Фермерларни ҳақоратлаган ҳоким, “UzAutoMotors“нинг ёнган машиналари, судланаётган “замҳоким” – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
13 Декабрь 2021
18299Жамият
Болаларга нисбатан уятсиз ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди
Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш ҳамда унга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш ҳолатлари учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Бу ҳақда “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланди.
Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмига мувофиқ шахснинг 16 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш:
• 480 соатгача (илгари – 360 соатгача) мажбурий жамоат ишлари;
• ёки 3 йилгача (илгари – икки йилгача) ахлоқ тузатиш ишлари;
• ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
• ёки 1 йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Тошкентда автобус ва метрода йўлкира нархи оширилмоқда
2022 йилнинг 1 январидан Тошкентда автобус ва метрополитенда йўлкира нархи оширилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг “Янги тарифлар жорий қилиниши тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Қарорга кўра, 1 январдан Тошкент шаҳри ҳудудида шаҳар йўловчилар транспорти - автобус ва метрополитенда қатновлар амалга ошириш учун чекланган тарифлар:
а) бир йўловчи учун – 1 700 (бир минг етти юз) сўм;
б) бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун - 3 000 (уч минг) сўм этиб белгиланади.
Зойир Мирзаев 28 млрдга ҳайкал қуриш лойиҳасини бекор қилди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биносининг қурилишини бекор қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Ҳоким фармойиши билан вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил III чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан вилоят ҳокимининг (собиқ ҳоким Даврон Ҳидоятов) 2021 йил 3 ноябрдаги 179-10-0-Ф/21-сонли фармойишига мувофиқ ажратилган 34 400 000,0 минг (ўттиз тўрт миллиард тўрт юз миллион) сўм вилоят маҳаллий бюджетига тикланди.
12 соатдан ортиқ давом этган операцияда она фарзандига жигарини берди
Куни кеча академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида илк бор Кароли синдромига чалинган беморда мураккаб жигар кўчириш операцияси ўтказилди. Ушбу жарроҳлик амалиёти хирург, профессор Миршавкат Акбаров бошчилигидаги ўзбекистонлик шифокорлар томонидан мустақил амалга оширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
12 соатдан ортиқ давом этган жарроҳлик амалиётида Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Работ маҳалласида яшовчи 18 ёшли бемор — Ферузбек Шамсиддиновга 44 ёшли онаси Гулчеҳра Йўлдошеванинг жигаридан бир бўлаги кўчириб ўтказилди.
Пойтахт ИИББ тизимида тўрт мансабдор “учди”
Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосари, шунингдек, Янгиҳаёт ва Шайхонтоҳур туманлари ИИО ФМБ бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Тошпўлатов жорий йил 11 ойлик натижалари бўйича танқидий руҳда йиғилиш ўтказган. Унда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда қатор камчиликларга йўл қўйгани учун Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосари, шунингдек, Янгиҳаёт ва Шайхонтоҳур туманлари ИИО ФМБ бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Янги йил байрамида ўзбекистонликлар 5 кун дам олиши мумкин
Ўзбекистонда Янги йил байрами муносабати билан барча ходимлар кетма-кет 5 кун дам олиши мумкин. Бу ҳақда Президентнинг “2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармони лойиҳасида келтирилган.
Фармон лойиҳасига кўра, 2022 йилда 3 январь – душанба, 4 январь – сешанба қўшимча дам олиш куни этиб белгиланиши кутилмоқда. Фармон қабул қилинса, ўзбекистонликлар Янги йил байрами муносабати билан кетма-кет 5 кун – 31 декабрдан 4 январгача дам олади.
Баҳодир Жалоловнинг оиласи оғир жудоликка учради
Бугун, 13 декабрь куни ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалоловнинг бобоси вафот этди. Бу ҳақда спортчининг ўзи Instagram саҳифасида маълум қилди.
“Жойингиз жаннатдан бўлсин бобожон! Отамдан қолган ёдгорим оламдан ўтдилар. Яқинлар, бобомнинг хақларига дуо қилиб қўйинглар!” дея ёзган Жалолов.
Хатирчи “замҳоким”и ишдан олинди. Унга жиноят иши очилган
Хатирчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Воҳид Авлонов лавозимидан четлатилди. Унга нисбатан жиноят иши очилган. Бу ҳақда туман ҳокимининг тегишли фармонида келтирилган.
Қайд этилишича, Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Воҳид Авлонов жорий йилнинг 25 ноябридан лавозимидан четлатилган.
“Товуқ мия, ҳезалак”. Янгибозор ҳокимининг фермерларни ҳақоратлаган аудиоси тарқалди
Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Янгибозор тумани ҳокими Ўктамбой Қурбонов экани айтилаётган шахснинг фермерларни ҳақорат қилгани ёзилган аудио тарқалди. Аудиода ҳокимнинг бажарилмаган ишларни қоғозда “бажарилди” деб кўрсатиб келгани айтилган.
“О-о-о товуқ мия, нимага чақирганимда ёнимга келмадинг, нимага чақирган эдим сени? Буғдой қани? Бажармасанг... (ҳақорат қилган – таҳр.) Бажармаганингни бажартириб, бўйнимга олиб турибман. Ҳезалаклар! Мен бўйнимга олиб, 105 фоиз қилинглар, дедим. Яхши гапни тушунмайдиган тўнғиз. Нима қилиш керак ишлашларинг учун, айт нима керак?”, дейди туман ҳокими экани айтилган ҳақоратлар билан.
Олам
Путин Россия ядровий иншоотларига кирган АҚШ агентлари ҳақида гапирди
1990-йилларда АҚШ махсус хизматлари агентлари Россия ядровий иншоотларида бўлган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин маълум қилди.
“Америка махсус хизматлари Россиянинг ҳамма жойига борди, ҳатто ядровий комплекснинг баъзи корхоналарида ҳам бўлишди”, деган Президент “Россия. Яқин тарих” ҳужжатли фильми учун берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, уларнинг ядровий иншоотларда бўлиши ҳукуматлараро келишув асосида келишилган.
Путин СССРнинг парчаланишини фожиа деб атади
Россия Президенти Владимир Путин СССРнинг парчаланишини фожиа, тарихий Россиянинг қулаши сифатида қабул қилишини айтди. Давлат раҳбарининг бундай баҳоси “Россия-1” телеканали эфирида “Россия. Янги тарих” фильмида янграган.
“Бу мамлакат фуқароларининг мутлақ кўпчилиги учун фожиа. Ахир, Совет Иттифоқининг қулаши нима? Бу Совет Иттифоқи номи остидаги тарихий Россиянинг парчаланиши”, деган Путин.
Россияда "UzAutoMotors" автомобиллари ёниб кетди
Ижтимоий тармоқларда кеча, 12 декабрь куни Chevrolet автомобилларини олиб кетаётган автотрейлернинг ёнаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан “UzAutoMotors” АЖ Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, воқеа Россиянинг Москва вилояти ҳудудида автомобилларни мижозга олиб ўтиш вақтида юз берган. Барча ташилган автомобиллар суғурталанган бўлиб, улар россиялик мижозга тегишли бўлган.
Ўзбекистонликлар кўп саёҳат қиладиган яна бир давлатда коронавирус аниқланди
Туркияда олти кишида коронавируснинг “omicron” штамми аниқланди. Бу ҳақда Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кожа маълум қилди.
“Туркияда олти кишида “omicron” штамми аниқланди.Бир киши Истанбулда ва беш киши – Измирда”, деган Кожа.
Соғлиқни сақлаш вазири айтишича, “omicron”га чалинган фуқаролардан ҳеч бирига шифохонага ётиб даволаниш талаб этилмайди.
“Коинот гўзали – 2021” гўзаллик танлови ғолиби аниқланди
Кеча, 12 декабрь куни “Коинот гўзали – 2021” халқаро гўзаллик танловининг ғолиби аниқланди. У ҳиндистонлик 21 ёшли Ҳарнааз Сандху бўлди. Бу ҳақда “TV line” хабар бермоқда.
Бу йил мазкур гўзаллик танлови илк бор Исроилда бўлиб ўтди. Унда 80 мамлакатдан 80 нафар қиз иштирок этди. Финал жаҳоннинг 170 дан ортиқ давлатида жонли эфирда намойиш этилди.
Спорт
Москвада Ўзбекистон ва Қирғизистон ММА жангчилари катта жанжал уюштирди
Москвада ММА бўйича WEF мусобақасининг саралаш босқичи оммавий муштлашув билан тугади. Жанжал Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муштлашув жангчилари ўртасида беллашув бўладиган кун иштирокчилардан бири назарлар тўқнашувида ўзини хаддан ташқари қўпол тутганидан келиб чиққан.
Ғалабадан сўнг ўзбекистонлик жангчи Намозон Самиев ҳар ким билан жанг қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Улар зудлик билан унга рақиб топиб, стердаун уюштиришди, аммо шу вақтда Самиев кутилмаганда потенциал рақибининг бошига тиззаси билан зарба берди.
ПСЖ “Реал”га қарши: ЕЧЛга қуръа ташланди
Бугун, 13 декабрь куни Нён шаҳрида (Швейцария) Чемпионлар лигасининг 2021/2022 йилги мавсуми 1/8 финалига қайта қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Биринчи қуръа натижалари техник хатолар туфайли бекор қилинган эди.
UEFA Чемпионлар лигаси 1/8 финал жуфтликлари:
“РБ Зальцбург” (Австрия) — “Бавария” (Германия), “Спортинг” (Португалия) — “Манчестер Сити” (Англия), “Бенфика” (Португалия) — “Аякс” (Нидерланды), “Челси” (Англия) — “Лилль” (Франция), “Атлетико” (Испания) — “Манчестер Юнайтед” (Англия), “Вильярреал” (Испания) – “Ювентус” (Италия), “Интер” (Италия) — “Ливерпуль” (Англия), “Пари Сен-Жермен” (Франция) — “Реал” (Испания).
Бобонов ПСЖ таркибида Европа Чемпионлар Лигасига йўл олди
Токио Олимпиадаси совриндори, ўзбекистонлик дзюдочи Давлат Бобонов Франциянинг ПСЖ клуби билан шартнома имзолади ва парижликлар таркибида Чехиянинг Прага шаҳрида ўтган Европа Лигасида иштирок этди.
Юлдузли дзюдочилардан ташкил топган жамоа Европа Лигаси финалида “Цент Женевев” клубини 4:1 ҳисобида таслим этди ва янги мавсумда Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 90 кг вазн тоифасида татамига чиққан Бобонов рақибини қийинчиликсиз мағлубиятга учратди ва олтин медал учун муносиб ҳисса қўшди.
LiveБарчаси