GTA VI: Дунё иқтисодиётини ҳам “ўйнатган” ўйин

Таҳлил

−

visibility641 timer9 дақиқа

Reklama
0:00

Бугун бутун дунё ёшлари ягона бир мавзуни муҳокама қилмоқда. Бу на сиёсат, на спорт ёки бирор-бир кашфиётдир. “Янги пандемия” номи билан интернетда шов-шувларга сабаб бўлаётган Rockstar Games’нинг “GTA” номи билан тилларда достон бўлган видеоўйини ниҳоят узоқ кутишлардан сўнг сотувга чиқарилди.

1,5 миллиард доллар – айрим давлатларнинг йиллик бюджетига тенг келадиган маблағ. Rockstar Games эса бу пулни виртуал шаҳар, хаёлий қаҳрамонлар ва миллионлаб ўйинчиларнинг орзуси учун тикди. Хўш, бу улкан таваккал компанияга қачон ва қанча даромад келтиради? GTA VI ҳали кўплаб ўйинчиларни экран қаршисига михлаб улгурмасидан, унинг атрофида миллиардлаб доллар пуллар айлана бошлагани ростми?

“Машиналар қандай ўғирланади?”

Тасаввур қилинг, сиз катта шаҳарнинг кўчаларидан биридасиз. Атрофда осмонўпар бинолар, шовқин-сурон, тирбандлик, полиция сиреналари ва ҳар томонга шошаётган одамлар. Бамисоли ҳақиқий дунё, аммо биргина фарқ: бу шаҳарда сиз учун ҳеч нарса тақиқланмаган. Тўғри тушундингиз, ҳеч нарса. Истаган машинангизни ҳайдашингиз, кўчаларда кезишингиз, турли тўполонлар қилишингиз, топшириқларни бажаришингиз ёки қонун билан ҳисоблашмай, бутун шаҳарни остин-устун қилишингиз мумкин. Албатта, жиноят жазосиз қолмайди, сизни ҳибсга олишлари, отишлари ва ҳатто ўлдиришлари мумкин. Аммо сония ўтмай, сиз барчасини қайта бошлашингиз мумкин бўлади. Ҳа, билиб турганингиздек, гап ўша машҳур – Grand Theft Auto видеоўйини ҳақида кетмоқда.

Инглиз тилидаги ушбу атамани ўзбекчага тахминан “автомобилни йирик миқёсда ўғирлаш” ёки қисқа қилиб айтганда, “автомобиль ўғрилиги” деб таржима қилиш мумкин. Аслида, бу атама АҚШ қонунчилигидаги автомобилни ноқонуний олиб қочиш жинояти номидан олинган. Демак, ўйин номининг ўзиданоқ унинг қандай оламга бошлаши ҳақида кичик ишора бор.

GTA илк бор 1997 йилда Шотландиянинг DMA Design компанияси томонидан ишлаб чиқилиб, ўйин бозорига тақдим этилган. Кейинчалик бу студия Rockstar North номи билан танилди, ўйинни ишлаб чиқиш эса бугун бутун дунёга машҳур Rockstar Games зиммасига ўтди. Дастлаб оддий графикалар ва юқоридан кўринадиган шаҳар манзаралари билан бошланган лойиҳа йиллар давомида ривожланиб, ўйин саноатининг энг йирик франшизаларидан бирига айланди.

GTAʼнинг асосий жозибаси шундаки, у ўйинчини шунчаки тайёр сценарийни кузатишга мажбур қилмайди, балки унга бутун бир шаҳар калитини топширади. Бу ерда сиз оддий фуқаро эмас, балки жиноят оламига кириб қолган қаҳрамон ролини ўйнайсиз. Машиналарни олиб қочиш, полиция билан қувлашмачоқ ўйнаш, турли топшириқларни бажариш, бизнес юритиш, пул топиш ва шаҳар ҳаётининг турли кўринишларида иштирок этиш мумкин. 
Асосий воқеалар занжири мавжуд бўлса-да, ўйинчи истаса, ундан бир муддат четга чиқиб, шунчаки шаҳар кўчаларида сайр қилиши ҳам мумкин. Хуллас, GTA – бу экран ичидаги улкан муқобил дунё, ўйинчи эса унда ҳам бош қаҳрамон, ҳам ўз саргузаштининг режиссёри.

Шу жиҳати билан GTA оддий автомобиль пойгаси ёки отишма ўйинидан анча фарқ қилади. У инсоннинг эркинлик, саргузашт ва таваккалга бўлган қизиқишини виртуал оламга кўчиради. Бир қарашда, гап машиналар ва жиноятлар ҳақида кетаётгандек туюлиши мумкин. Аслида эса бу ўйин инсонларнинг ичида йиғилган агрессия ва негатив энергияни хавфсиз бўлган виртуал оламда чиқариб юборишга, ҳақиқий ҳаётда қилиш хавфли бўлган ҳаракатларни синаб кўришга имкон беради. Муҳим жиҳати шундаки, юқорида айтганимиздек, ҳатто ўйин ичида ҳам жиноятлар жазосиз қолмайди.

“GTA гриппи”

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни дунёнинг турли бурчакларида минглаб одамларни ёппасига “бетоб” қилиб қўйган янги вирус тарқалди. Унинг номи – GTA. 13 йиллик танаффусдан кейин чиқарилаётган франшизанинг олтинчи қисми кўпчиликни вақтинчалик таътил олишга ёки ёлғондан касал бўлиб қолишга ундамоқда.

Охирги марта 2013 йилда GTA V билан ўйинчиларни виртуал Лос-Сантос кўчаларига олиб кирган Rockstar Games орадан 13 йил ўтиб, ниҳоят, сериянинг янги қисми – GTA VI билан қайтмоқда. Бу шунчаки навбатдаги ўйин тақдимоти эмас, балки бир авлодни ўзи билан бирга улғайтирган ва ўтган давр мобайнида кутилган ностальгия ҳамда замонавий альтер-дунё қоришмаси дейиш мумкин. Шу сабабли унинг трейлерлари, суратлари ва ҳатто кичик тафсилотлари ҳам интернетда миллионлаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Дастлабки трейлер YouTube’да 300 миллиондан ортиқ марта томоша қилингани ҳам ушбу дунёнинг мухлислари нақадар кўп эканлигини кўрсатади.

Бироқ GTA VI шунчаки қайтиш эмас, 13 йиллик меҳнат ва видеоўйин саноатининг бу давр мобайнида тўхтовсиз ривожлангани сабабли янги қисм буткул янги даражага чиқди. Rockstar ўйинни ишлаб чиқиш учун расман тасдиқламаган бўлса-да, мустақил баҳолашларда унинг бюджети 1,5 миллиард АҚШ долларидан ошгани айтилмоқда. Бу уни тарихдаги энг қиммат видеоўйин лойиҳаларидан бирига айлантиради. Ўйин устида дунёнинг турли нуқталарида қарийб 5 минг киши ишлагани, ишлаб чиқиш жараёни эса ўн йилдан ортиқ давом этгани ҳақидаги маълумотлар лойиҳанинг кўламини яққол кўрсатади. Бошқача айтганда, бу сафар Rockstar миллиард долларлик виртуал шаҳар қурди.

Биргина видеоўйин учун сарфланган бюджет Самоа ёки Доминика каби бутун бошли давлатларнинг йиллик ялпи ички маҳсулоти қийматидан юқори. Интернетда Дубайдаги Бурж Халифанинг қурилиши учун кетган харажатлар билан биргина ўйин “ютиб юборган” пуллар солиштирилган видеолар миллионлаб лайк ва изоҳлар тўплади. Айнан шу харажатлар билан боғлиқ миш-мишлар ҳам видеоўйинни одамлар орасида янада машҳур қилиб юборди.

Янги қисмга қизиқиш шу қадар ошиб кетдики, унинг шов-шуви ижтимоий тармоқлардан чиқиб, йирик нашрларнинг асосий мавзуларига айланди. Ҳатто баъзи манбалар ўйин туфайли АҚШ иқтисодиётига 1 миллиард долларлик зарар етиши мумкинлиги ҳақида шов-шувли хабарлар эълон қилди. Ушбу ажиотажга эса Rockstar Games’ни молиялаштирувчи Take-Two Interactive компанияси бош директори Штраус Зельникнинг “19 ноябрь куни кўпчилик ўзини касалга солиб, ишга чиқмайди”, дея ҳазил аралаш берган баёноти сабаб бўлди, дейиш мумкин.

Шундан сўнг ўйин туфайли ишга чиқмаслик ҳақидаги гипотезалар бутун интернетни эгаллаб олди. “Янги эпидемия” ёки “GTA гриппи” каби норасмий терминлар кўплаб нашрларнинг жимжимадор сарлавҳаларидан жой олди. Австралиянинг Nine News телеканали номаълум манбага таяниб: “Битта ўйин Австралия меҳнат унумдорлигини 70 миллион Австралия доллари миқдорида тўхтатиб қўйиши мумкин”, деб бонг урди. Бир кун ўтиб, 7 News ҳам Австралиядаги компаниялар “касаллик таътиллари”нинг кескин ошишига тайёрланаётгани ҳақида хабар берди. Буюк Британиянинг Daily Star нашри ҳам 1,2 миллион британиялик ишчи GTA VI ўйнаш учун йиллик меҳнат таътилига чиқишини даъво қилиб, хабар эълон қилди. Аммо мутахассислар бундай сарлавҳали хабарлар ҳеч қандай тасдиқланган манбаларга асосланмаганини таъкидламоқда.

Шунга қарамай, ўйин тақдим этилгач, бир неча кун давомида иш жойларида одатдагидан кўпроқ бўш стуллар қолиши эҳтимоли бор. Ахир айримлар бу кунни йиллик таътил ҳисобидан олдиндан банд қилиб қўйган, бошқалар эса севимли ўйини билан учрашиш учун бир неча кунлик режалар тузган. Сериянинг бешинчи қисмини ўйнаган авлод бугун GTA VI’ни ўз фарзандлари билан бирга ўйнашга шошилмоқда.

Буни баъзи йирик компаниялар ҳам тушуниб, ўз ходимларига бир неча кунлик таътиллар бергани ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, Logitech компанияси 7 минг нафар глобал ходимига ўйин учун бир кунлик таътил эълон қилган. Pocketpair корхонаси ҳам 12 ноябрда ходимларига 19–23 ноябрь кунлари учун беш кунлик махсус таътил белгилаган. Албатта, юқоридаги ташкилотлар тўғридан-тўғри ўйин индустрияси билан алоқадор бўлгани сабабли бундай сиёсатнинг олиб борилиши табиий. Бундан ташқари, ходимлар билан боғлиқ бундай ҳаракатлар компанияларнинг имижига ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши аниқ.

GTA VI қачон миллиардларни қайтаради?

Бир миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган лойиҳа ўз харажатларини қачон қоплайди? Жавоб учун узоқ кутишга тўғри келмаслиги мумкин. 2026 йил 19 ноябрь куни расман тақдим этилган Grand Theft Auto VI нафақат видеоўйин саноати, балки савдо, реклама, озиқ-овқат етказиб бериш ва технология бозорида ҳам катта иқтисодий тўлқин ҳосил қилмоқда.

GTA VI’ни ишлаб чиқаришга сарфланган маблағ расман эълон қилинмаган. Бироқ таҳлилчилар лойиҳанинг ишлаб чиқиш харажатларини 1,5 миллиард доллардан ортиқ деб баҳоламоқда. Бундай улкан сармояни қайтариш учун ўйин миллионлаб нусхада сотилиши керак эди. Аммо дастлабки натижалар кутилганидан ҳам юқори бўлди, дейиш мумкин. Sensor Tower таҳлилий компанияси ҳисоб-китобларига кўра, 13 ноябрга қадар 12 миллиондан ортиқ олдиндан буюртма расмийлаштирилган ва уларнинг умумий қиймати 1,18 миллиард долларга етган эди.
19 ноябрь куни эса савдо кўрсаткичлари янада юқорилади. “Reuters” хабарига кўра, Sensor Tower ўйин тақдимотининг илк кунида 24,58 миллион нусха сотилганини ва бу тахминан 2,36 миллиард долларлик тушумга тенглигини баҳолаган. Таққослаш учун, GTA V 2013 йилда илк 24 соат ичида қарийб 800 миллион долларлик савдони амалга оширган эди.

Хўш, шунда ўйин ўзини аллақачон оқлаб бўлдими? Gadget Review нашри келтирган сценарийга кўра, ўйин савдосидан тушган маблағнинг тахминан 30 фоизи платформа эгалари – PlayStation ва Xbox каби компанияларга комиссия сифатида қолиши мумкин. Масалан, 1,9 миллиард долларлик ялпи савдо тушумидан ушбу улуш олиб ташлангач, Take-Two ихтиёрида тахминан 1,33 миллиард доллар қолади. Бу эса ўйинни ишлаб чиқиш харажатларининг тахминий кўрсаткичларини ҳали тўлиқ қопламаганини англатади.

Тўғри, 19 ноябрдаги 2,36 миллиард долларлик дастлабки савдонинг ўзи лойиҳа харажатлари илк кунданоқ қопланган бўлиши мумкин, деган фикрни тасдиқлайди. Аммо бу соддалаштирилган ҳисоб-китоб, холос. Маркетинг, солиқлар, бошқа ишлаб чиқариш харажатлари ва ҳамкорлар билан даромад тақсимоти ҳам мавжудлигини унутмаслик керак. Бундан ташқари, компаниянинг мақсади фақат сарфланган харажатларни қоплаш эмас, балки чинaкам фойда кўриш эканлиги аниқ.

Бироқ Take-Two компанияси учун GTA VI, ҳеч қандай шубҳасиз, ҳақиқий “олтин кони”га айланиши мумкин. Таҳлилчиларнинг фикрича, компания узоқ муддатли даромадни GTA Online ва GTA+ каби хизматлардан кутмоқда. Ўйинчиларнинг виртуал оламда қўшимча имкониятлар, буюмлар ва хизматлар учун пул сарфлаши мунтазам даромад манбаига айланиши мумкин. Айниқса, GTA VI’нинг онлайн режими ишга тушгач, компания учун янги молиявий давр бошланиши кутилмоқда.

Видеоўйин атрофидаги иқтисодий шов-шув фақат ўйин ишлаб чиқарувчилар билан чекланмайди. Иқтисодчилар ўйиннинг тақдим этилиши бошқа соҳалар даромадларининг ҳам сезиларли ошишига туртки бериши мумкинлигини таъкидламоқда. Масалан, уйда қолиб, бир неча соатлаб Vice City кўчаларини кезишни режалаштирганлар учун озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари ҳам қўшимча даромад манбаига айланиши мумкин. Ўйин вақтида овқат пишириш ёки ресторан излаб юриш ўрнига, тайёр буюртма бериш қулайроқ. Бу эса етказиб бериш хизматлари ва умумий овқатланиш секторида талабнинг вақтинча ошишига замин яратади.

Яна бир фойда кўриши мумкин бўлган йўналиш – электроника ва компьютер аксессуарлари бозори. Янги ўйинни юқори сифатда ўйнаш ва бошқариш учун айрим фойдаланувчилар телевизор, монитор, қулоқчин, контроллер, қўшимча хотира қурилмалари ҳамда тезкор интернет ускуналарини янгилашга киришиши мумкин. Демак, GTA VI савдоси ортидан нафақат Rockstar, балки ўйин техникасини ишлаб чиқарувчи ва сотувчи компаниялар ҳам манфаат кўриши эҳтимоли бор.

Шу маънода, GTA VI’ни фақат видеоўйин сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Бу – йилнинг энг кутилган рақамли маҳсулотларидан бири, унинг иқтисодий таъсири эса ўйин индустриясидан ташқаридаги соҳаларга ҳам етиб бориши мумкин. Зеро, бугун виртуал шаҳар қуриш учун сарфланган миллиардлар реал дунёдаги бизнеслар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар