Пойтахт ИИББ тизимида тўрт мансабдор “учди”
Жамият
−
13 Декабрь 2021
21011Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосари, шунингдек, Янгиҳаёт ва Шайхонтоҳур туманлари ИИО ФМБ бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Тошпўлатов жорий йил 11 ойлик натижалари бўйича танқидий руҳда йиғилиш ўтказган. Унда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда қатор камчиликларга йўл қўйгани учун Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосари, шунингдек, Янгиҳаёт ва Шайхонтоҳур туманлари ИИО ФМБ бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Сергели тумани ИИО ФМБ бошлиғи, унинг биринчи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳамда жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарлари интизомий жазога тортилган. Шу билан бир қаторда, туманда ижобий кўрсатгичларга эришган ва намунавий хизмат олиб бораётган Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари ИИО ФМБ бошлиқларига ташаккур эълон қилинган.
Шунингдек, таъкидланишича, ИИББ ходимларининг ташаббуси билан жорий йилнинг 11 ойи мобайнида 5 644 та жиноят (улардан 1 375 таси гиёҳвандлик ва психотроп воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ) аниқланган ва 122 кг 756 грамм гиёҳвандлик ҳамда 108 минг 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалиб кетишининг олди олинган. 12 544 та жиноятлар фош этилиб (улардан 171 таси ўтган йилларда содир этилган жиноятлар), 822 нафар қидирувдаги жиноятчилар ушланган.
LiveБарчаси