Собиқ президентнинг жиянига тегишли компания $6,5 млн доллар жаримага тортилди

Олам

−

visibility6443 timer2 дақиқа

image

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни – Олмаота собиқ ҳокими Ахметжан Есимовнинг укаси Сеитжан Есимовга тегишли холдинг таркибидаги “ЖАН и КС” нефть компанияси бурғилаш чиқиндилари учун 3 миллиард тенгедан ортиқ экологик жарима тўламоқда. Суд ижрочилари Атирау вилояти бюджетига аллақачон 490 миллион тенгедан зиёд маблағ ўтказган. Бу ҳақда “Ulysmedia” хабар берди. 

Атирау вилояти прокуратурасига кўра, қонунбузарлик табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан аниқланган. Қудуқларни бурғилаш чоғида компания бурғилаш шлами ва ишлатилган бурғилаш эритмасини ноқонуний равишда тўплаб борган. Бурғилаш шлами – бу бурғилаш пайтида қудуқдан юқорига кўтариладиган майдаланган тоғ жинсидир. Бурғилаш эритмаси эса исканани совутиш ва тоғ жинсларини юзага олиб чиқиш учун қудуққа ҳайдалади. Фойдаланилгандан сўнг ҳар иккала турдаги чиқиндилар таркибида нефть маҳсулотлари ва кимёвий моддалар бўлиши мумкин, шунинг учун улар махсус қоидалар асосида утилизация қилиниши шарт. 

Компания Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 328-моддаси 6-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Ушбу модда атроф-муҳитга йўл қўйиладиган антропоген таъсир нормативларини бузганлик учун жазо белгилайди. Компания судларда жарима юзасидан шикоят қилишга уринган, бироқ шикоятлар рад этилган ва қарор қонуний кучга кирган. Эндиликда жарима мажбурий тартибда ундирилмоқда. Қарзнинг қолган қисми – тахминан 2,5 миллиард тенге прокуратура назоратида.

Маълумот учун, “ЖАН и КС” компанияси” МЧЖ Атирау вилоятидаги “Прибрежное” конида нефть ва газ қазиб олади. Компания йўллар ва гидроиншоотлар қурадиган, қурилиш материаллари ҳамда фойдали қазилмаларни қазиб оладиган Aytei Group холдинги таркибига киради. Холдинг директорлар кенгашига Сеитжан Есимов раҳбарлик қилади. У Қозоғистоннинг биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Ахметжан Есимовнинг укаси ҳисобланади. Ахметжан Есимов турли йилларда Олмаота ҳокими, қишлоқ хўжалиги вазири, “Астана ЭКСПО-2017” миллий компанияси раҳбари ва “Самрук-Қазына” жамғармаси бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг