Пора олган собиқ амалдор ўлимга ҳукм қилинди

Олам

−

visibility672 timer2 дақиқа

image

Хитойнинг Чжэцзян провинцияси Халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Гао Синфу 28 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда пора олганлик иши бўйича икки йиллик кечиктириш муддати билан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Хитой Марказий телевидениеси (CCTV) хабар берди.

Суднинг аниқлашича, судланувчи 2004 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда турли лавозимларда ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, 193 миллион юандан (28,9 миллион АҚШ долларидан ортиқ) зиёд ноқонуний даромад орттирган.

“Цзянси провинциясининг Ичунь шаҳри ўрта бўғин халқ суди Чжэцзян провинцияси Халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Гао Синфуга нисбатан пора олиш иши бўйича очиқ ҳукм чиқарди... Судланувчи икки йиллик кечиктириш муддати билан ўлим жазосига ҳукм қилинди”, дейилади хабарда.

Судланувчи, шунингдек, умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилади ва унинг барча мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинади.

Хабарда қайд этилишича, судланувчи ўз айбига иқрор бўлган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашган, шу сабабли унга ўлим жазоси ижросини икки йилга кечиктириш тайинланган.

Қайд этиш жоиз, 2026 йил январь ойида ХХР Раиси Си Цзиньпин Хитойда коррупцияга қарши кураш бўйича вазият мураккаб ва кескинлигича қолаётганини, коррупция ўчоқлари ва шарт-шароитларини йўқ қилиш вазифаси эса машаққатли эканини таъкидлаган эди. У коррупцияни “партия ва мамлакат тараққиёти йўлини тўсиб турган йўлбарс”га қиёслаб, порахўрликни қатъият билан илдизидан қуритишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мамлакатда кўлами бўйича “тозалаш” даражаси Мао Цзэдун даврига тенглашадиган ва Хитойнинг иқтисодий барқарорлигига таҳдид соладиган кенг кўламли коррупцияга қарши кампания ўтказаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг