Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида уч фаластинлик ҳалок бўлди
Олам
−
20:36 206 3 дақиқа
Ғазо шаҳрида World Central Kitchen хайрия ташкилоти учун озиқ-овқат ва қоғоз маҳсулотлари олиб кетаётган транспорт воситасига Исроил зарбаси берилди. Ҳодиса оқибатида уч нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум бугун, 21 ноябрь куни содир бўлган. “Reuters” гувоҳининг айтишича, транспорт воситасида қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган. Унинг ичидаги қоғозларда Ғазода аҳолига озиқ-овқат тарқатувчи World Central Kitchen ташкилотининг логотипи акс этган.
Ҳужум гувоҳи Абу Зейн ал-Даянинг сўзларига кўра, машина болаларга овқат ва ичимлик тарқатиш учун тўхташ арафасида бўлганида ракета зарбасига учраган. Исроил ҳарбийлари эса ҳудудда бир нечта жангчиларни нишонга олганини билдирган, бироқ ҳодиса тафсилотларини очиқламаган. Улар ёрдам тарқатиш учун фойдаланилаётгандек кўринган транспорт воситасига нима сабабдан зарба берилгани ҳақидаги саволларга ҳозирча жавоб қайтармаган.
Ғазодаги ҳужумлар давом этмоқда
Маълумотларга кўра, Исроил ҳарбийлари 2024 йилда ҳам World Central Kitchen ташкилотининг етти нафар ходимини ўлдирган. Улар орасида Австралия, Буюк Британия ва Польша фуқаролари бўлган. Ўшанда Исроил ҳарбийлари ҳодисада жиддий хатолар ва тартиб-қоидалар бузилганини тан олган, аммо 2026 йилда жиноий тергов бошлаш учун асос йўқлигини билдирган.
Шу ҳафта бошида Исроил Ғазода қисқа муддатли қуруқлик операциясини бошлаган. Ҳарбийлар ҲАМАС қўмондонларидан бирини нишонга олганини билдирган шифохонага берилган зарба оқибатида олти киши ҳалок бўлган. 2025 йил октябрь ойида АҚШ кўмагида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳудуддаги йирик жангларга чек қўйган. Бироқ у Исроилнинг Ғазога ҳужумларини тўлиқ тўхтатмаган ва ҲАМАСнинг қуролсизланишини таъминламаган.
Фаластин ва Исроил томони маълумотларига кўра, ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин камида 1600 нафар фаластинлик ва беш нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлган. Ҳозирда Исроил қўшинлари Ғазо ҳудудининг учдан икки қисмини назорат қилмоқда. Бу келишув тузилган пайтдаги назорат ҳудудидан кўпроқ. ҲАМАС эса Ғазо соҳили бўйлаб айрим ҳудудларни назорат қилмоқда.
Исроилнинг Ғазога икки йилдан ортиқ давом этган ҳужумлари ўн минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган, озиқ-овқат танқислиги инқирозини келтириб чиқарган ва аҳолининг оммавий кўчишига сабаб бўлган. Бу воқеалар халқаро миқёсда геноцидга оид баҳслар ва БМТ текширувларига ҳам туртки берган.
Исроил эса ўз ҳаракатларини ўзини ҳимоя қилиш чораси сифатида изоҳлайди. Мамлакат бунга 2023 йил октябрь ойида ҲАМАС бошчилигидаги жангчилар ҳужуми сабаб бўлганини таъкидлайди. Ўшанда 1200 киши ҳалок бўлган ва 250 дан ортиқ одам гаровга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи давомида Ғазо секторидаги гуманитар вазиятни танқид қилган эди. У АҚШ Президенти Дональд Трампнинг тинчлик режаси ҳақидаги баёнотларига шубҳа билдириб, ҳудудда гуманитар коридорлар очилмаганини таъкидлаган. Макрон халқаро ҳамжамиятни Ғазодаги вазиятга бефарқ бўлмасликка чақирган.
Live
Барчаси