Боши учун $5 млн мукофот эълон қилинган наркобарон ушланди

Олам

−

image

Мексикада “Эль Чапо Исидро” номи билан танилган Фаусто Исидро Меса Флорес қўлга олинди. У собиқ Синалоа картели фракцияларидан бирига раҳбарлик қилади ва АҚШ Федерал қидирув бюросининг (ФҚБ) энг кўп қидирилаётган жиноятчилари ўнлигига киритилган эди. Бу ҳақда “El País” хабар бермоқда.

Нашрнинг Мексика Хавфсизлик вазирлар маҳкамасига яқин манбаларига кўра, амалиёт жорий йилнинг 20 ноябрь куни Синалоа штати шимолидаги Гуасаве шаҳрида ўтказилган. Амалиётга ҳарбийлар бошчилик қилган.

Наркобароннинг қўлга олиниши федерал хавфсизлик кучлари ва жиноий гуруҳнинг эҳтимолий аъзолари ўртасидаги тўқнашувлар ҳамда отишмалар билан кечган. Ҳудудда йўлларнинг тўсиб қўйилиши, ёнғинлар ва ҳарбий вертолётлар парвози ҳам қайд этилган.

Нега “Эль Чапо Исидро” Мексика ва АҚШда қидирувда эди?

Меса Флорес Мексика ҳукумати ва АҚШ ФҚБси томонидан устувор равишда қидирилаётган шахслардан бири бўлган. У бюро томонидан энг кўп қидирилаётган ўнта жиноятчи рўйхатига киритилган эди. Наркобаронни қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар миқдорида мукофот ваъда қилинган.

Унинг Гуасаве, Лос-Мочис шаҳарларида ва тоғли ҳудудлардаги бир нечта аҳоли пунктларида, жумладан, Бадирагуатода таянч нуқталари бўлган. Меса Флорес Синалоадан наркотик экспорт қилувчи асосий шахслардан бири ҳисобланган.
Сўнгги йилларда картелнинг бошқа икки йирик гуруҳи — Гусман ва Замбада оилалари ўртасидаги қарама-қаршилик фонида унинг таъсири янада кучайган. Уларнинг вакиллари — наркобаронлар Хоакин “Эль Чапо” Гусман ва Исмаэль “Эль Майо” Замбаданинг ўғиллари тахминан икки йилдан буён ўзаро уруш олиб бормоқда.

Ушбу гуруҳлар ўзаро кураш билан банд бўлган бир пайтда, Меса Флорес минтақадаги жиноий бизнесда ўз таъсирини кенгайтириб борган. Йил бошида Хавфсизлик вазирлар маҳкамасига яқин манбалар “El País” нашрига у бошқа гуруҳларга қараганда кўпроқ наркотик экспорт қилаётганини маълум қилган.

Унинг фаолияти кўламидан Мексика тарихидаги энг йирик фентанил мусодараларидан бири далолат беради. 2024 йил охирида мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари Гуасаве шаҳрида ушбу гиёҳванд модданинг бир тоннадан ортиқ партиясини аниқлаган.

Амалиёт вақтида нималар юз берди?

Наркобароннинг қўлга олиниши Синалоанинг турли туманларида ваҳимага сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда ёнаётган юк машиналари ва шаҳар устида учиб юрган ҳарбий вертолётлар акс этган видеолар тарқалди.
Охир-оқибат тўхтатишга тўғри келган бейсбол ўйини вақтида томошабинлар ўқ овозларини эшитгач, қочиб, стадион йўлакларига яширина бошлаган.

Яна бир видеода маҳаллий мухбир отишма туфайли икки автомобиль орасига яширинган ҳолда шаҳардаги тартибсизликлар ҳақида сўзлаб берган.
Синалоа штати Жамоат хавфсизлиги вазирлиги Гуасаве муниципалитетида федерал ходимларга ҳужум уюштирилганини маълум қилган. Идора аҳолини хавфсиз жойларда қолишга ва ҳаракат тўсиб қўйилгани сабабли бир қатор автомагистраллардан фойдаланмасликка чақирган.
Хусусан, фуқаролар штат пойтахти Кулиакандан шимолга қараб кетадиган “Ла Костера” трассасидаги, шунингдек, Лос-Мочис шаҳри яқинидаги хавф ҳақида огоҳлантирилган. Ҳар икки йўналишда йўл тўсиқлари қайд этилган “Либр автомагистралида ҳам чекловлар жорий этилган.

Синалоа губернатори вазифасини бажарувчи Грасиэла Домингес федерал кучлар штатнинг марказий-шимолий қисмида амалиёт ўтказаётганини тасдиқлаган. У аҳолини хавфсиз жой топишга чақирган ва вазият ривожи ҳақида хабардор қилиб боришга ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гвадалахара картели асосчиси Мигель Анхель Феликс Гальярдо 80 ёшида шифохонада вафот этганди. 1989 йилдан бери қамоқда сақланган наркобарон электрон билагузук ишидаги носозлик туфайли уй қамоғига чиқа олмаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг