“Оғриқли жавоб”: Россия Киевдаги учта кўприкка баллистик ракеталар билан зарба берди

Олам

−

image

Россия ҳарбийлари бугун, 20 ноябрга ўтар кечаси Киевга баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина пойтахти мэри Виталий Кличко ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

Унинг маълумотларига кўра, ўққа тутиш оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна 15 киши жароҳат олган, улардан етти нафари шифохонага ётқизилган. Зарбанинг асосий нишони Днепр орқали ўтувчи учта кўприк – Подольск-Воскресенск, Дарница ва Жанубий кўприклар бўлган. Биринчи ўтиш йўли бўйлаб ҳаракатланиш ёпилган, қолганларида эса чекланган.

“Пойтахтнинг чап ва ўнг чегаралари ўртасидаги мураккаб тирбандлик туфайли мен аҳолини ўта зарур эҳтиёж бўлмаса, шахсий автомобилда ҳаракатланмасликка чақираман”, деб ёзди Кличко. 

У ракета ҳужуми давом этаётганини қўшимча қилган. Мутахассислар кўприкларнинг шикастланиш даражасини фақат ҳаво тревогаси тугаганидан кейингина баҳолай олади. Шунингдек, Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида учта туманда ёнғинлар келиб чиққан, муҳим инфратузилма объектига шикаст етган. Шаҳарнинг бир нечта туманларида тармоқда кучланиш йўқлиги сабабли троллейбуслар ҳаракати тўхтаб қолган.

Ушбу тунда Львов, Харьков, Запорожье ва Днепропетровск вилоятлари ҳам ҳужум остида қолган. Харьков мэри Игорь Терехов шифохонага дрон зарбаси берилгани ҳақида хабар қилган. Тўрт киши жабрланган. Запорожьеда учувчисиз учиш аппарати трамвайга бориб урилган, бир аёл жароҳат олган. Днепропетровск вилоятининг Жёлтие Води шаҳрида беш киши жабрланган. Россия Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, Киев ва Украинанинг бешта вилоятидаги ҳарбий-саноат комплекси корхоналари, омборлар, энергетика ва транспорт инфратузилмаси объектларига зарба берилгани ҳақида хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Украинанинг Қрим кўпригига берган зарбаларига “оғриқли” жавоб қайтарилишини маълум қилган эди. У, шунингдек, Қрим кўпригига қилинган ҳужумлардан сўнг Москва Киев билан энергетика объектлари ва Қора денгиздаги тижорат кемаларига зарба беришни тўхтатиш бўйича келишмаслигини қўшимча қилган. Бунгача эса Россия ҳарбийлари Киевдаги кўприкларга бир неча бор зарба берган. Охирги марта бу 17 ноябрь куни содир бўлган. Ўшанда Днепр орқали ўтувчи Шимолий ва Жанубий кўприкларга баллистик ракеталар билан шикаст етказилган.

Сўнгги бир ҳафта ичида Украина Қуролли кучлари Қрим кўпригига уч марта ҳужум қилди. Зарбалар туфайли 227 метрли аркалардан бири ва 270 метрлик автомобиль йўли қопламаси сувга қулаб тушди. Шунингдек, 19 ноябрь куни кўприкнинг темир йўл қисми ҳам зарбага учради.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг