Синдоров Ўзбекистон тарихига кирди. Мирзиёев Иорданияда – Qalampir.uz дайжести

Таҳлил

−

visibility278 timer5 дақиқа

Reklama
0:00

Сўнги 24 соат ичида Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида содир бўлган ва шу каби муҳим ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uz дайжести.

Ўзбекистон ва Иордания етакчилари олий давлат мукофотлари билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг таклифига биноан жорий йилнинг 23–24 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга борди. Малика Алия номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонларни Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ва маликаси Рания ал-Абдулла кутиб олди.

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Аммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳи рафиқалари иштирокида учрашув ўтказди. Олий даражадаги ташриф арафасида ташкил этилган қатор тадбирлар давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган. Учрашувдан сўнг икки мамлакат етакчиларини олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтган.

Шавкат Мирзиёевга Иорданиянинг энг олий давлат мукофоти ҳисобланган – “Ал Ҳусайн ибн Али” ордени тантанали равишда топширилган. Ўзбекистон раҳбари эса Иордания Подшоҳини мамлакатлар ўртасидаги яқин дўстлик муносабатлари ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни изчил ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан тақдирлаган.

Синдоров ва Доммаражу жаҳон чемпионлиги учун курашни бошлади

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳсни бошлади. Илк партия Женева яқинидаги Колоньи шаҳрида жойлашган Мартин Бодмер жамғармасида ўтказилган. Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланган баҳс муросасиз кечди. Иккинчи партия жорий йилнинг 25 ноябрь куни ўтказилади. Амалдаги жаҳон чемпиони ва унга даъвогарнинг ҳар иккаласи ҳам 20 ёшда. Жаҳон шахмати тарихида чемпионлик учун бундай ёшдаги икки шахматчи ўртасида баҳс ҳеч қачон ўтказилмаган. Гукеш 2024 йил декабрь ойида Сингапурда қўлга киритган жаҳон чемпионлиги унвонини илк бор ҳимоя қилади. Бироқ амалдаги чемпион учун унвонини ҳимоя қилиш осон бўлмаслиги мумкин. Ноябрь ойидаги Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) рейтингида Гукеш 2710 очко билан 26-ўринда бормоқда. Синдоров эса 2782 очко билан тўртинчи ўринни эгаллаган. Ўзбекистонлик шахматчининг устунлиги 72 очкони ташкил этади.

Синдоров Кипрда ўтказилган Даъвогарлар турнирида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионлиги учун баҳсга йўлланма олди. У 14 та партияда 10 очко тўплади, бирор марта мағлубиятга учрамади ва бир тур қолганидаёқ биринчи ўринни кафолатлади. Бунга қадар гроссмейстер 2025 йилги FIDE Жаҳон кубогида ҳам ғолиб чиққан. У Ўзбекистон тарихида мутлақ жаҳон чемпионлиги учун баҳсда иштирок этадиган илк шахматчи бўлди.

Жаҳон чемпионлиги учун баҳс классик шахмат қоидалари асосида максимал 14 та партиядан иборат бўлади. Ғалаба қозониш учун шахматчилардан бири 7,5 очко тўплаши керак. Ҳар бир иштирокчига дастлабки 40 та юришни амалга ошириш учун икки соат, кейинги ўйин қисми учун эса қўшимча 30 дақиқа вақт берилади. 41-юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшиб борилади.

Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади. Агар ғолиб тай-брейкда аниқланса, ғолиб 1,3 миллион доллар, мағлуб эса 1,2 миллион доллар мукофот пулига эга бўлади.

Эрон АҚШдан товон пули ундирмоқчи

Эрон АҚШдан умумий қиймати 290 миллиард доллар миқдорида товон пули ундириш ниятида. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси суд ҳокимияти органларининг адвокатлар, расмий экспертлар ва маслаҳатчилар маркази раҳбари Ҳасан Абдолианпур маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, суд қарорларини ижро этиш доирасида “АҚШга тегишли бир нечта кема ушлаб қолинган” ва тайинланган товон пулининг бир қисми улар ҳисобидан қопланади.

“Теҳрон чиқарилган барча ҳукмларнинг сўзсиз ижро этилишига эришиш ниятида”, дейди у.

Қайд этилишича, аввалроқ Эрон судлари АҚШга қарши тахминан 40 миллиард доллар миқдорида, хусусан, буллёз эпидермолиз билан оғриган беморлар иши бўйича қарорлар чиқарган бўлиб, бу бир нечта танкер ва қуруқ юк ташувчи кемаларнинг мусодара қилинишига олиб келган.

Бундан ташқари, Эрон Иордания ва бошқа араб давлатларига қарши даъво аризалари киритиб, уларнинг ҳудудларидан АҚШ томонидан Эронга зарба бериш учун фойдаланилгани сабабли товон пули талаб қилмоқда. Эрон расмийлари товон пулини қоплаш учун Ҳормуз бўғози ва Форс кўрфазида Америка ва Исроил савдо кемаларини қўлга олиш ҳамда кейинчалик сотиш каби вариантларини ҳам кўриб чиқмоқда. Ички судлар билан бир қаторда Эрон миллиардлаб долларлик эски даъволар бўйича халқаро арбитражларда ҳам кўп йиллик суд жараёнларини давом эттирмоқда.

“Европадаги базаларни нишонга оламиз”. Эрон Трампнинг таҳдидига жавоб қайтарди

Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси раиси ўринбосари Аббос Муқтадоий тажовуз содир этилган тақдирда Европанинг бир қатор давлатларидаги Америка базалари нишонга айланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Биз учун АҚШнинг Буюк Британия, Германия ва Болгариядаги базаси Баҳрайндаги Америка базасидан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Ҳатто бирор мамлакат ҳудудидан Эронга қарши ҳаракатлар учун фойдаланилса ҳам, у Эроннинг жавоб чоралари доирасида нишонга айланиши мумкин”, дейди у.

Муқтадоийнинг қўшимча қилишича, дастлаб Европа давлатлари АҚШ йўналишига қўшилиш ниятида эмасликларини билдирган, бироқ кейинчалик Вашингтон Европанинг бир қатор давлатлари билан уларнинг ҳудудлари ва ҳарбий базаларидан фойдаланиш бўйича музокараларни бошлаган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бағоий эса Теҳрон АҚШнинг денгиз блокадасига қарши туриш учун турли воситаларни, жумладан, “мудофаа” воситаларини ишга солишга тайёр эканини маълум қилган.

“Эрон ўзини ҳимоя қилиш ва бу турдаги хуружларга қарши туриш учун ҳар қандай воситадан фойдаланишга ҳақли. Ҳокимиятнинг олий бўғинлари қаршилик кўрсатиш воситалари ва механизмлари юзасидан аллақачон қарор қабул қилган бўлиб, улар сиёсий, дипломатик ва мудофаа чораларининг бутун бир қатламини ўз ичига олади ва уларнинг аксарияти амалга оширилмоқда”, дейди у брифинг чоғида Эрон томонидан денгиз блокадаси ёриб ўтилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан.

Шу билан бирга, Эрон давлат телерадиокомпанияси “АҚШ денгиз блокадасини ёриб ўтиш учун Эрон танкерлари карвони ҳаракатни бошламаганини” хабар қилган.

 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг