18 давлат Исроилнинг Ғазодаги шифохонага берган зарбасини қатъий қоралади
World
−
20:02 232 3 minutes
Туркия ва яна 17 давлат Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнус шаҳрида жойлашган “Носир” шифохонасига берган авиазарбасини қатъий қоралади. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил ҳужуми юзасидан қўшма ёзма баёнотни Туркия, БАА, Жазоир, Жибути, Индонезия, Фаластин, Қатар, Кувайт, Ливия, Ливан, Миср, Мавритания, Покистон, Сомали, Судан, Саудия Арабистони, Уммон ва Иордания Ташқи ишлар вазирлари эълон қилган.
“Вазирлар Исроилнинг Хон-Юнусдаги “Носир” шифохонасига берган авиазарбасини қатъий тарзда қоралайди. Бунинг оқибатида беморлар ва тиббиёт ходимлари ҳалок бўлди ҳамда яраланди. Ушбу ҳужум тиббиёт муассасалари ва уларнинг ходимларини алоҳида ҳимоя қилишни назарда тутувчи халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини бузади”, дейилади баёнотда.
Ҳужжатда, шунингдек, Исроилнинг фаластинлик тинч аҳолига, жумладан, чодирли лагерлар ва кўчирилган шахслар жойлаштирилган бошқа масканларга уюштираётган давомли ҳужумлари ҳам қораланган.
Бундай ҳужумлар ўт очишни тўхтатиш режимига ҳамда Ғазо секторида хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга путур етказиши, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан тақдим этилган Ғазо бўйича тинчлик режасига зид экани таъкидланади.
Вазирлар Исроил томонидан гуманитар ёрдам, чодирлар, каравонлар, мобил уйлар ва тиббий материаллар етказиб беришга қўйилган чекловлар давом этаётгани қиш яқинлашаётган бир шароитда Ғазодаги гуманитар фалокатни янада кучайтираётганидан жиддий хавотир билдирган.
Баёнотда яшаш учун шароитнинг етарли эмаслиги, сув таъминоти, санитария ва тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви тинч аҳоли, айниқса яна қаттиқ совуққа дуч келадиган чақалоқлар ва болалар ҳаётига жиддий хавф туғдираётгани қайд этилган.
“Вазирлар Исроилни халқаро ҳамжамият ва Тинчлик кенгашининг гуманитар ёрдам ҳажмини ошириш ҳақидаги чақириқларига қулоқ солишга ҳамда Шарм-аш-Шайхда эришилган Келишув, Президент Дональд Трампнинг Кенг қамровли режаси ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2803 (2025)-сонли резолюцияси доирасидаги ўз мажбуриятларини зудлик билан ва тўлиқ ҳажмда бажаришга чақирадилар”, дейилади ҳужжатда.
Баёнотда Исроил томонидан ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилиши, тинч аҳоли ва тиббиёт муассасалари ҳимоя қилиниши, шунингдек, етарли ҳажмдаги гуманитар ёрдамнинг хавфсиз, доимий ва тўсиқсиз кириб келиши таъминланиши зарурлиги таъкидланади.
Гап, жумладан, одамларни вақтинча жойлаштириш учун материаллар, базавий инфратузилма фаолиятини тиклаш ускуналари ва Ғазо секторини тезроқ тиклаш учун зарур бўлган воситаларни етказиб бериш ҳақида бормоқда.
Исроил, шунингдек, БМТ муассасалари ва гуманитар ташкилотларнинг тўсиқсиз фаолият юритиши учун имконият яратиб бериши лозим.
Вазирлар келишувнинг биринчи босқичида назарда тутилган мажбуриятлар у имзоланган пайтдан бошлаб кучга кириши кераклигини кўрсатиб ўтган. Исроил уларни ҳеч қандай кечиктиришларсиз ва гуманитар ёрдамдан фойдаланишни чекловчи қўшимча шартларни, жумладан, сиёсий хусусиятга эга ҳамда хавфсизлик билан боғлиқ шартларни илгари сурмасдан бажариши шарт.
Ҳужжатда, шунингдек, келишувнинг кейинги босқичларида эришилган ютуқлардан қатъи назар, шошилинч гуманитар операцияларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.
“Вазирлар Қўшма Штатлар ва Тинчлик кенгашини Исроил томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини ва гуманитар ёрдам кириб келишига қўйилган барча чекловлар олиб ташланишини таъминлаш, эришилган келишувларга бўлган ишончни сақлаб қолиш ва ўт очишни тўхтатиш режимини мустаҳкамлаш учун ўз ваколатлари доирасида саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирадилар”, дейилади баёнотда.
Якунда вазирлар ўт очишни тўхтатиш режимини мустаҳкамлаш, тинчлик режасининг барча босқичларини амалга ошириш ҳамда Фаластин халқининг азоб-уқубатларини енгиллаштириш мақсадида гуманитар ёрдам ҳажмини ошириш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори жанубидаги Носир шифохонасига зарба бергани ҳақида хабар қилинган эди. Оқибатда олти киши ҳалок бўлган, камида 12 киши жароҳатланган.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November