АҚШ ва Венесуэла ҳарбий ҳамкорликни тиклади
Олам
−
10:07 718 2 дақиқа
АҚШ ва Венесуэла ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Ҳужжат икки давлат ўртасидаги ҳарбий алоқалар АҚШ кучлари Венесуэланинг собиқ президенти Николас Мадурони қўлга олганидан бир йил ҳам ўтмай қайта тикланганини англатади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, келишув АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ва Венесуэла ҳукумати ўртасида имзоланган. Ҳозирча ҳужжатнинг батафсил шартлари ошкор этилмаган. Ҳегсет Венесуэла қисқа вақт ичида минтақадаги “энг катта таҳдид”дан АҚШнинг “хавфсизлик бўйича итоаткор ҳамкори”га айланганини таъкидлаган. У бу ҳақда Каракасдаги АҚШ элчихонасида сўзлаган нутқида маълум қилиб, Мадуронинг ўтган йилги баёнотини ҳам эсга олган.
“Бундан роппа-роса бир йил олдин наркотерроризмда айбланаётган Николас Мадуро шу ерга яқин жойда туриб, масхараомуз оҳангда: “Келинглар, мени олиб кетинглар!” деб бақирганди. Биз унинг чақириғига жавоб бердик”, дейди Ҳегсет.
Венесуэла муваққат президенти Делси Родригес эса келишувни икки давлат муносабатлари учун “ниҳоятда муҳим” деб баҳолаган. Унинг таъкидлашича, ҳамкорлик доирасида Венесуэла ҳарбийларини тайёрлаш, ҳарбий жиҳозларни янгилаш ва умумий таҳдидларга қарши курашишда янги технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, Ҳегсет Венесуэлада яшириниб юрган “наркотеррорчилар”га мурожаат қилиб, АҚШ уларни “қидириб топиши ва йўқ қилиши”ни билдирган.
Маълумот учун, АҚШ ва Венесуэла ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик 2005 йилда тўхтатилган эди. Ўша вақтда Венесуэланинг собиқ президенти Уго Чавес АҚШнинг Фуэрте-Тиуна ҳарбий базасидаги вакилларини мамлакат ҳукуматига қарши фитна уюштиришда айблаган. Шунингдек, Чавес улар АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) учун ишлашини даъво қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Венесуэла муваққат президенти Делси Родригес билан сайловлар масаласини муҳокама қилгани, шунингдек, Родригес жорий йил 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Трамп билан қисқа учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Бу Родригеснинг АҚШ ҳарбийлари январь ойида Венесуэланинг собиқ президенти Николас Мадурони қўлга олганидан кейин АҚШга илк ташрифи бўлган.
Live
Барчаси