Ўзбекистонда 9 ойда 77 минг киши қамалди – статистика
3-саҳифа
−
18:48 441 2 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойида 420 мингдан ортиқ шахс маъмурий жазога тортилди. Уларнинг 77 мингдан зиёдига маъмурий қамоқ, 340 мингдан ортиғига эса жарима жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларининг тергов судьялари томонидан 662 237 нафар шахсга нисбатан 549 231 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.
Кўриб чиқилган ишлар натижасида жами 420 245 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган. Шундан 340 986 нафари жаримага тортилган, 77 309 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида кўрилган. Шунингдек, 71 450 нафар шахс ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Қайд этилишича, кўриб чиқилган ишларнинг аксарияти қуйидаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ:
- майда безорилик;
- ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик;
- лицензиясиз йўловчи ташиш;
- совуқ қурол ёки ундан фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни олиб юриш;
- ҳақорат қилиш;
- электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш;
- савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш;
- йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатида енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказиш;
- жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш;
- транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 11 006 та тақдимнома чиқарилиб, тегишли ташкилотларга юборилган.
Шунингдек, апелляция тартибида 7 656 нафар шахсга нисбатан 6 804 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган. Натижада 1 496 нафар шахсга нисбатан чиқарилган биринчи инстанция судлари қарорлари бекор қилиниб, 2 495 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилган.
Кассация тартибида эса 10 656 нафар шахсга нисбатан 10 152 та иш кўриб чиқилган. Бунда 4 379 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, 2 347 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилган.
Бундан ташқари, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 955 нафар шахсга нисбатан 918 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган. Натижада қуйи судлар томонидан 187 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 232 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий йилнинг тўққиз ойида 3 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситаси ноқонуний муомаладан олиб қўйилгани, 319 та нарколаборатория аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси10:01