Хорижий армияга ёлланган ўзбекистонликларга жазо кучайтирилиши мумкин
Ўзбекистон
−
568 5 дақиқа
Ўзбекистонда фуқароларнинг хорижий армиялар ва куч тузилмаларида хизмат қилиши учун жазони беш йилгача, уларни бундай хизматга ёллаш учун эса 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзида кучайтириш таклиф этилди. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ва иккинчи ўқишларда маъқулланди. Депутат маълумотларига кўра, 2025 йилда бундай жиноятлар сони қарийб 12 бараварга ошган. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) ва 154-1-моддасига (чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш ва ёлланиш) ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган.
Маъруза билан депутат Сайдулло Азимов сўзга чиқиб, қонун лойиҳаси ўзбекистонликларнинг хориждаги қуролли можароларга жалб этилиши ҳолатлари кўпайгани муносабати билан ишлаб чиқилганини айтган.
Унинг билдиришича, геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви, дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар ва ҳарбий ҳаракатлар миллий хавфсизликка янги таҳдидларни юзага келтирмоқда. Шундай таҳдидлардан бири сифатида ўзбекистонликларнинг хориждаги жанговар ҳаракатларга жалб этилиши, жумладан, уларнинг ҳалок бўлиши ҳолатлари қайд этилган.
“Бу шунчаки айрим фуқароларнинг шахсий танлови ёки тақдири билан боғлиқ масала эмас. Бу, аввало, инсон ҳаёти, фуқароларимиз хавфсизлиги, давлатимизнинг миллий манфаатлари ва унинг халқаро майдондаги нуфузига дахлдор жиддий муаммодир”, дейди депутат.
Азимовнинг сўзларига кўра, хорижий қуролли можароларда иштирок этиш билан бирга, фуқароларнинг чет давлатлар қуролли кучлари, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ва шунга ўхшаш бошқа тузилмаларига ихтиёрий равишда хизматга кириши, шунингдек, бошқа фуқароларни бундай хизматга ёллаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
“Биргина 2025 йилнинг ўзида ушбу турдаги жиноятлар сони олдинги даврга нисбатан қарийб 12 бараварга кўпайди. Бу рақамлар мавжуд ҳуқуқий механизмларни қайта кўриб чиқиш, жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ва бундай қилмишларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш зарурлигидан далолат беради”, дейди Азимов.
Шу билан бирга, депутат жиноятларнинг мутлақ сонини келтирмаган ва тегишли моддалар бўйича нечта иш қайд этилганига аниқлик киритмаган.
Қандай жазо белгиланади?
Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатлар қуролли кучлари, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа тузилмаларига хизматга кириши учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш таклиф этилмоқда.
Амалдаги қонунчиликда эса бундай қилмиш учун БҲМнинг 300 бараваригача жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилган. Яъни янги таклифда озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, ўзбекистонликларни хорижий қуролли кучлар ва бошқа куч тузилмаларида хизмат қилишга ёллаш учун жавобгарлик ҳам кучайтирилмоқда. Ҳозирда бу қилмиш учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Қонун лойиҳасида эса озодликни чеклаш тарзидаги муқобил жазони бекор қилиб, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, ёлланма шахсларни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки уларга бошқа моддий таъминот бериш, шунингдек, улардан қуролли тўқнашувларда фойдаланиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 154-моддага таҳририй ўзгартиришлар киритиш режалаштирилган. Жумладан, модданинг ўзбек тилидаги матнида “ҳарбий тўқнашув” иборасини “қуролли тўқнашув”га алмаштириш таклиф қилинмоқда. Бу моддадаги жазо санкциялари эса ўзгаришсиз қолади.
Сайдулло Азимов қонун лойиҳаси фуқароларнинг хорижий ҳарбий ва куч тузилмаларига хизматга кириши ҳамда уларни бундай хизматга ёллаш учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилганини айтган.
“Ҳар қандай жиноят-ҳуқуқий нормани такомиллаштиришда асосий мақсад шунчаки жазони кучайтириш эмас, балки жиноятларнинг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон хавфсизлигини ҳимоя қилишдан иборат бўлиши керак. Ушбу қонун лойиҳаси ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилади”, дейди депутат.
Унинг қўшимча қилишича, ҳужжат манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳамда давлат бюджетидан қўшимча харажатлар талаб этмайди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда 109 нафар депутат томонидан қўллаб-қувватланган. Қарши овоз берганлар ва бетараф қолганлар бўлмаган. Кейинчалик ҳужжат иккинчи ўқишда ҳам кўриб чиқилиб, 110 нафар депутат уни маъқуллаган. Уни учинчи ўқишда қабул қилиш режалаштирилган. Қонун кучга кириши учун Сенат маъқуллаши ва Президент имзолаши керак.
Амалдаги қонунчиликда қандай жазолар бор?
Жиноят кодексининг 154-моддаси ёлланиш, яъни моддий рағбатлантириш ёки бошқа шахсий манфаат кўзлаб чет давлат ҳудудида ёки унинг тарафида қуролли тўқнашув ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун жавобгарликни назарда тутади. Бунинг учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ёлланма шахсларни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки уларга бошқа моддий таъминот бериш, шунингдек, улардан қуролли тўқнашувларда фойдаланиш етти йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
154-модда эса Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатлар ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа тузилмаларига хизматга кириши ва бундай хизматга ёлланиши билан боғлиқ. Ушбу модда 2003 йил 30 августдаги қонун билан киритилган. Хорижий хизматга кириш учун жазо санкциялари охирги марта 2019 йил декабрь ойида, ёллаш учун эса 2015 йил август ойида қайта кўриб чиқилган.
Ёлланиш билан боғлиқ жиноятлар сони
Давлат хавфсизлик хизматининг 2025 йил ноябрь ойида берган маълумотига кўра, 2022 йилдан буён Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги қуролли можароларда иштирок этгани муносабати билан Жиноят кодексининг 154-моддаси бўйича 338 та жиноят иши қўзғатилган. Йиллар кесимида бу кўрсаткич 2022 йилда 19 та, 2023 йилда 68 та, 2024 йилда 112 та ва 2025 йилда маълумот эълон қилинган вақтга қадар 139 тани ташкил этган.
Ушбу статистика ёлланишга оид 154-модда бўйича қўзғатилган ишларга тааллуқли. Шу сабабли у депутат келтирган 154-1-модда бўйича жиноятлар сони қарийб 12 бараварга ошгани ҳақидаги маълумот билан бир хил кўрсаткич эмас. Маълумотларга кўра, Россиянинг Украинага қарши уруши давом этаётган бир пайтда Россия қуролли кучлари билан шартнома тузган ўзбекистонликлар, шунингдек, жанговар ҳаракатларда иштирок этиб қайтган фуқароларга нисбатан чиқарилган суд ҳукмлари ҳақида ҳам очиқ манбаларда бир неча бор хабарлар эълон қилинган.
Live
Барчаси