Колонияда “наркобарон”га ёрдам берган мулозим 11 йилга қамалди

3-саҳифа

−

visibility1554 timer3 дақиқа

image

Ўзбекистонда қамоқхонада жазо ўтаётган маҳкумга наркобизнесни бошқариш учун шароит яратиб берган жазони ижро этиш колонияси бошлиғининг собиқ ўринбосарига суд ҳукми ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатда келтирилишича, Қ.М. 2024 йилнинг декабрь ойидан 13-сон жазони ижро этиш колониясида бошлиқнинг тезкор-қидирув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У жорий йилнинг 10 март куни қўлга олинган.

Қ.М. колонияда жазо ўтаётган О.М. билан жиноий гуруҳ таркибида ҳамкорлик қилган. О.М. қамоқхонада бўлишига қарамай, гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи интернет-наркодўконни бошқаришни давом эттирган. Хусусан, унинг учун колониянинг реабилитация марказида муассаса ходимларига мўлжалланган алоҳида хона ажратилган. У ерда видеокузатув камералари бўлмаган. 2025 йил 26 январдан бошлаб маҳкум ушбу хонада ёлғиз яшаган ва колония ҳудудида эркин ҳаракатланиш имконига эга бўлган.

Шунингдек, О.М. ни реабилитация марказида фойдали меҳнатга жалб қилиш ҳақида расмий буйруқ чиқарилган. Бироқ амалда у ҳеч қандай меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган.

Шу билан бирга, Қ.М. маҳкумга яширин равишда мобил телефон ҳам етказиб берган. Ушбу телефон орқали О.М.Телеграм мессенжеридаги “Druid” номли интернет-наркодўкон фаолиятини бошқарган ва озодликдаги шериклари ҳаракатларини мувофиқлаштириб турган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида наркогуруҳ фаолиятига алоқадор шахслар қўлга олинган.

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида мазкур иш кўриб чиқилган.  Суд ҳукми билан О.М. 14 йил 1 ой муддтага озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, у ўта хавфли рецидивист деб топилган ва жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Бундан ташқари, жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига ҳам ҳукм ўқилган. Жумладан, эркак судланувчиларга 9 йил 11 ой 27 кундан 14 йилгача, икки нафар аёлга эса 7 йил ва 8 йил 6 ой муддатга қамоқ жазоси тайинланган. Улар жазони ўташ жойларида гиёҳвандликдан мажбурий даволаниши зарур.

Шунингдек, судда Қ.М. ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган. Унинг айтишича, реабилитация марказининг алоҳида раҳбарияти бўлган ва маҳкумларни ушбу марказга жойлаштириш унинг ваколатига кирмаган. О.М. колония бошлиғининг буйруғи билан хўжалик мудири лавозимига тайинланган ва Қ.М. ишга жойлаштиришда шахсан иштирок этмаган. Шунингдек, у маҳкумнинг алоҳида хонада яшаши масаласини ҳал қилмаганини ва унинг мобил телефони борлигидан фақат тезкор тадбир ўтказилган куни хабар топганини айтган. Бироқ суд Қ.М. нинг жиноий фаолиятга алоқадорлигини иш материалларидаги далиллар билан исботланган деб топган.

Суд Қ.М. ни телефон киритиб бериш эвазига 3400 АҚШ доллари пора олиш айблови (Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди) бўйича далиллар етарли эмаслиги сабабли оқлаган. Бироқ у Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “б” банди  ва 273-моддаси (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми  билан айбдор деб топилган. Унга 3 йил муддатга Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг