Дунёдаги энг машҳур бегемот ўлди
Бу қизиқ
−
14:47 562 2 дақиқа
АҚШнинг Цинциннати ҳайвонот боғида дунёга машҳур бўлган Фиона исмли бегемот нобуд бўлди. У ўтган ҳафта тасодифан яшаш ҳудудига тушиб қолган бош кийимни ютиб юборган ва ветеринарлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга уринган. Бу ҳақда Цинциннати ҳайвонот боғи маъмурияти хабар берди.
Маълум қилинишича, ветеринария ходимлари бегемотнинг организмидаги бош кийимни чиқариш учун бир неча бор уринган. Шунингдек, унинг аҳволини яхшилаш ва ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Бироқ барча саъй-ҳаракатларга қарамай, Фионани қутқаришнинг иложи бўлмаган.
Ҳайвонот боғи директори Дейв Женике Фионанинг ҳаёти бундай якунланишини кутмаганини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳайвонни парвариш қилган ходимлар уни сақлаб қолиш учун қўлларидан келган барча ишни амалга оширган.
Фиона келаси йил январь ойида 10 ёшга тўлиши керак эди. У 2017 йилда муддатидан олдин, жуда кичик ва заиф ҳолатда туғилган бўлиб, яшаб қолиши учун ветеринарлар узоқ вақт давомида курашган. Кейинчалик унинг ҳаёт учун кураши ҳақидаги ҳикоя бутун дунёга тарқалиб, Фиона миллионлаб инсонларнинг меҳрини қозонган.
Ҳайвонот боғи вакиллари Фионанинг ўлими уни парвариш қилган ходимлар ва уни яхши кўрган кўплаб инсонлар учун оғир йўқотиш бўлганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасидаги Вирунга миллий боғида сўнгги бир ой ичида 28 та бегемот куйдирги касаллигидан нобуд бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси