Чет эл машиналарининг Ўзбекистонда қолиш муддати узайтирилади

Ўзбекистон

−

visibility796 timer2 дақиқа

image

Ўзбекистонда хорижий автотранспорт воситаларининг мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини 90 кундан 180 кунгача узайтириш таклиф этилмоқда. Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддати ҳам 60 кундан 120 кунгача оширилиши белгиланган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 24 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилган.

Қонун лойиҳаси билан Божхона кодексида хорижий автотранспорт воситаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини такомиллаштириш таклиф этилмоқда.

Унга кўра, чет эл автомобилларининг мамлакатимиз ҳудудида бўлиш муддати амалдаги 90 кундан 180 кунгача узайтирилади. Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддати эса 60 кундан 120 кунгача оширилади.

Ҳужжатда божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашда ҳисобланадиган фоизларни Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаларига тенглаштириш ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари учун бош таъминот суммаларини камайтириш механизмлари жорий этилмоқда. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари доирасида аризалар ҳамда уларга илова қилинадиган ҳужжатларни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали қабул қилиш имкониятлари кенгайтирилади.

Қонун лойиҳаси қабул қилинса, ташқи савдо операцияларидаги ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар қисқартирилиши, тадбиркорларнинг молиявий юки енгиллаштирилиши, божхона хизматлари шаффофлиги ва тезкорлиги оширилиши кутилмоқда. Бу орқали мамлакатнинг инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсад қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг