ЕИ Путин ҳибсга олинмагани учун Тожикистонни танқид қилди

Олам

−

visibility2256 timer2 дақиқа

image

Европа Иттифоқи Россия Президенти Владимир Путиннинг Тожикистонга ташриф буюрганидан афсусда эканини маълум қилди. Брюссель Путинга нисбатан Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан ҳибсга олиш ордери берилганини эслатди. Бу ҳақда Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) баёнотида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Тожикистон Халқаро жиноий суднинг Рим статутига аъзо давлат ҳисобланади. Шу сабабли мамлакат ҳибсга олиш ордерини бажариши лозим эди.

“Европа Иттифоқи Рим статути таъсиридаги, бутун дунё тинчлиги, хавфсизлиги ва фаровонлигига таҳдид соладиган жиноятлар жазосиз қолмаслиги кераклигини эслатади”, дейилади Брюссель баёнотида.

Европа Иттифоқи барча давлатларни ХЖС билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга, ҳибсга олиш ордерларини тезкорлик билан ижро этишга, шунингдек, суд билан ихтиёрий келишувлар тузишга чақирган. Баёнотда айтилишича, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши уруши оқибатида содир этилган барча халқаро жиноятлар, инсон ҳуқуқлари бузилиши учун тўлиқ жавобгарликни таъминлашга қатъий содиқ.

Бундан ташқари, Брюссель жабрланувчиларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, етказилган зарарни қоплаш ва келажакда бундай жиноятларнинг олдини олиш кафолатларини қўллаб-қувватлайди.

Европа Иттифоқи ХЖС прокурори томонидан Украинада олиб борилаётган терговларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда ва Рим статутига аъзо барча давлатларни суд билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирмоқда.

“Европа Иттифоқи яна бир бор ХЖСни, шунингдек, Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашини маълум қилади”, дейилади EEAS хабарида.

Маълумот учун, 2023 йил мартида Халқаро жиноий суди Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилиб, ҳибсга олишга ордер берган эди. Худди шундай ордер Президент ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни эрталаб Россия президенти Владимир Путин амалий ташриф билан Тожикистонга борган эди. Душанбедаги халқаро аэропортда уни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон кутиб олди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг