Илк учрашув, Киевга оғир жавоб ва бошпанасиз болалар Wеекend
Таҳлил
−
370 9 дақиқа
Ўтган ҳафта халқаро майдонда бир қатор муҳим воқеалар содир бўлди. Дунё эътибори АҚШ, Россия ва Хитой етакчиларининг учрашувига қаратилган бир вақтда, Украинада ҳарбий ҳаракатлар давом этди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоған эса Ғазодаги вазият юзасидан ислом давлатларини Исроилга босимни кучайтиришга чақирди. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар қуролли можаролар ҳудудларида яшаётган болалар сони рекорд даражага етгани ҳақида маълумот берди.
Катта учрашув: Трамп, Путин ва Си Сзинпин нималарни муҳокама қилди?
Трамп Хитой раҳбари Си Сзинпин нутқ сўзлаётган вақтда ухлаб қолгани, Хитой раҳбари Америка Президентини аэропортда шахсан кутиб олгани-ю, Путинни кутиб олмагани, Трампнинг Путин билан ҳазиллашгани — ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган воқеалардан бўлди.
Бу учрашувга бундай катта қизиқиш билдирилиши бежиз эмас. Сабаби, дунё иқтисодиётида муҳим ўринга эга Хитой, улкан ҳудудни эгаллаган Россия ва ҳарбий салоҳияти бўйича етакчи давлатлардан бири бўлган АҚШ раҳбарларининг бир даврада жамланиши халқаро сиёсат учун алоҳида аҳамиятга эга.
Хўш, уч давлат раҳбари нималар ҳақида гаплашди?
Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида бўлиб ўтган музокаралар бир ярим соат давом этди. Етакчилар учрашуви Тошкент вақти билан тахминан соат 13:30 да бошланди.
Ёпиқ эшиклар ортидаги уч томонлама музокаралардан олдин учрашувнинг очиқ қисми бўлиб ўтди. Унда учала давлат раҳбари кириш сўзлари билан чиқиш қилди.
Си Сзинпин ушбу учрашувни мазкур форматдаги тарихий воқеа деб атаб, унинг асосий вазифаси йирик давлатлар ўртасидаги муносабатларда тинчлик ва стратегик барқарорликни сақлаш эканини таъкидлади.
Хитой раҳбарининг сўзларига кўра, Россия, АҚШ ва Хитойнинг ўзаро ҳамкорлиги халқаро хавфсизлик учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ушбу мамлакатлар дунёда тинчликни таъминлаш учун масъул ҳисобланади.
«Тарих шуни ўргатадики, йирик давлатлар ўртасидаги яхши муносабатлар дунёни хавфсиз қилади, улар ўртасидаги қарама-қаршилик эса дунёни тартибсизликка ғарқ қилади», — деди Си Сзинпин.
Владимир Путин ҳам уч давлатнинг халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун умумий масъулиятини таъкидлади. Россия Президенти муҳокама қилинадиган мавзулар қаторида глобал ва минтақавий иқтисодий алоқалар, озиқ-овқат ҳамда энергетика хавфсизлигини санаб ўтди.
Унинг таъкидлашича, мамлакатларнинг минтақавий можароларни, жумладан, Украинадаги урушни ҳал қилиш борасида ўзаро мос келувчи манфаатлари мавжуд. Путин бу масалада Хитой раҳбари билан ҳам аввалроқ суҳбатлашганини, АҚШ Президенти ташаббуси билан ўтказилган икки томонлама учрашувда ҳам Украина мавзусига алоҳида эътибор қаратилганини айтди.
Дональд Трамп эса уч давлат раҳбарлари олдида муҳокама қилиниши керак бўлган кўплаб масалалар борлигини қайд этди.
«Биз тарихга киришимизга ишончим комил», — деди АҚШ Президенти.
У эҳтимолий ҳамкорлик йўналишлари орасида ядровий арсеналларни қисқартириш ва ядро қуроли тарқалиши хавфини камайтириш масалаларини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Трамп Путин билан Украинадаги урушни муҳокама қилишларини тасдиқлади.
«Президент Путин ва мен бу можарони аллақачон етарлича узоқ муҳокама қилдик. Менимча, биз тўғри йўналишда кетяпмиз. Умид қиламанки, Президент Путин ҳам, Украина томони ҳам ушбу можаронинг якунланишига эришишни истайди», — деди у.
Саммит олдидан Россия, АҚШ ва Хитой қўшма баёнот лойиҳаси устида ҳам иш олиб борган. Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, келишув жараёни мураккаб маслаҳатлашувлар билан кечган. Москва умумий коммюнике қабул қилинишига умид қилган, бироқ унинг ўрнига ҳар бир етакчи музокаралар натижаларига алоҳида баҳо бериши мумкинлигини ҳам истисно этмаган.
Путин ваъдасини бажардими? Россия Киевга баллистик ракеталар билан зарба берди
Уч мамлакат президентлари учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Россия раҳбари Владимир Путин Украина Қрим кўпригидаги портлаш учун жавоб беришини айтганди. У Россиянинг жавоби Киев учун оғир бўлишини таъкидлаган.
«Биз ушбу зарбаларга жавоб қайтарамиз ва буни ҳамма билишини истайман. Ўйлайманки, ҳозиргина айтганимдек, бизнинг жавоб ҳаракатларимиз Киев режимининг кўприкка нисбатан қилган ишидан кўра анча оғриқли бўлади», — деган Путин.
20 ноябрга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Киевга баллистик ракеталар билан ҳужум қилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна 15 киши жароҳатланган. Уларнинг етти нафари шифохонага ётқизилган.
Зарбанинг асосий нишонлари Днепр дарёси орқали ўтувчи учта кўприк — Подольск-Воскресенск, Дарница ва Жанубий кўприклар бўлган. Биринчи ўтиш йўли бўйлаб ҳаракатланиш тўхтатилган, қолганларида эса чекловлар жорий этилган.
Киев мэри Виталий Кличко аҳолини вазият барқарорлашгунга қадар шахсий автомобиллардан фойдаланмасликка чақирди.
«Пойтахтнинг чап ва ўнг қирғоқлари ўртасидаги мураккаб тирбандлик туфайли мен аҳолини ўта зарур эҳтиёж бўлмаса, шахсий автомобилда ҳаракатланмасликка чақираман», — деб ёзди у.
Кличко ракета ҳужуми давом этаётганини ҳам маълум қилди. Мутахассислар кўприкларнинг шикастланиш даражасини ҳаво тревогаси тугаганидан кейингина баҳолаши мумкинлиги айтилди.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида учта туманда ёнғинлар келиб чиққан, муҳим инфратузилма объектларига зарар етган. Шаҳарнинг бир нечта туманларида электр тармоғида кучланиш йўқлиги сабабли троллейбуслар ҳаракати ҳам тўхтаб қолган.
Ушбу тунда Львов, Харьков, Запорожье ва Днепропетровск вилоятлари ҳам ҳужум остида қолган.
Харьков мэри Игор Терехов шифохонага дрон зарбаси берилгани ҳақида хабар қилди. Оқибатда тўрт киши жабрланган. Запорожьеда учувчисиз учиш аппарати трамвайга бориб урилган, бир аёл жароҳат олган. Днепропетровск вилоятининг Жёлтые Воды шаҳрида эса беш киши жабрланган.
Россия Мудофаа вазирлиги ўз навбатида Киев ва Украинанинг бешта вилоятидаги ҳарбий-саноат комплекси корхоналари, омборлар, энергетика ҳамда транспорт инфратузилмаси объектларига зарба берилганини маълум қилди.
Эрдоған ислом давлатларини Исроилга босимни кучайтиришга чақирди
Ғазо секторида давом этаётган ҳужумлар фонида мусулмон жамоатчилиги Исроилга босимни кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириши зарур. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоған Адолат ва тараққиёт партиясининг парламент фракцияси йиғилишида сўз очди.
Туркия раҳбари Ғазода содир бўлаётган воқеаларни кескин танқид қилиб, Исроил раҳбариятини тинч аҳолига нисбатан оғир жиноятларда айблади.
«Қирғинлар, мақсадли қотилликлар, камситиш, яккалаб қўйиш, атайлаб очликка маҳкум этиш ва бошқа кўплаб жиноятлар Исроил раҳбарияти дунёдаги энг йирик концентрацион лагерга айлантирган Ғазода бутун дунё кўз ўнгида деярли ҳар куни содир этилишда давом этмоқда», — деди у.
Эрдоған дунё эски тартиб қулаётган, аммо унинг ўрнига нима келиши ҳеч кимга маълум бўлмаган оғриқли жараённи бошдан кечираётганига эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, оммавий ахборот воситаларида акс эттирилаётган воқеалардан ташқари, халқаро майдонда янада шафқатсиз рақобат кечмоқда. Россия ва Украина ўртасидаги уруш давом этаётгани, минтақавий кескинликлар эса халқаро вазиятга таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Туркия Президенти қишки кучли совуқ ҳали бошланмаган бўлса-да, Исроил томонидан жорий этилган чекловлар туфайли Ғазо секторида кенг кўламли гуманитар фалокат бошланганини айтди.
«Тиззасигача сув ва лойга ботиб турган, ҳатто пана топиши мумкин бўлган чодирлардан ҳам маҳрум ва совуқдан дир-дир титраётган Ғазо болаларининг юракни эзувчи аҳволига қарашга юрагимиз дош бермайди. Йиллар давомида дунёга демократия ва инсон ҳуқуқларидан маъруза ўқиб келганлар ниқобларини ечиб, ўзларининг асл юзини кўрсатмоқда», — деди Эрдоған.
У ислом оламини Исроилга босимни кучайтиришга чақирди. Шунингдек, қишнинг совуқ кунлари бошлангунга қадар Ғазога кўпроқ гуманитар ёрдам етказиш зарурлигини таъкидлади.
«Фақат бошқаларга таяниш ўрнига, биз, мусулмонлар ҳаракат қилишимиз ва Исроилга босимни кучайтиришга эришишимиз керак. Ислом олами янада қаттиқ қишки совуқ бошлангунга қадар Ғазога кўпроқ гуманитар ёрдам етказиш учун янада кўпроқ куч сарфлаши лозим. Биз Ғазодаги биродарларимиз ва опа-сингилларимизни вақтинча жойлаштириш учун контейнерлар юборишга тайёрмиз», — деди Туркия Президенти.
Эрдоған бошқалар бу воқеаларга кўз юмса ҳам, Туркия Ғазодаги вазият ҳақида гапиришда давом этишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, гуманитар ёрдам кўрсатиш учун зарур қадамлар ташланмоқда.
Қуролли можаролар ҳудудида 600 миллионга яқин бола яшамоқда
Дунёда давом этаётган қуролли можаролардан энг кўп жабр кўраётган қатламлардан бири — болалар. Катталарнинг сиёсий қарорлари ва ҳарбий тўқнашувлари оқибатида миллионлаб болалар очлик, кийим-кечак ва бошпана етишмаслиги, шунингдек, ота-онасидан айрилиш каби муаммоларга дуч келмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда қарийб 600 миллион бола ҳозирда нотинчлик ҳукм сураётган мамлакатларда яшамоқда. Бу 1990 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, 1990-йиллар ўртасидаги рақамдан икки баробардан ҳам кўп. Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда.
«Болаларга қарши урушни тўхтатинг» (Stop the War on Children) ҳисоботида келтирилишича, Африка ва Яқин Шарқдаги ҳар беш боладан иккитаси 2025 йилда қуролли можаролар ҳудудида яшаган. Дунёдаги можаро ҳудудларида истиқомат қилувчи болаларнинг 44 фоизи Африка ҳиссасига тўғри келган.
Яқин Шарқда ҳам вазият кескинлашган. 2024 йилда минтақада можаро ҳудудларида яшовчи болалар сони 52 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб 29 фоизга ошиб, 67 миллион нафарга етган.
Африкада эса можаролар таъсирида қолган болалар улуши 2010 йилдаги 12 фоиздан 2025 йилда 39 фоизга кўтарилган.
Ҳисоботда қуролли можаролар давомида болаларга нисбатан содир этилаётган оғир ҳуқуқбузарликлар ҳам таҳлил қилинган. Хусусан, 2025 йилда БМТ томонидан болаларга гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ 8 322 та ҳолат тасдиқланган. Бу 2015 йилдаги кўрсаткичдан 16 баробар кўп. Ушбу ҳолатларнинг 5 946 таси, яъни 70 фоиздан ортиғи Фаластин ҳудудларида қайд этилган.
Шунингдек, 2025 йилда болаларга нисбатан жами 38 967 та оғир ҳуқуқбузарлик ҳолати тасдиқланган. Бу БМТнинг мониторинг тизими ишга туширилганидан буён қайд этилган иккинчи энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Энг юқори натижа 2024 йилда — 41 763 та ҳолат бўлган.
Қайд этилишича, 2025 йилда қуролли можаролар оқибатида 14 224 нафар бола ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Болаларни ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатлар рекорд даражага — 5 128 тага етган. Болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг 1 787 та ҳолати қайд этилган. Бу сўнгги ўн йилдаги кўрсаткичдан 71 фоизга кўп.
Можаролар оқибатида мактаблар ва шифохоналарга ҳужумлар сони ҳам кетма-кет бешинчи йил ўсган. 2025 йилда бундай 2 930 та ҳолат қайд этилган. Ҳужумларнинг энг кўпи Фаластин ҳудудларида — 837 та, Украинада эса 643 та бўлган. Бу икки ҳудуддаги ҳужумлар жаҳон бўйича қайд этилган барча ҳолатларнинг ярмидан кўпини ташкил қилган.
Жинсий зўравонлик ҳолатлари Конго Демократик Республикаси ва Суданда ҳам кескин кўпайган. Конгода бундай ҳолатлар 2024 йилдаги 358 тадан 2025 йилда 592 тага, Суданда эса 74 тадан 193 тага етган. Умумий ҳолатларнинг қарийб 86 фоизи Африкадаги қуролли можаро ҳудудларида қайд этилган.
Save the Children ташкилоти болаларнинг қуролли можаролардан азият чекиши бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири эканини таъкидлаган. Ташкилот халқаро ҳамжамиятни болалар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишга ва уларни уруш оқибатларидан ҳимоя қилишга чақирган.
Дунё етакчилари сиёсий ва иқтисодий манфаатлар ҳақида музокара олиб бораётган бир пайтда, қуролли можароларнинг энг оғир оқибатларини оддий аҳоли, айниқса, болалар бошдан кечирмоқда. Халқаро ҳамжамият олдидаги энг муҳим вазифалардан бири эса уларнинг ҳаёти ва келажагини ҳимоя қилиш бўлиб қолмоқда.
Live
Барчаси