“Билайн” асосчиси Дмитрий Зимин вафот этди

Олам 6619
image

Россиялик тадбиркор ва меценат, “Билайн” асосчиси Дмитрий Зимин оғир хасталикдан сўнг кеча, 22 декабрь куни Швейцарияда вафот этди. Бу ҳақда унинг ўғли Борис Зимин Facebook’да хабар берган. Тадбиркор 88 ёшда бўлган. 

“Менинг отам ҳаётни жуда яхши кўрарди. Унга ҳаммаси учун, барча яратган нарсаси, бўлгани учун раҳмат. Бу бугун Ватанда эмас, Швейцарияда содир бўлди. Сўнгги ойларда у оғир касал эди. Бўлди. Видолашув ва бошқа тафсилотлар кейинроқ”, деб ёзган Борис Зимин. 

Маълумот ўрнида, Дмитрий Зимин 1992 йилда ўз фаолиятини бошлаган “Вымпелком” (“Билайн” бренди остида ишлайди) уяли алоқа оператори асосчиларидан бири ҳисобланади. 

2002 йилда Зимин фундаментал фанларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Династия” жамғармасига асос солган ва унга раҳбарлик қилган. 2008 йилда жамғарма рус тилидаги энг яхши илмий-оммабоп китоблар учун бериладиган “Маърифатчи” мукофотини таъсис этган. 2015 йилда “Династия” “хорижий агент” деб эълон қилинганидан кейин ўз фаолиятини тўхтатган. 

2016 йилда Дмитрий Зимин ўғли Борис билан биргаликда илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватловчи Zimin Foundation нотижорат ташкилотига асос солган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 371
Рейтинг: 3
t
×