22 миллион сўмлик жарима: яширин никоҳ ортидаги муаммолар
Таҳлил
−
20:44 1282 3 дақиқа
Энди “ЗАГС” гувоҳномасисиз шаръий никоҳ ўқитган шахслар 22 миллион сўмгача жаримага тортилади. Муҳим жиҳати, бу жаримани никоҳ ўқитаётган эр-хотин эмас, балки шаръий никоҳни ўқиган шахс – имом ёки бошқа диний маросимни амалга оширган киши тўлайди.
Хўш, давлат бугун нега ноқонуний никоҳ учун жарималарни оширмоқда? Бу шунчаки никоҳни расмийлаштириш талабими ёки унинг ортида каттароқ ижтимоий муаммо борми?
Аслида, бу масаланинг ортида вояга етмаган қизларнинг эрта турмушга чиқарилиши, аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси, кўп хотинлилик, оилавий зўравонлик ва фарзандлар манфаатига дахлдор жиддий муаммолар ётибди. Чунки ноқонуний никоҳ ортида аёлнинг ҳуқуқи, алимент, мерос ва бошқа оилавий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анча мураккаблашади. Энг ачинарлиси, бундай муносабатларда кўпинча аёллар ва болалар зарар кўради.
Афсуски, бугун жиноятлар орасида “кундошининг қотили” деган тамғалар ҳам учраб турибди. Буни мен илк бор Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Зайнаб Кумушни заҳарлаганида ўқиганман. Ўшанда йиғлаганман. Аммо бугун шунга ўхшаш воқеалар одамни ҳайратга солиши у ёқда турсин, тобора одатий хабарга айланаётгандек. Энг қўрқинчлиси ҳам шу – фожиаларга кўникиб бораётганимиз.
Сирдарё вилоятида эркак билан олти йилдан буён шаръий никоҳда яшаб келган аёл рашк ва оилавий келишмовчиликлар сабабли эркакнинг қонуний рафиқаси яшайдиган уйга ошхона пичоғи билан бостириб киради. Оқибатда аёл ва унинг 6 ёшли қизи ҳалок бўлади, 3 ёшли қизи эса жароҳатланади.
Бунга яна бир даҳшатли мисол – Сурхондарёда содир бўлган воқеа. Эркак Ҳаж сафарига кетганидан фойдаланиб, унинг қонуний рафиқаси шаръий никоҳидаги аёли ва унинг икки фарзандини ёқиб юборади. Оқибатда учаласи ҳам ҳалок бўлади.
Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Жамиятимизда вояга етмаган қизларни шаръий никоҳ орқали турмушга бериш ҳолатлари ҳам учрайди. Бу ноқонуний никоҳ эрта ҳомиладорлик, таълимдан узилиш, зўравонлик каби хавфларни юзага келтириши мумкин. Қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда никоҳ ёши аёллар ва эркаклар учун 18 ёш этиб белгиланган. Агар сиз энди қонунга зид равишда никоҳ ёшига етмаган шахс билан оила қурсангиз, 4 миллион 400 минг сўмдан 6 миллион 600 минг сўмгача жаримага тортиласиз. Вояга етмаган фарзандингизни турмушга берсангиз ёки уйлантирсангиз, 8 миллион 800 минг сўмдан 11 миллион сўмгача жарима тўлайсиз.
Демак, гап фақат никоҳни расмийлаштириш ёки шаръий никоҳ ўқитишда эмас. Гап ёш қизларнинг тақдири, аёлларнинг ҳуқуқи, болаларнинг келажаги ва оиладаги хавфсизлик ҳақида кетмоқда. Албатта, 22 миллион сўмлик жарима ана шу муаммоларни ҳал қилалмайди. Аммо қонунлар соясида қурилган жамиятнинг никоҳ, оила ва аёлга бўлган муносабати ўзгариб борадию