Маст ҳолда такроран машина бошқарганлик учун жазо кескин кучайтирилади

Ўзбекистон

−

visibility1749 timer2 дақиқа

image

Ўзбекистонда маст ҳолда такроран автомобиль бошқариш, тезликни меъёрдан ортиқ ошириш, дрифт ва ноқонуний пойгалар учун жавобгарлик чораларини кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг бугун, 28 ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисида маъқулланган “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган.  

Жиноят кодексининг 261-1-моддасига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, маст ҳолда транспорт воситасини такроран бошқарганлик учун бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Маълумотларга кўра, 2024 йилда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 11 994 та, 2025 йилда эса 13 521 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Шунингдек, Жиноят кодексига янги 261-3-модда киритилмоқда. Унга мувофиқ, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар қўлланиши мумкин. Агар бундай ҳаракат одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Бундан ташқари, вояга етмаганларга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик учун 50 БҲМ миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилмоқда. Қайд этилишича, 2025 йилда 14 ёш ва ундан кичик ёшдаги шахслар иштирокида 168 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қонунга мувофиқ, белгиланган тезликни меъёрдан ортиқ оширганлик учун жарималар миқдори ҳам кўпайтирилмоқда:

  • тезликни соатига 40 километрдан ортиқ оширганлик учун – 25 БҲМгача;
  • соатига 60 километрдан ортиқ оширганлик учун – 45 БҲМгача;
  • соатига 80 километрдан ортиқ оширганлик учун – 65 БҲМ жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойга маҳрум қилиш.
  • 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида тезликни соатига 40-60 километрга ошириш билан боғлиқ 19 719 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган.

Ҳужжатда йўл безорилиги, ноқонуний автомобиль пойгалари, хавфли манёврлар, дрифт ҳамда бошқа ҳаракат иштирокчиларига қасддан тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик чораларини кучайтириш ҳам назарда тутилган.

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда йўл безорилиги билан боғлиқ 604 та, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 572 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонундан кўзланган мақсад фақат жазоларни кучайтириш эмас, балки хавфли қоидабузарликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар масъулиятини ошириш ва йўлларда инсонлар ҳаётини муҳофаза қилишдан иборат. 

Муҳокамалар якунида сенаторлар қонунни маъқуллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарималар бўйича янги тартиб тасдиқланганди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг