Хитойда хорижий давлат фойдасига жосуслик қилган амалдор ўлим жазосига ҳукм қилинди
Олам
−
1077 2 дақиқа
Хитойда хорижий давлат разведкаси билан ҳамкорлик қилиб, давлат сирларини унга етказган амалдор ўлим жазосига ҳукм қилинди. У жами 35 та махфий маълумотни хорижга узатгани ва бунинг эвазига 150 минг доллардан ортиқ пул олгани маълум бўлди. Бу ҳақда Хитой давлат сирлари ҳимояси бўйича миллий бошқарув билан боғлиқ “Gold Wall Press” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, маҳкумнинг фамилияси Ма бўлган. У хорижда ишлаб юрган вақтида номаълум давлатнинг разведка хизмати томонидан топилиб, ҳамкорликка жалб қилинган.
Ма хорижий разведка вакиллари билан махфийлик ва садоқат шартлари кўрсатилган ҳамкорлик келишувини имзолаган. Шундан сўнг унга ҳар ой мунтазам равишда пул тўлаб борилган. Умумий ҳисобда у давлат сири деб таснифланган 35 та маълумотни узатган ва бунинг учун 1 миллион юань (150 минг доллардан ортиқ) олган.
Нашр хабарига кўра, Кайлин исмли разведка ходими Ма билан тез-тез учрашиб турган. У хитой тилини ўрганишга қизиқишини билдириб, амалдор билан яқинроқ алоқа ўрнатишга уринган. Кейинчалик уни ўз ҳамкасби билан таништирган. Бу шахс эса Ма аввалроқ махфий маълумотларни ошкор қилгани ҳақида Хитой ҳукуматига хабар бериш билан таҳдид қилган ва ундан ҳамкорликни давом эттиришни талаб қилган.
Хитойга қайтганидан кейин ҳам Ма хорижий разведка учун маълумот тўплашда давом этган. Унга бунинг учун ноутбук берилган. Амалдор кундуз кунлари ўз лавозимидан фойдаланиб, махфий ҳужжатлардан керакли маълумотларни йиғган, кечалари эса уларни жосуслик веб-сайти орқали хорижга узатган.
“Gold Wall Press” хабарида қайси давлат фойдасига жосуслик қилингани, Ма қачон ва қаерда ўлим жазосига ҳукм қилингани очиқланмаган. Шунингдек, ҳукм аллақачон ижро этилган ёки этилмагани ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
Маълумот учун, 2023 йилда Хитой жосусликка қарши қонунни кенгайтириб, жосуслик тушунчасига кирувчи фаолият доирасини оширган ва давлат хавфсизлиги органларининг тергов ваколатларини кучайтирган. 2024 йилда эса давлат сирлари тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилиб, махфийлик чекловлари “хизматга оид сирлар” деб аталувчи маълумотларга ҳам татбиқ этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда Россия фуқароси Игор Дю Силикон водийсидаги йирик технологик ва мудофаа компанияси ходимларини жосуслик мақсадида кузатганликда айбланганди. Тергов маълумотларига кўра, у ходимлар ҳақида маълумот тўплаган, уларнинг яшаш манзилларини аниқлаган ва иш жараёнида фойдаланаётган ноутбуклари экранларини суратга олишга уринган.
Live
Барчаси