АҚШ вакили Киевнинг Донбасс бўйича хавотирини очиқлади
Олам
−
20:47 487 2 дақиқа
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Майк Уолтц Украина қўшинлари Донбассдаги назорат остидаги ҳудудларни тарк этишни истамаётганини билдирди. Унинг фикрича, Киев Россия ҳарбийлари ушбу ҳудуддан ўтиб, пойтахтга томон илгарилашидан хавотирда. Бу ҳақда дипломат “Fox News” телеканалига берган интервьюсида айтди.
Уолтцнинг билдиришича, Донбасснинг Россия назоратига ўтмаган кичик қисми ҳам стратегик аҳамиятга эга. Унинг фикрича, Россия қўшинлари ушбу ҳудуддан ўтса, Киевга тўғридан тўғри йўл очилиши мумкин.
“Донбасснинг руслар ҳали эгалламаган кичик бир қисми бор. Аммо улар бу ҳудуддан ўтиши билан Киевга тўғридан-тўғри йўл очилади. Шунинг учун украиналиклар ҳали бой бермаган ҳудудларини топширишга қатъий қаршилик кўрсатмоқда. Аслида, гап шунда”, дейди у.
Дипломат Россиянинг Киев томон ҳаракатланиш нияти йўқлигини ҳам таъкидлади. Бироқ, унинг фикрича, Украина бунга ишонч ҳосил қилиши керак.
Зеленскийнинг хавотирлари
Маълумотларга кўра, 22 октябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский “Бош директор кундалиги” подкастида Украина Қуролли кучлари Донецк вилоятининг Славянск, Краматорск ва бошқа шаҳарларидан олиб чиқилса, мамлакат яна кўплаб шаҳарларини йўқотиши мумкинлигини айтган.
У Донбассда қурилган мустаҳкам мудофаа чизиғининг аҳамиятини таъкидлаган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, ушбу ҳудудлардан чекиниш Днепропетровск вилояти, Павлоград ва Днепр шаҳри учун хавф туғдириши мумкин. Шунингдек, Украина раҳбари қўшинлар Донбассдан олиб чиқилган тақдирда Киев ҳали аниқ хавфсизлик кафолатларини олмаганини билдирган.
11 ноябрь куниги матбуот анжуманида Зеленский Абу-Дабидаги уч томонлама музокараларда АҚШ делегацияси можарони тугатиш учун Украина Қуролли кучларини Донецк вилоятидан олиб чиқишни талаб қилганини айтган. Бироқ у бундай сценарийни Киев учун мақбул эмас деб ҳисоблашини билдирган.
14 ноябрь куни эса Зеленский музокараларда америкаликлар Украина Донбассдан воз кечиш эвазига НАТОга аъзо бўлишга рози бўладими, деган саволни кўтарганини маълум қилган. Унинг айтишича, агар АҚШ ва НАТОнинг бошқа аъзолари бундай имкониятни расман тасдиқласа, бу масала Украина жамиятида муҳокама қилиниши мумкин.
Мазкур таклифга жавобан Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Москва Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига қарши эканини билдирган. У Киев учун альянсда “квази-аъзолик” ёки бошқа “ижодий ечим” таклиф қилиниши ҳам Россия учун мақбул эмаслигини айтган.
Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев эса Украинанинг Донбассни НАТОга аъзолик эвазига бериш ғоясини “ақлдан озганлик” деб атаган.
Live
Барчаси