Россия Украинага ҳужум қилмаслигига кафолат борми? Путин жавоб берди
Олам
−
23 Декабрь 2021
15504Россиянинг Украинага ҳужум қилмаслиги икки томонлама музокараларга эмас, балки НАТО қўшинларининг рус чегараларидан узоқлашишига боғлиқ. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин анъанавий тарзда ўтказиладиган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Анжуман давомида Буюк Британиянинг “Sky News” янгиликлар телеканали журналистининг Россиянинг Украина хавфсизлигини таъминлаш ҳақидаги саволига жавобан Путин муаммолар ортида АҚШ бошчилигидаги Ғарб мамлакатлари турганини таъкидлади.
“Бизнинг ҳаракатларимиз музокаралар жараёнига эмас, балки Россия хавфсизлигини сўзсиз таъминлашга боғлиқ бўлади. Биз НАТОнинг шарққа қараб ҳаракатланишини қабул қилиб бўлмаслигини очиқ айтдик. Қўшма Штатлар уйимиз остонасида ракеталар мажмуаси билан пойлаб турибди. Уйимиз олдида ҳарбий қуролларни ўрнатмасликни талаб қилиш ортиқча эмас-ку? Агар америкаликлар Канада ёки Мексика билан чегарада ракеталар ўрнатишса қандай муносабатда бўлишади. Ва олдин Калифорния кимга тегишли эди? Техасчи?”, дейди Россия етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва НАТО давлатлари Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужуми ортидан Москвани жиддий оқибатлар ҳақида огоҳлантирган эди. Европа давлатлари раҳбарларининг Брюсселдаги саммитида эса Ғарб Кремлга санкциялар жорий қилиш таклифини маъқуллаганди.
Достон Искандаров
LiveБарчаси