Қирғизистондаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар бўйича маълумот берилди
3-саҳифа
−
2542 1 дақиқа
Аввалроқ, Қирғизистоннинг Манас шаҳрида қурилаётган икки қаватли бинода содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлгани, яна бир ўзбекистонлик реанимацияга ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирда марҳумларнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.
Унинг билдиришича, кеча, 22 ноябрь куни Жалолобод вилоятида қурилиши тугалланмаган икки қаватли ресторан биносида ёнғин содир бўлган. Ҳодиса оқибатида ушбу объектнинг қурилиш ишларида меҳнат қилган 2 нафар Ўзбекистон фуқароси И.Р.А. (1986 йилда туғилган) ҳамда Б.Б.Б. (1988 йилда туғилган) тутундан заҳарланиш оқибатида вафот этган.
Яна бир нафар фуқаро А.А.А. (1999 йилда туғилган) Жалолобод вилояти клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Ҳолат юзасидан маҳаллий идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Омонулла Файзиевга кўра, вазият Ўзбекистон Республикасининг Ўшдаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган, марҳумларнинг жасадини қайтариш чоралари кўрилмоқда. Уларнинг қариндошлари билан алоқа ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Cobalt автомобили иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси