Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг асосий сабабчилари аниқланди
Жамият
−
23 Декабрь 2021
14277Ўзбекистонда қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳлар қарийб 60 фоиз ҳолатда бобо-бувилар ташаббуси билан бўлади. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги хабар берди.
Ўтказилган сўров натижаларига кўра, қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳнинг 58,1 фоиз бобо-бувилар, 56,4 фоизи ота-оналар, 14,3 фоизи тоға-хола ва амаки-аммалар, 13,2 фоизи опа-сингиллар, 1,2 фоизи ака-укалар ва 8,3 фоизи бошқа шахслар ташаббуси билан тузилиши респондентлар томонидан аниқланган.
Қариндошлар ўртасида тузилган никоҳлардаги оилаларнинг ҳаёти қандай кечаётганини аниқлашга қаратилган сўровномада респондентларнинг 25,2 фоизида зиддият ва низолар учраб турганлигини, 24,9 фоиз оилаларда ногирон фарзандлар борлиги, 8,9 фоиз қариндошлик асосида қурилган оилаларда муаммолар мавжудлиги ва доимий қуда-андачиликдаги келишмовчиликлар бўлаётганлиги билдирилган.
“Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳанузгача ошкора ёки яширин ҳолда ноқонуний қайд этилиши ҳолатлари учрамоқда. Мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида ва тиббий маслаҳатхоналарда, маҳаллаларда бу борада олиб борилаётган тушунтириш ишлари йўлга қўйилганлигига қарамай, салбий ҳолатлар ҳамон тез-тез учраб турибди”, дейилади вазирлик хабарида.
LiveБарчаси