Ўзбекистон ва Иордания ўртасида 19 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон

−

visibility389 timer2 дақиқа

image

Бугун, 24 ноябрь куни Аммон шаҳрида ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳи Абдулла II ибн Ал-Ҳусайн ҳузурида ўзаро ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинган ҳамда Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим имзоланган. Ушбу давлатлараро ҳужжатлар мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Шунингдек, имтиёзли савдо, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам, маданият ва маданий ижодкорлик саноати, миллий кутубхоналар, ҳужжатлар ва архивлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларида битимлар ва англашув меморандумлари имзоланган.

Бундан ташқари, иқтисодий дипломатия, тоғ-кон саноати ва геология, уй-жой қурилиши ва шаҳарсозликни ривожлантириш, рақамлаштириш ва ахборот технологиялари, озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларини назорат қилиш, соғлиқни сақлаш хизматлари ҳамда чорвачилик йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилган.

Минтақалараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Тошкент ва Аммон шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд шаҳри ва Петра туризм минтақаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар алмашилган.

Давлат ташрифи доирасида жами 19 та икки томонлама ҳужжат қабул қилинган ва имзоланган. Қайд этилишича, ушбу муҳим келишувлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг