Путинни қўлга олишга талаб, Трампдан таҳдид ва ёнғинда ҳалок бўлган ўзбеклар – Qalampir.uz дайжести

Таҳлил

−

visibility141 timer4 дақиқа

Reklama
0:00

Сўнги 24 соат ичида Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида содир бўлган муҳим ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uz дайжести. 

Ўзбекистонда 70 ёшдан ошган 200 нафардан ортиқ эркак уйланди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь – сентябрь ойларида 70 ёш ва ундан катта бўлган 218 нафар эркак никоҳдан ўтди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатда ФҲДЁ органлари томонидан жами 172 мингта никоҳ қайд этилган. Шулардан 3 минг 93 та никоҳ 20 ёшгача бўлганлар орасида тузилган бўлса, энг кўп никоҳ 20–30 ёш оралиғидаги шахслар ўртасида қайд этилган.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда никоҳлар сони сезиларли даражада камайган. 2021 йилда 305,2 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2025 йилга келиб бу рақам 267,1 мингтани ташкил қилган.

Яъни тўрт йил ичида никоҳлар сони 38,1 мингтага камайган. Жорий йилнинг январь–июнь ойларида эса Ўзбекистонда 92,3 мингта никоҳ қайд этилган.

Трамп Эронга таҳдид қилди

Дональд Трампнинг сўзларига кўра, агар Эрон ва АҚШ келишувга эриша олмаса, у янги 2027 йил бошида Эронга зарба бериш ҳақида буйруқ беришга тайёр. Шу билан бирга, у Теҳрон билан давом этаётган дипломатик музокараларни маъносиз деб атаган.

Бундан ташқари, у эронлик музокарачиларни жараённи атайлаб чўзишда айблаб, АҚШдаги сайловлардан сўнг Эрон, аксинча, душманлик ҳаракатларини кучайтирганини айтган.

“Улар ҳозир сайловлардан олдингига қараганда тажовузкорроқ ҳаракат қилишмоқда. Тинмай гапиришяпти, фақат гапириш билан овора, аммо буларнинг бари мутлақо бемаънилик”, деган Трамп.

Ушбу баёнотлар Ҳормуз бўғозидаги можаро доирасида АҚШ томонидан Эрон портларининг денгиз блокадаси давом этаётган бир пайтда янгради. Шунингдек Трамп, Америка ва Эрон кучлари ўртасида ўзаро зарбалар алмашинуви давом этишини тахмин қилди.

У Теҳронга Америка денгиз блокадасининг мустаҳкамлигини синаб кўришни ҳам таклиф қилган.

“Умид қиламанки, улар уриниб кўришади. Ўшанда уларнинг қолган бутун флоти билан бирга денгиз тубига равона бўлишади”, деган Трамп

Қирғизистондаги ёнғинда ўзбекистонликлар ҳалок бўлди

Қирғизистоннинг Манас шаҳрида қурилаётган икки қаватли бинода содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди.

Қайд этилишича, ёнғин жорий йилнинг 22 ноябрь куни Интимоқ қишлоғидаги қурилиши тугалланмаган бинода юз берган. Уни ўчириш учун 3 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Ҳодиса оқибатида 1986–1988 ва 1999 йилда туғилган 3 нафар эркак жабрланган. Жабрланганлардан икки нафари ёнаётган бинодан олиб чиқилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган. Бироқ улардан бири шифохонада вафот этган, иккинчиси эса реанимацияга ётқизилган.

Учинчи эркак воқеа жойида тутундан заҳарланиб ҳалок бўлган. Унинг жасади қутқарувчилар томонидан бинодан олиб чиқилиб, тиббиёт ходимларига топширилган. Ҳозирда марҳумларнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, уларнинг қариндошлари билан ҳам алоқа ўрнатилган.

ЕИ Путин ҳибсга олинмагани учун Тожикистонни танқид қилди

Европа иттифоқи Тожикистонни танқид қилди. Иттифоқ Россия Президенти Владимир Путиннинг Тожикистонга ташриф буюрганидан афсусда эканини маълум қилди. Брюссель 2023 йил март ойида Халқаро жиноят суди томонидан Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилиб, ҳибсга олиш ордери берилганини эслатди.

Қайд этилишича, Тожикистон Халқаро жиноят судининг Рим статутига аъзо давлат ҳисобланади. Шу сабабли мамлакат ҳибсга олиш ордерини бажариши лозим эди.

Европа Иттифоқи барча давлатларни ХЖС билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга, ҳибсга олиш ордерларини тезкорлик билан ижро этишга, шунингдек, суд билан ихтиёрий келишувлар тузишга чақирган.

Европа ташқи алоқалар хизматининг баёнотида айтилишича, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши уруши оқибатида содир этилган барча халқаро жиноятлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши учун тўлиқ жавобгарликни таъминлашга қатъий содиқ.

Бундан ташқари, Брюссель жабрланувчиларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, етказилган зарарни қоплаш ва келажакда бундай жиноятларнинг олдини олиш кафолатларини қўллаб-қувватлайди.

Европа Иттифоқи ХЖС прокурори томонидан Украинада олиб борилаётган терговларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда ва Рим статутига аъзо барча давлатларни суд билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирмоқда.

Уч вилоят туманларига янги ҳокимлар тайинланди

Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларининг айрим туманларига янги ҳокимлар тайинланди.

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Ғайратжон Ҳамроев Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу лавозим шу кунгача Ботир Тоғаевга тегишли эди. Тайинловга қадар Ғайратжон Ҳамроев вилоят ҳокимлигида шўба мудири лавозимида ишлаб келаётган эди. Айни куннинг ўзида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманига ҳам янги ҳоким тайинланди. Бу лавозимни шу кунга қадар Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг Сирдарё вилояти бўйича лойиҳа офиси раҳбари лавозимида ишлаб келаётган Бекмурод Акбаров эгаллади. Ундан аввал туман ҳокими вазифасини Абдураҳим Умаров бажарган. Бундай ўзгариш Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ҳам амалга оширилди. Шамсиддин Турдалиевнинг ўрнига Жаҳонгир Жуманов тайинланди. У ҳозирга қадар вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг