23 декабрь. Ўзбекистон ва халқаро майдонда нималар бўлди?
Таҳлил
−
23 Декабрь 2021
12787Жамият
Қўқондаги хонадонда портлаш бўлди
Жорий йилнинг 19 декабрь куни Қўқон шаҳар “Вақф Чорсу” МФЙ Барҳаёт кўчасидаги хонадонда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг ҳодисани ўрганиш тўғрисидаги қарорида айтилган.
Қарорда келтирилишича, соат 04:50да Қўқон шаҳар “Вақф Чорсу” маҳалла фуқаролар йиғини Барҳаёт кўчасидаги хонадонда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлган.
Портлаш оқибатида мазкур хонадонда истиқомат қилувчи 4 нафар фуқаро турли даражада куйиш тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Фарғона филиали Қўқон шаҳар субфилиалига ётқизилган.
Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг асосий сабабчилари аниқланди
Ўзбекистонда қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳлар қарийб 60 фоиз ҳолатда бобо-бувилар ташаббуси билан бўлади. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги хабар берди.
Ўтказилган сўров натижаларига кўра, қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳнинг 58,1 фоиз бобо-бувилар, 56,4 фоизи ота-оналар, 14,3 фоизи тоға-хола ва амаки-аммалар, 13,2 фоизи опа-сингиллар, 1,2 фоизи ака-укалар ва 8,3 фоизи бошқа шахслар ташаббуси билан тузилиши респондентлар томонидан аниқланган.
Турдимов икки ўринбосарини ўзгартирди
Рустам Ражаббоевич Қобилов Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари - вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари - вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Ўткирович Нуруллаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Қашқадарё электр орқали кўп миқдорда балиқ овлаган овчилар ушланди
Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида электр токи орқали балиқ овлаган шахслар аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълум қилди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари З.Эрназаров, Б.Тошпўлатов, М.Чўлиев ва А.Саломов жорий йилнинг 20 декабрь куни Миришкор тумани “Миришкор” каналида назорат рейд тадбири ўтказган. Рейд давомида тунги соат 23:00 ларда Миришкор тумани “Оқмачит” МФЙда яшовчи фуқаро У.Я ва бошқалар электр токи (электроудочка) ёрдамида ноқонуний ва айни пайтда шафқатсизларча жами 385 (уч юз саксон беш) дона шундан, 1 (бир) дона зоғора (сазан), 1 (бир) дона судак, 75 (етмиш беш) дона лешч, 200 (икки юз) дона карас балиқлари ва 108 (бир юз саккиз) дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Туркистон мўйловдорига ўхшаш балиқларни овлагани аниқланган.
Метронинг “Космонавтлар” бекатида ёнғин содир бўлгани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг “Космонавтлар” бекатида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича “Тошкент метрополитени” ДУК Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га изоҳ берди.
Қайд этилишича, бугун, 23 декбарь куни соат 12:15 да Шайхонтохур тумани “Космонавтлар” метро бекати ичида ҳаракатланиб кетаётган 4 та вагондан иборат таркиб(состав)нинг 3-вагонида техник сабабларга кўра сақлагич (предохранитель) куйганлиги ёки тормоз колодкаси сиқиб қолганлиги тахмин қилинмоқда.
Воқеа жойида ҳеч қандай ёнғин содир бўлмаган. Носоз вагон - таъмирлаш учун ДЕПОга юборилган.
Олам
Қарама-қаршиликнинг янги босқичи: ЕИ Россияга қандай шарт қўйди?
Европа Иттифоқининг дипломатия бўйича раҳбари Жозеп Боррель ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Федерацияси билан Европа хавфсизлиги бўйича бўлажак ҳар қандай музокаралар мувофиқлаштирилган ва Европа Иттифоқи иштирокида ўтказилишини тасдиқлади. Бу ҳақда Европа Ташқи ишлар хизмати баёнотида айтилган.
“Давлат котиби Блинкен ва Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Боррель ўтган ҳафта Россия томонидан Европада хавфсизликни таъминлашнинг мумкин бўлган янги механизмлари ҳақидаги Россия қарашлари бўйича тақдим этилган таклифларни эътиборга олди. Улар Европа хавфсизлиги бўйича ҳар қандай мунозаралар Европа Иттифоқи билан келишилган ҳолда ва унинг иштирокида ўтказилишига келишиб олди”, дейилади Боррель ва Блинкен ўртасидаги музокаралар якуни бўйича тузилган ҳужжатда.
“Билайн” асосчиси Дмитрий Зимин вафот этди
Россиялик тадбиркор ва меценат, “Билайн” асосчиси Дмитрий Зимин оғир хасталикдан сўнг кеча, 22 декабрь куни Швейцарияда вафот этди. Бу ҳақда унинг ўғли Борис Зимин Facebook’да хабар берган. Тадбиркор 88 ёшда бўлган.
“Менинг отам ҳаётни жуда яхши кўрарди. Унга ҳаммаси учун, барча яратган нарсаси, бўлгани учун раҳмат. Бу бугун Ватанда эмас, Швейцарияда содир бўлди. Сўнгги ойларда у оғир касал эди. Бўлди. Видолашув ва бошқа тафсилотлар кейинроқ”, деб ёзган Борис Зимин.
Қозоғистон Ўзбекистон маҳсулотларига импорт чеклови киритадими?
Қозоғистонга Ўзбекистон товарлари керак ва уларга нисбатан чеклов чоралари қўлланилмайди. Бу ҳақда LS нашрига Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги маълум қилган.
Таҳлилга кўра, Ўзбекистондан олиб келинаётган асосий маҳсулотлар сабзавот, мева заводлар учун хомашё ҳисобланади.
“Ушбу товарларга нисбатан ҳар қандай чора-тадбирларнинг киритилиши, биринчи навбатда, қозоғистонлик истеъмолчиларга салбий таъсир кўрсатади”, дейилган хабарда.
Россия Украинага ҳужум қилмаслигига кафолат борми? Путин жавоб берди
Россиянинг Украинага ҳужум қилмаслиги икки томонлама музокараларга эмас, балки НАТО қўшинларининг рус чегараларидан узоқлашишига боғлиқ. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин анъанавий тарзда ўтазиладиган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Анжуман давомида Буюк Британиянинг “Sky News” янгиликлар телеканали журналистининг Россиянинг Украина хавфсизлигини таъминлаш ҳақидаги саволига жавобан Путин муаммолар ортида АҚШ бошчилигидаги Ғарб мамлакатлари турганини таъкидлади.
“Бизнинг ҳаракатларимиз музокаралар жараёнига эмас, балки Россия хавфсизлигини сўзсиз таъминлашга боғлиқ бўлади. Биз НАТОнинг шарққа қараб ҳаракатланишини қабул қилиб бўлмаслигини очиқ айтдик. Қўшма Штатлар уйимиз остонасида ракеталар мажмуаси билан пойлаб турибди. Уйимиз олдида ҳарбий қуролларни ўрнатмасликни талаб қилиш ортиқча эмас-ку? Агар америкаликлар Канада ёки Мексика билан чегарада ракеталар ўрнатишса қандай муносабатда бўлишади. Ва олдин Калифорния кимга тегишли эди? Техасчи?”, дейди Россия етакчиси.
Спорт
Янгиланган FIFA рейтингида Ўзбекистон нечанчи ўринда?
Бутунжаҳон футбол уюшмаси (FIFA) ноябрь ойи якунларига кўра терма жамоаларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди.
Унга кўра, ўтган ойдаги каби Ўзбекистон МТЖ 84-поғонани сақлаб қолган.
Сречко Катанец шогирдлари Осиёда 11-рақамда қайд этилган. “Оқ бўрилар”дан юқорида Эрон (21-ўрин), Япония (26), Жанубий Корея (33), Австралия (35), Саудия Арабистони (48), Қатар (51), БАА (69), Хитой (74), Ироқ (75) ва Уммон (79) жойлашган.
Шунингдек, кучли учликда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаган. Бельгия терма жамоаси 1828 очко билан ҳамон пешқадамлик қилишда давом этмоқда. Бразилия иккинчи, Франция учинчи поғонада қайд этилган. “Пентакампеонлар” ҳисобида 1826, “хўрозлар”да эса 1786 очко мавжуд.
У ўз унвонларини қайтариб олади – Жошуанинг промоутери
“Matchroom boxing” промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Хирн Энтони Жошуа ва WBА, WBО ва IBF йўналишлари чемпиони Александр Усик ўртасидаги реванш жанги ҳақида фикр билдирди.
Унинг фикрича, британиялик боксчи хатоларини тўғирлаб, иккинчи жангга пухта тайёргарлик кўра олади.
“Жошуа ўз ишини қилади ва унвонларини қайтариб олади. Энтони – жангдан кейин хатолари устида ишлайдиган йигит. У биринчи жангни миллион марта кўрди ва доимий рақишда спорт залида ишламоқда. Жошуа рингга энг яхши жангчи сифатида қайтишини маълум қилди. “Менимча, буларнинг барчаси реванш жанги учун муҳим. Биз Усик нималарга қодирлигини жуда яхши биламиз ва унинг имкониятларини пасайтирмоқчи эмасмиз. Мен Александр услубига ўзгартиришлар киритмайди, деб айтмадим”, дейди Хирн.
Янгиланган IJF рейтингида Бобонов пешқадамликни қайтариб олди
Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) 2021 йил якуниларига кўра дзюдочиларнинг янгиланган рейтинг жадвалини эълон қилди.
Унда қайд этилишича, 90 кг вазн тоифасида ўзбеистонлик Давлат Бобонов яна пешқадамга айланган.
Аввалги ойда грузиялик Лаша Бекауридан кичик фарқ билан ортда қолган Бобонов рақибининг 2 йил аввалги мусобақада қўлга киритган очколари олиб ташлангани боис яна биринчи ўринга кўтарилди. Шу тариқа, Токио-2020 совриндори Бобонов 2021 йилни ўз вазн тоифасидаги рейтингда пешқадам бўлиб якунлайдиган бўлди.
LiveБарчаси