Макрон Фаластин ҳақида гапириб, БМТ минбарига муштини урди (видео)
Олам
−
17:43 792 3 дақиқа
Кеча, 22 сентябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқиши чоғида Фаластиндаги вазият ҳақида гапираётиб, минбарга муштини урди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Макрон АҚШ Президенти Дональд Трампнинг тинчлик режаси муваффақияти ҳақидаги баёнотларини шубҳа остига қўйиб, эълон қилинган тинчликка қарамай, Ғазо секторида шу кунгача бирорта ҳам гуманитар коридор очилмаганини айтган. Франция етакчиси дунё “ҳамма уятда қолиши керак бўлган” вазиятни кузатаётганини айтган ҳамда Трампни Ғазо бўйича ўз режасини дипломатик зафар сифатида тақдим этгани учун танқид қилган.
“Бир йил олдин шу ерда, ушбу залда ўнтача давлат Фаластинни тан олди. Мен баъзи одамларнинг: “Тан олиш – бу шунчаки қоғоз, аслида нима бўлаётганига қаранг”, деган сўзларини эшитяпман”, дейди Макрон.
Франция Президенти ўз нутқи чоғида минбарга мушти билан урган. У Ғазода содир бўлаётган ҳодисалар фонида ҳаракатсиз қолишда давом этар экан, халқаро ҳамжамият ишонч ҳақида гапира олмаслигини қайд этган.
“Аммо Ғазода содир бўлаётган воқеалар қаршисида бундан кейин ҳам ҳаракатсиз қоладиган бўлсак, бизга нисбатан қандай ишонч ҳақида гап кетиши мумкин? Баъзилар гўёки эришилган тинчлик билан мақтанмоқда. Лекин бу тинчлик бир сонияга бўлса ҳам гуманитар йўлак имкониятини қайта тиклагани йўқ. Наҳотки биз шунчаки томошабин бўлиб ҳаммамизни уятга қолдираётган бу томошани кузатиб турсак?
Бугун содир бўлаётган воқеаларга очиқ кўз билан қаранг. Ғарбий Соҳилда ҳар куни очиқдан очиқ қонунбузарликлар содир этилмоқда. Хўш, нима сабаб? Ахир ҲАМАС Ғарбий Соҳилда ҳеч қачон фаолият олиб бормаган-ку! Бу ҳаракатлар – Фаластин халқининг мавжуд бўлишга бўлган қонуний ҳуқуқларини ҳар куни қадамма-қадам йўққа чиқариш ва мустақил давлат қуриш имкониятини тамоман барбод қилишдан бошқа нарса эмас”, дейди Макрон.
Унинг чиқиши Трампнинг худди шу минбардаги нутқидан бир неча соат ўтиб бўлиб ўтган. АҚШ Президенти Ғазо бўйича 20 банддан иборат тинчлик режасини дипломатик муваффақият деб атаган эди.
Макроннинг танқидидан сўнг АҚШ Давлат департаменти X ижтимоий тармоғида Трампнинг иқтибосини эълон қилган. Америка Президенти БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Ғазо бўйича тинчлик режаси бир овоздан маъқуллангани ва “Тинчлик кенгаши” тузилганини маълум қилиб, ушбу воқеаларни “ажойиб” деб атаган.
“Бир йил олдин, мен ушбу залдаги буюк етакчиларга мурожаат қилганимда Ғазодаги шафқатсиз уруш ҳамон давом этаётган эди. Бир неча ҳафтадан сўнг биз беҳисоб минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган ҳолда Ғазодаги урушни якунладик”, дейди Трамп.
Шу билан бирга, Франциянинг ўзида Макрон ўтган йилнинг сентябрь ойида Фаластин давлати тан олинганидан бери етарлича иш қилмаган деб ҳисоблайдиган сиёсатчилар ва фаоллар томонидан танқидга учрамоқда.
Шу билан бирга, Париж Ғарбий Соҳилда исроиллик кўчманчилар томонидан фаластинликларга нисбатан ишлатилаётган зўравонликка нисбатан ўз позициясини кучайтирган. Франция бир қатор санкцияларни жорий этган, шунингдек, босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги аҳоли пунктларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни тақиқлаш жараёнини бошлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ минбарида Ғазо бугун нафақат дунёдаги энг катта қабристон, балки дунёда ампутация кўрсаткичи энг юқори бўлган минтақа ҳисобланишини, шунингдек, Ғазо – ҳозирги даврнинг энг инсонийликка зид, энг уятли қирғини эканини айтган эди.
Live
Барчаси