Путин СССРнинг парчаланишини фожиа деб атади
Олам
−
13 Декабрь 2021
12613Россия Президенти Владимир Путин СССРнинг парчаланишини фожиа, тарихий Россиянинг қулаши сифатида қабул қилишини айтди. Давлат раҳбарининг бундай баҳоси “Россия-1” телеканали эфирида “Россия. Яқин тарих” фильмида янграган.
“Бу мамлакат фуқароларининг мутлақ кўпчилиги учун фожиа. Ахир, Совет Иттифоқининг қулаши нима? Бу Совет Иттифоқи номи остидаги тарихий Россиянинг парчаланиши”, деган Путин.
У мамлакат ўз ҳудудининг 40 фоизини, ишлаб чиқариш қуввати ва аҳолисини йўқотганини эслаган.
“Биз бутунлай бошқа давлатга айландик. Минг йил давомида тўпланган нарса эса катта даражада йўқолди”, дея қўшимча қилган Путин.
Давлат раҳбари Иттифоқ парчаланиши билан “25 миллион рус халқи бирданига хорижда, мустақиллик ва суверенитетни қўлга киритган собиқ СССР Республикаларида қолганини” таъкидлаган.
“Улар (Республикалар) учун бу яхши, лекин хорижга ихтиёрий равишда чиқмаган одамлар учун бу, албатта, ёмон. Уларнинг қайтиши, яқинлари билан учрашиши мумкин эмас эди. На иш жойи, на яшаш жойи бор эди. Бу ҳеч қандай муболағасиз, буюк инсонпарварлик фожиаси”, дея тушунтирган Путин.
СССР парчаланишининг энг машҳур баҳосини Путин 2005 йилда Федерал Ассамблеяга ҳавола қилган. Ўшанда Президент буни ХХ асрнинг энг катта геосиёсий фалокати деб атаган.
2015 йилда эса Путин Совет Иттифоқи парчаланиши натижасида “рус халқи дунёдаги энг кўп бўлинган халққа айланганини” айтган.
Маълумот ўрнида, 1991 йил 8 декабрда Россия (Борис Ельцин), Украина (Леонид Кравчук) ва Беларусь (Станислав Шушкевич) раҳбарлари “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолаган. Ҳужжатда “СССР халқаро ҳуқуқ ва геосиёсий воқеликнинг субъекти сифатида ўз фаолиятини тўхтатиши” айтилган.
LiveБарчаси