Ҳусийлар Ар-Риёддаги энг баланд бинога зарба берди
Олам
−
11:58 505 3 дақиқа
Аввалроқ, ҳусийлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропорти ва молиявий марказга иккита баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берилган эди. Бугун, 20 ноябрь куни мамлакат фуқаро мудофааси хизмати молиявий марказдаги минора ва яқин атрофдаги биноларга зарар етганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, кеча, 19 ноябрь куни содир бўлган ҳужум оқибатида Ар-Риёд молия марказидаги бинонинг бир неча қавати ва унинг атрофидаги биноларга моддий зарар етган. Бироқ ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган. Саудия расмийлари баёнотида бинонинг аниқ номи келтирилмаган бўлса-да, давлат ахборот агентлиги эълон қилган суратда подшоҳликнинг Давлат инвестиция жамғармаси (PIF) биноси акс этган.
Саудия расмийлари тинч аҳоли ҳудудига қилинган ҳужумни “халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши” деб баҳолаган. Бинога етказилган зарар кўлами ҳақида манбаларда турлича маълумотлар келтирилган. “Reuters” агентлиги хабар беришича, бинoнинг 7-8-қаватидаги ойналар синган, металл қопламасининг бир қисми эгилган.
Ҳужум иш куни бошланишидан олдин содир бўлган. Шундан сўнг, молия маркази ташриф буюрувчилар учун ёпилган. Бинога айнан нима келиб теккани борасида томонларнинг баёнотлари бир-биридан фарқ қилади. Саудия бошчилигидаги коалиция Ар-Риёд томон учирилган “ракета таҳдиди бартараф этилгани” ва унинг парчалари ерга тушганини билдирган. “Reuters”нинг вазиятдан хабардор уч манбаси эса бинога ҳусийлар ракетаси урилганини айтган.
Ҳусийларнинг ҳарбий вакили 19 ноябрь куни Ар-Риёд молия марказига икки марта – тонгда ва кечқурун ҳужум қилинганини маълум қилган. Гуруҳ, шунингдек, Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропорт, мамлакат жанубидаги авиабаза ва Жубайлдаги нефть-кимё компаниясига ҳам зарба берганини билдирган. Бироқ Саудия томони ушбу ҳужумлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқламаган.
Ҳусийлар ўз ҳаракатларини Саудия Арабистонининг Ямандаги ҳаво зарбаларига жавоб сифатида изоҳламоқда. Гуруҳ назоратидаги “Саба” агентлиги хабар беришича, ўша куни эрта тонгда Саудия авиацияси Санога зарба берган. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги эса подшоҳлик ўз суверенитети, миллий бойликлари ва аҳолиси хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун “барча зарур чораларни кўришга тўла ва қонуний ҳақли” эканини билдирган. Шунингдек, вазирлик халқаро ҳамжамиятни “қабиҳ ҳужумларни қоралаш”га чақирган.
Нега айнан шу бино нишонга олинган?
Давлат инвестиция жамғармасининг 385 метр баландликдаги минораси оддий офис биноси эмас. У подшоҳликдаги иккинчи энг баланд бино бўлиб, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг иқтисодий ислоҳотлари рамзи ҳисобланади. Қарийб 900 миллиард долларлик жамғарма валиаҳд шаҳзоданинг Саудия иқтисодиётини нефтга қарамликдан чиқариш режаларини молиялаштиради. У Uber ва SpaceX каби йирик Америка компанияларида улушга эга.
“The New York Times” нашри ёзишича, жамғарма қароргоҳига зарар етказилиши ҳусийлар учун рамзий ғалаба бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ҳусийлар 15 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропорти ва молиявий марказни иккита баллистик ракета билан нишонга олгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, гуруҳнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари 18 ноябрь куниги баёнотида аэропорт ва молиявий марказга кўп сонли қанотли ракеталар учирилганини, улар белгиланган нишонларга текканини даъво қилган. Ҳусийлар ушбу ҳужумларни Саудия Арабистонининг Ямандаги тинч аҳоли пунктларига қарши операцияларига жавоб сифатида изоҳлаган эди.
Live
Барчаси