Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) 2021 йил якуниларига кўра дзюдочиларнинг янгиланган рейтинг жадвалини эълон қилди.
Унда қайд этилишича, 90 кг вазн тоифасида ўзбеистонлик Давлат Бобонов яна пешқадамга айланган.
Аввалги ойда грузиялик Лаша Бекауридан кичик фарқ билан ортда қолган Бобонов рақибининг 2 йил аввалги мусобақада қўлга киритган очколари олиб ташлангани боис яна биринчи ўринга кўтарилди. Шу тариқа, Токио-2020 совриндори Бобонов 2021 йилни ўз вазн тоифасидаги рейтингда пешқадам бўлиб якунлайдиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” спорт мажмуасида дзюдо бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда. Бобонов мусобақада иштирок этмади.
Турнирда ўз вазн тоифасида Ўзбекистон терма жамоасининг 1-рақамли спортчилари – Диёра Келдиёрова ҳамда Шарофиддин Болтабоев чемпионликни қўлга киритди. Камрон Нуруллаев ва Ҳикматиллоҳ Тўраев саралашдаёқ мусобақани тарк этган бўлса, Сардор Нуруллаев бронза медалга сазовор бўлди.