Иордания GTA VI ўйинини тақиқламоқчи 

Олам

−

visibility213 timer2 дақиқа

image

Иорданияда вояга етмаганлар учун хавф-хатар туфайли GTA VI ўйинини тақиқлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Расмийлар болаларнинг ўйин чатлари орқали нотаниш кишилар билан мулоқот қилишидан хавотирда. Бу ҳақда “Roya News” хабар берди.

Мамлакат Телекоммуникацияларни тартибга солиш комиссияси (TRC) раиси Лара ал-Хатибнинг сўзларига кўра, ушбу қарор болалар ва ўсмирлар хавфсизлигидан хавотирланган фуқароларнинг кўплаб мурожаатларидан сўнг телекоммуникация регулятори томонидан бошқа идоралар билан биргаликда тайёрланмоқда.

Ал-Хатиб замонавий видеоўйинлар аллақачон оддий кўнгилочар восита доирасидан чиқиб кетганига эътибор қаратган. Улар фойдаланувчилар овозли ва матнли чатлар орқали турли мамлакатлардаги нотаниш одамлар билан тўғридан тўғри мулоқот қилиши мумкин бўлган интерактив рақамли маконларга айланган.

Регулятор раҳбарининг фикрича, бундай ўзаро алоқа вояга етмаганлар учун қўшимча хатарларни юзага келтиради.

Қайд этилишича, Иорданияда болаларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик вояга етмаганларнинг очиқ-сочиқ контент ва уларнинг ёшига мос келмайдиган материаллардан фойдаланишини тақиқлайди.

Бироқ ал-Хатибнинг тушунтиришича, GTA 6 ўйинида фақат катталар учун мўлжалланганлик ҳақидаги халқаро белги мавжуд бўлишига қарамай, болалар барибир уни юклаб олиши ва ўйнаши мумкин. Бунга вояга етмаганларнинг киришига тўсқинлик қиладиган қатъий техник чекловларнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда.

Ал-Хатиб ота-оналар ва васийларнинг ролини алоҳида таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, болаларнинг смартфонлар, бошқа қурилмалар ва видеоўйинлардан фойдаланишини назорат қилиш, шунингдек, оиланинг хабардорлиги ҳимоянинг биринчи чизиғи бўлиб қолмоқда ва давлат чораларини тўлдириши лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иордания расмийлари миллий хавфсизлик ва рақамли муҳитни ҳимоя қилиш мақсадида Telegram мессенжерини блоклаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг