Индонезияда қандолат фабрикасига ўт кетди. Камида 24 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

−

visibility315 timer2 дақиқа

image

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Индонезиянинг Бантен провинциясидаги қандолат фабрикасида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

“Якшанба куни Индонезия полицияси Ява оролида ёнғин оқибатида вайрон бўлган фабрика биносидан жасадлар учун мўлжалланган 24 та қопни олиб чиқди”, дейилади хабарда.

Ёнғин 21 ноябрь куни кечқурун Чиканде шаҳридаги PT Fonusa Agung Mulia фабрикасида юз берган. Эртаси куни ўт ўчирувчилар қолган ёнғин ўчоқларини бартараф этишда давом этган. Корхонанинг бедарак йўқолган ходимларини қидириш операцияси тунда вақтинча тўхтатилган.

Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум. Полициянинг тушунтиришича, битта қопда бир неча кишининг жасад қолдиқлари бўлиши мумкин. Оловнинг кучли таъсири туфайли уларнинг шахсини визуал тарзда аниқлашнинг имкони бўлмаган. Шу сабабли мутахассислар ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш учун бедарак йўқолганларнинг қариндошларидан ДНК намуналарини олмоқда ва уларнинг шахсий буюмларидан фойдаланмоқда. Полиция вакилининг сўзларига кўра, бу жараён икки-уч ҳафта вақт олиши мумкин.

Фабрика маълумотларига кўра, корхонанинг 65 нафар ишчисидан 24 нафари уйига қайтган, тўрт нафари тиббий ёрдам олмоқда, яна 29 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида. Саккиз кишининг қаерда эканини ҳозирча тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. Бундан ташқари, бинонинг бир қисми қулаб тушиш хавфи остида қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Манас шаҳрида қурилаётган икки қаватли бинода содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлгани, яна бир ўзбекистонлик реанимацияга ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг