланди.
Методологиянинг бундай ўзгариши натижасида кўплаб мамлакатларнинг ўрни ё юқорига, ё қуйига ўзгариб кетди. Шу боис, 2021 ва 2022 йилги рейтингларни мазмун жиҳатидан таққослаш жуда мураккаб, балки имконсиздир”, дейди Дэниел Розенблюм.
Ўзбекистон глобал рейтингда 45,74 балл тўплаган ва вазият мураккаб мамлакатлар қаторига қўшилган. Бу ҳақда гапираркан, Розенблюм, аслида Ўзбекистоннинг баҳоси юқори эмас, паст бўлганини урғулайди.
“Ўзбекистон олган баҳо – мамлакат рейтингини баҳолаш учун берилган сон – 2022 йилги жаҳон матбуот эркинлиги кўрсаткичида 2021 йилдагидан пасайди. У 2021 йилда 49,26 бўлган бўлса, 2022 йилда 45,74 га тушди. Такрор айтмоқчиманки, Ўзбекистон олган баҳо пасайди. Яъни, “воқеа ортидаги асл воқеа” ана шу эди.
Элчи сўзида давом этаркан, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 2022 йилдаги жаҳон матбуот эркинлигига оид ҳисоботидан Ўзбекистон ҳақида билдирилган фикрлардан иқтибос келтирган:
“Ҳукумат асосан оммавий ахборот воситаларини, шунингдек, ҳукумат билан яқин алоқада бўлган бир қатор блогерларни кенг назорат қилади... Ҳукумат ҳалигача ОАВни репрессия қилишга имкон берувчи қонунларни бекор қилиш учун зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширмади... Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалган... Расмийлар буни иқтисодий босим ўтказиш ва журналистларни коррупциялаштиришга уриниш амалиётига айлантирмоқда... Охирги қамоққа олинган журналистлар озод этилди, аммо реабилитация қилинмади... Блогерлар таҳдидга учраб, ҳибсга олинди”.
LiveБарчаси