Ўзбекистон Иордания билан ҳам стратегик шерик бўлди

Ўзбекистон

−

visibility437 timer2 дақиқа

image

Бугун, 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Аммон шаҳридаги “Ал-Ҳусайния” саройида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, расмий делегациялар аъзолари иштирокида ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинган.

Сиёсий мулоқотлар ва идоралараро алмашинувлар фаоллашгани, ўзаро савдо ҳамда инвестициялар ҳажми барқарор ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.

Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика соҳалари кўрсатиб ўтилган.

Имтиёзли савдо битимини имзолаш, ўзаро савдо ҳажмини келгусида 500 миллион долларга етказиш масаласига алоҳида тўхталинган.

Маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, диний-маърифий йўналишда тажриба алмашиш, сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, “Ақаба жараёни” формати ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилган.

Олий даражадаги келишувларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш учун кенг қамровли “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинган.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Иордания Подшоҳини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг