Трамп, Путин ва Си Цзиньпин нима қилмоқчи? Жапаров хавотирда
Таҳлил
−
19:27 527 11 дақиқа
Қирғизистон Президенти Жапаров айрим сиёсатчилар томонидан сайловлар арафасида мамлакатдаги ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида низо чиқаришга уринишлар бўлаётганини айтди. Бу икки ойдан кейин ўтказиладиган президентлик сайловлари олдидан одамлар эътиборини тортишми ёки Президентнинг хавотирлари асослими?
Испанияда 14 йил деганда биринчи марта умуммиллий иш ташлаш ҳолати кузатилди. Бунинг асосий сабаби сифатида уй-жой ижара нархининг ошиши ва ижтимоий тенгсизликнинг кучайиши кўрсатилмоқда. Хўш, ҳукумат энди нима қилади?
Бир томонда АҚШ Президенти Дональд Трамп, иккинчи томонда Россия Президенти Владимир Путин, учинчи томонда эса Хитой раҳбари Си Цзиньпин. Бу уч давлат дунёдаги энг йирик ядровий арсеналларга эга. Улар ўртасидаги муносабатлар эса халқаро сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик ва ҳарбий мувозанатга бевосита таъсир кўрсатиши турган гап.
2026 йил 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ушбу уч давлат раҳбарларининг тарихий уч томонлама учрашуви ўтказилиши режалаштирилган. Бу дунёнинг энг йирик ядровий қудратга эга уч давлати раҳбарларининг биргаликдаги илк учрашуви бўлади.
Хўш, Дональд Трамп, Владимир Путин ва Си Цзиньпин қандай мақсадда бир стол атрофига йиғилмоқда? Улар ядровий қуроллар бўйича келишувга эриша оладими? Эрон билан боғлиқ можаро муҳокама қилинадими? Энг муҳими, Украина тақдири уч давлат ўртасидаги музокараларда қандай ўрин эгаллайди? Келинг, масаланинг энг муҳим жиҳатларини таҳлил қиламиз.
Уларнинг қўлида қанча ядровий қурол бор?
Учрашувнинг энг муҳим мавзуларидан бири — ядровий қуролларни назорат қилиш ва қисқартириш масаласи. Бунинг сабабини тушуниш учун уч давлатнинг ядровий салоҳиятига эътибор қаратиш кифоя. Американинг Атом олимлари федерацияси 2026 йилги баҳоларида дунё ядровий арсеналига оид қуйидаги рақамларни келтиради:
- Россия – тахминан 5 420 та ядровий каллак;
- АҚШ – тахминан 5 042 та ядровий каллак;
- Хитой – тахминан 620 та ядровий каллак.
Демак, ушбу уч давлатнинг ўзи дунёдаги ядровий қуролларнинг жуда катта қисмини назорат қилади.
Бу рақамлар фақат жанговар шай ҳолатдаги қуролларни эмас, балки ҳарбий захирадаги ва айрим ҳисобларда фойдаланишдан чиқарилган, аммо ҳали демонтаж қилинмаган каллакларни ҳам қамраб олади. Шунинг учун ядровий қуроллар сони ҳақида гап кетганда, умумий арсенал билан бевосита жанговар кучлар таркибида жойлаштирилган қуролларни фарқлаш муҳим. Масалан, FAS маълумотларига кўра, АҚШ ва Россия биргаликда дунёдаги барча ядровий каллакларнинг қарийб 86 фоизига эгалик қилади. Хитойнинг ядровий арсенали эса ҳозирча бу икки давлатникидан анча кичик. Аммо Пекин ўз ядровий имкониятларини кенгайтириб бормоқда. Хитой қуруқликдаги ракеталар, сувости кемаларидан учириладиган баллистик ракеталар ва стратегик авиация имкониятларини ривожлантирмоқда. Бу эса Вашингтонни жиддий ташвишга солмоқда. АҚШ Хитойни ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича келажакдаги музокараларга жалб этишни истайди. Чунки фақат Россия билан келишув тузиш келажакдаги глобал ядровий мувозанатни тўлиқ қамраб олмайди.
New start шартномаси тугади: дунё янги ядровий пойга остонасидами?
Бу учрашувнинг айнан ҳозир ўтказилаётгани бежиз эмас. АҚШ ва Россия ўртасидаги стратегик ядровий қуролларни чеклашга қаратилган New START шартномаси 2026 йил февраль ойида ўз амал қилиш муддатини якунлади. Ушбу шартнома икки давлатнинг стратегик ядровий қуролларини чеклаш ва ўзаро текширув механизмларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эди. Унинг тугаши билан АҚШ ва Россия ўртасида стратегик ядровий арсеналларни чеклаш бўйича сўнгги асосий икки томонлама ҳуқуқий механизм ҳам ўз ниҳоясига етди. “Associated Press” хабарига кўра, Дональд Трамп Россиянинг шартномани яна бир йилга узайтириш таклифини қабул қилмаган. Унинг ўрнига Хитой ҳам иштирок этадиган янги, такомиллаштирилган келишув тузиш тарафдори эканини билдирган. Бу жуда муҳим ўзгариш. Чунки Совуқ уруш давридан кейинги халқаро хавфсизлик тизимида АҚШ ва Россия ўртасидаги ядровий келишувлар алоҳида ўрин тутган. Энди эса Вашингтон ушбу тизимга Хитойни ҳам қўшмоқчи. Аммо бунинг осон бўлмаслиги аниқ.
Ядровий қуроллар сонини қисқартириш бир масала, уларни текшириш, ҳисобга олиш, жойлаштирилишини назорат қилиш ва шартномага риоя этилишини таъминлаш эса мутлақо бошқа масала. Шунинг учун 19 ноябрдаги учрашувда дарҳол янги шартнома имзоланиши кутилмаяпти. Эҳтимол, бу уч давлат ўртасида узоқ муддатли музокаралар учун дастлабки сиёсий замин яратиши мумкин.
Эрон масаласи: уч давлатни бирлаштириши ёки янада узоқлаштириши мумкин бўлган мавзу
Учрашувнинг яна бир муҳим йўналиши – Эрон билан боғлиқ уруш ва минтақавий хавфсизлик масалалари. Дональд Трамп Эрон масаласини Путин ва Си Цзиньпин билан муҳокама қилмоқчи. Бу масала айниқса муҳим, чунки Эрон Яқин Шарқдаги геосиёсий мувозанатда катта ўрин тутади. Эроннинг ядровий дастури, минтақадаги ҳарбий-сиёсий таъсири, энергетика йўллари ва халқаро санкциялар масаласи кўп йиллардан бери йирик давлатлар ўртасидаги муносабатларга таъсир кўрсатиб келмоқда. Россия ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик ҳам Вашингтон учун алоҳида ташвиш манбаи ҳисобланади. Хитой эса Эрон билан иқтисодий ва энергетик алоқаларга эга. Пекин Яқин Шарқда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, энергия таъминотининг барқарорлигини сақлаш ва минтақадаги сиёсий таъсирини кучайтиришга интилади. Шу нуқтаи назардан, Трамп учун бу учрашув Эрон масаласида Россия ва Хитойнинг позициясини билиш имконияти ҳам бўлади. Бироқ уч давлатнинг бу борадаги манфаатлари бир хил эмас. АҚШ Эроннинг ҳарбий ва ядровий салоҳиятини чеклашга интилса, Россия ва Хитой ўз стратегик манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Шу сабабли Эрон масаласида ҳам катта келишувга эришиш осон бўлмайди.
Украина масаласи: Киев четда қолиб кетмайдими?
Уч томонлама учрашувнинг энг нозик жиҳатларидан бири — Украина масаласи. АҚШ расмийларидан бирининг маълум қилишича, Украина масаласи учрашувнинг расмий кун тартибига киритилмаган. Аммо бу Украина мавзуси умуман тилга олинмайди, дегани эмас. Чунки Россия ва Украина ўртасидаги уруш нафақат Европа, балки бутун дунё хавфсизлик тизимига таъсир кўрсатмоқда.
Россия Президенти Владимир Путин учун АҚШ ва Хитой раҳбарлари билан биргаликда музокара олиб бориш халқаро майдондаги сиёсий мавқеини намойиш этиш имкониятидир. Бундай учрашув Россиянинг халқаро яккаланиб қолганлиги ҳақидаги тасаввурларни заифлаштиришга ҳам хизмат қилиши мумкин.
Украина Президенти Владимир Зеленский эса учрашув натижасида Киев иштирокисиз Украина тақдири бўйича қандайдир келишувлар муҳокама қилинишидан хавотир билдирган. Бу хавотирни тушуниш мумкин. Чунки Россия билан уруш олиб бораётган давлатнинг келажаги ҳақидаги қарорлар унинг бевосита иштирокисиз муҳокама қилиниши халқаро дипломатияда жиддий саволлар туғдиради.
“Associated Press” таҳлилида ҳам бу учрашув Путин учун Россия, АҚШ ва Хитойни дунё сиёсатидаги тенг даражадаги куч марказлари сифатида кўрсатиш имконияти экани қайд этилган. Шу билан бирга, учрашувда Украина бўйича расмий музокара режалаштирилмаган бўлса-да, унинг халқаро сиёсий таъсирини инкор этиб бўлмайди.
Учрашувдан қандай натижалар кутиш мумкин?
Хўш, 19 ноябрь куни Шэньчжэнда тарихий келишув имзоланиши мумкинми? Ҳозирча бундай тахминлар учун асос етарли эмас. “Associated Press” хабарида АҚШ расмийлари учрашув якунида муайян келишув эълон қилинишини кутмаётгани қайд этилган. Вашингтон вакиллари бу учрашувни ядровий қуролларни қисқартириш бўйича келажакдаги самарали музокараларнинг бошланиши сифатида кўрмоқда.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази — CSIS экспертлари ҳам уч томонлама ядровий келишувга эришиш осон эмаслигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, агар учрашувда ядровий масала бўйича қандайдир натижага эришилса ҳам, бу ҳозирча мажбурий ва текшириладиган қуролсизланиш шартномасидан кўра сиёсий баёнот шаклида бўлиши эҳтимоли юқори.
Демак, асосий натижа дарҳол қуролларни қисқартириш эмас, балки уч давлат ўртасида музокаралар учун алоқа каналларини шакллантириш бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳам кичик натижа эмас. Чунки ядровий қуролларга эга давлатлар ўртасида мулоқотнинг узилиши нотўғри ҳисоб-китоблар ва кескинлашув хавфини ошириши мумкин.
Қирғизистондаги қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида низо чиқаришмоқчи – Жапаров
Қирғизистонда бир қатор сиёсатчилар президентлик сайловлари олдидан ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида миллатлараро низо келтириб чиқариш режаларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров жорий йилнинг 12 ноябрь куни мамлакат аҳолисига йўллаган мурожаатида айтди.
Жапаровнинг сўзларига кўра, айрим сиёсий кучлар оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ва овоз бериш жараёнини издан чиқариш мақсадида миллатлараро адоватни қўзғатиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
“Ҳозирча улар бу ҳақда шунчаки гапиришмоқда. Бироқ ушбу провокацион мақсадларнинг воқеликка айланиш эҳтимоли мавжуд”, дейилади мурожаатда.
Жапаров фуқароларнинг миллий туйғуларига тегадиган ёлғон миш-мишлар ва провокацион баёнотлар бундай тўқнашувларга баҳона бўлиши мумкинлигини қайд этган. У 1990 ва 2010 йиллардаги миллатлараро тўқнашувлар оқибатида тинч аҳоли – ҳам қирғизлар, ҳам ўзбеклар ҳалок бўлган фожиали воқеаларни эслатиб ўтган. Президентнинг фикрича, бундай низоларнинг ташкилотчилари ҳокимиятга интилади, асосий жабрланувчилар эса оддий фуқаролар бўлиб қолади.
Давлат раҳбари қирғизистонликларни миллатига қарамасдан, провокацияларга учмасликка чақирган. У алоҳида равишда кекса авлод вакилларига мурожаат қилиб, 1990 ва 2010 йиллардаги воқеаларни бошдан кечирмаган ёшларга миллатлараро тўқнашувларнинг эҳтимолий оқибатларини тушунтиришни сўраган. Шу билан бирга, Жапаров давлат оммавий тартибсизликларга тезкорлик билан чек қўйиш учун етарли кучларга эга эканини таъкидлаган.
“Агар тўсатдан низо келиб чиқса, давлатда уни бир-икки кун ичида бартараф этиш учун етарли куч ва имкониятлар мавжуд. Бироқ, минг афсуски, бундай ҳолатда жабрланувчилар бўлиши муқаррар”, дейди у.
Жапаров тахмин қилинаётган провокацион режаларни алоҳида равишда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши билан боғлаган.
Унинг таъкидлашича, хайрхоҳ бўлмаган сиёсатчилар орасида ушбу транспорт йўлаги қурилиши якунланишидан хавотирланаётган шахслар бор. Жапаров Хитой мавзуси атрофида жамоатчилик норозилигини келтириб чиқаришга қаратилган муваффақиятсиз уринишлардан сўнг, ушбу кучлар қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги зиддиятларни алангалатишга уриниши мумкинлигини тахмин қилган. Президент тахмин қилинаётган ташкилотчиларнинг исмларини айтмаган. Мурожаатда провокацияларга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида аниқ далиллар ҳам келтирилмаган.
Қирғизистон раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ноқонуний фаолиятни аниқлаш учун етарли техник имкониятларга эга экани ҳақида огоҳлантирган. Хусусан, у бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган ўн минглаб видеокузатув камераларини тилга олган.
“Хатти-ҳаракатларингиз эътибордан четда қолади, деб ўйламанг!” дея мурожаат қилган Президент провокацияларнинг тахминий ташкилотчиларига.
У, шунингдек, миллатлараро адоватни қўзғатишга алоқадор шахслар жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Жапаров фуқароларни провокацион чиқишлар ва ҳаракатлар ҳақида зудлик билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ), Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига ёки маҳаллий ҳокимият органларига хабар беришга чақирган.
У Қирғизистонга тинчлик, барқарорлик ва барча этник гуруҳлар ўртасидаги тотувлик зарурлигини таъкидлаган. Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2027 йил 27 январга белгиланган.
Испанияликлар иш ташламоқда
Одатда футбол томошасига кетаётган мухлислар билан гавжум бўладиган Испания кўчалари ўтган ҳафтада ҳукуматдан норози аҳоли вакиллари билан тўлди. Сабаб эса уй-жой нархлари ва ижара ҳақининг ошиши, шунингдек, ҳамёнбоп турар жойлар етишмаслиги бўлди. Бу ҳолатга қарши ўн минглаб киши кўчага чиқди. Жорий йилнинг 11 ноябрь куни мамлакат бўйлаб умуммиллий иш ташлаш ҳам ўтказилди. Намойишлар бир қатор шаҳарларда бўлиб ўтди. Мадридда маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, акцияларда 120 минг киши қатнашган. Ижарачилар уюшмалари эса иштирокчилар сони 600 минг нафарга етганини билдирган. Барселонада полиция ҳисоб-китоби бўйича 55 минг киши кўчага чиққан.
Иш ташлаш Испанияда сўнгги 14 йил ичидаги биринчи умуммиллий иш ташлаш бўлиб, бир кун давом этган. У мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг айрим соҳаларига таъсир кўрсатган. Намойишлар аксарият шаҳарларда тинч ўтган. Бироқ Барселонада акциялар якунланганидан кейин тартибсизликлар юзага келган. Маълумотларга кўра, юзларини беркитган ўнг радикаллар бир нечта дўконнинг витриналарини синдирган, чиқинди қутиларига ўт қўйган ва полиция ходимларига тош, шиша идишлар ҳамда петардалар отган. Полиция уларга қарши резина таёқлардан фойдаланган. Мамлакат бўйлаб намойишлар давомида камида 52 киши ҳибсга олинган.
Касаба уюшмалари иш ташлашни муваффақиятли деб баҳолаган. Хусусан, CCOO уюшмаси электр энергияси истеъмоли одатдаги иш кунига қараганда якшанба кунларига хос даражага тушганини билдирган. Иш берувчиларни бирлаштирувчи CEOE ташкилоти эса иш ташлашда ходимларнинг 10 фоизидан ками қатнашганини маълум қилган.
Қайд этилишича, оммавий норозиликларга Мадридда 87 ёшли Марикармен Абаскалнинг ижарада яшаб келган уйидан кўчирилиши ҳам туртки бўлган. У 70 йил давомида мазкур хонадонда яшаб, ойига 500 евро ижара тўлаган. 2018 йилда уй янги компания ихтиёрига ўтгач, ижара ҳақи унинг пенсиясидан ҳам ошиб кетадиган даражагача кўтарилган. 23 сентябрь куни аёл уйидан кўчирилган, бир неча кун ўтиб эса шифохонада вафот этган.
Испанияда уй-жой инқирози сўнгги йилларда тобора кучайиб бормоқда. Уй ва ижара нархлари аҳоли даромадларига нисбатан тезроқ ўсмоқда. Шу сабабли кўплаб ёшлар, ҳатто 30 ёшдан ошганлар ҳам мустақил равишда уй ижарага олиш имкониятига эга бўлмай, ота-оналари билан яшашда давом этмоқда.
Мамлакат Марказий банки баҳосига кўра, Испанияда тахминан 750 мингта уй-жой етишмайди. 2028 йилга бориб бу танқислик 1 миллиондан ошиши кутилмоқда. Уй-жой етишмовчилигига аҳоли ва мигрантлар сонининг ортиши ҳамда арзон уйлар қурилиши талаб даражасида эмаслиги таъсир қилмоқда.
Маълумот учун, Испания Бош вазири Педро Санчес 5 октябрь куни парламентни тарқатиб юбориш ва 29 ноябрда муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган. Бунга парламентнинг ҳукумат таклиф қилган уй-жой бозори ислоҳотини рад этиши ортидан юзага келган вазият сабаб бўлган.
Live
Барчаси