Ҳукуматга қарши намойишларда қатнашган опа-сингилларга оғир жазо берилди
Олам
−
1679 2 дақиқа
Эронда жорий йилнинг январь ойидаги ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этган икки нафар эгизак опа-сингилга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. 21 ёшли Таранеҳ Раҳимий осиб ўлдириш жазосига, унинг синглиси Ромина эса 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Euronews” хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, опа-сингиллар 2026 йил январь ойининг охирида ҳибсга олинган. Бироқ уларнинг оила аъзолари уч ойдан ортиқ вақт давомида қизлар қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот ололмаган. Онаси улар билан фақат май ойида учрашиш имконига эга бўлган. Таранеҳга Эрон қонунчилигида “Худога қарши уруш олиб бориш” маъносини англатувчи “моҳаребе” моддаси бўйича айблов қўйилган. Ушбу жиноят учун мамлакат қонунчилигида ўлим жазоси белгиланган. Суд материалларида қиз намойиш вақтида совуқ қурол билан қатнашгани ва одамлар ҳаётига хавф туғдиргани қайд этилган.
Тергов жараёнида Ромина ҳам жиноятга шерикликда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Опа-сингилларнинг яқинлари улар ҳибсда бўлган вақтда турли қийноқлар ва босимларга дуч келганини маълум қилган. Хусусан, терговчилар Таранеҳни айбини тан олишга мажбурлаш учун унинг кўз ўнгида Роминага нисбатан жинсий зўравонлик қилиш билан таҳдид қилган. Таранеҳ судда ўзидан олинган кўрсатмалар қийноқлар таъсирида берилганини ҳам билдирган.
Мазкур иш Эронда январь ойида бўлиб ўтган норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан қўлланилаётган жазо чоралари билан боғлиқ ҳолатлардан бири ҳисобланади.
БМТнинг Эрон бўйича махсус маърузачиси Май Сато келтирган маълумотларга кўра, Исфаҳон шаҳридаги бир иш бўйича яна 10 киши ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса намойиш иштирокчиларига нисбатан қўйилаётган айбловлар сиёсий асосга эга эканини таъкидламоқда. Уларнинг билдиришича, намойишлардан кейин мамлакатда қатл этиш ҳолатлари ҳам сезиларли даражада кўпайган.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда хорижий давлат разведкаси билан ҳамкорлик қилиб, давлат сирларини унга етказган амалдор ўлим жазосига ҳукм қилинганлиги ҳақида хабар берилган эди. У жами 35 та махфий маълумотни хорижга узатгани ва бунинг эвазига 150 минг доллардан ортиқ пул олгани маълум бўлган.
Live
Барчаси