Қирғизистондаги ёнғинда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди (видео)
3-саҳифа
−
1096 1 дақиқа
Қирғизистоннинг Манас шаҳрида қурилаётган икки қаватли бинода содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди, яна бир ўзбекистонлик реанимацияга ётқизилди. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ёнғин кеча, 22 ноябрь куни Интимак қишлоғидаги А. Каримбеков кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинода юз берган. Уни ўчириш учун учта ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ёнғин соат 22:56 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида уч нафар эркак жабрланган. Улардан икки нафари ёнаётган бинодан олиб чиқилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган. Бироқ улардан бири шифохонада вафот этган, иккинчиси эса реанимацияга ётқизилган.
Учинчи эркак эса воқеа жойида тутундан заҳарланиб ҳалок бўлган. Унинг жасади қутқарувчилар томонидан бинодан олиб чиқилиб, тиббиёт ходимларига топширилган.
Билдирилишича, ҳозирда мутахассислар ёнғин сабабларини ва етказилган моддий зарар миқдорини аниқламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Cobalt автомобили иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси