Ўзбекистон маймун чечаги кирмаслиги учун нима қиляпти?
Саломатлик
−
03 Июнь 2022
9035Ўзбекистонда ҳозирча маймун чечаги билан касалланиш ҳолати қайд этилмади. Бу ҳақда “Маймун чечаги касаллигига қарши кўрилаётган эпидемиологик чора-тадбирлар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Мутахассисга кўра, касалликнинг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор ишлар бошлаб юборилган.
Касаллик бўйича шифокор ва тиббиёт ходимларига замонавий билим, халқаро миқёсда эришилган илғор тажриба, кўникмаларни ва тадқиқот натижаларини етказиш ҳамда шу йўл билан қарши кураш чоралари, унинг эпидемиологик назорати, даволаш усуллари, профилактикаси сифатини яхшилаш ҳамда ушбу инфекциянинг одамларга бўлган хавфини камайтириш мақсадида “Маймун чечаги услубий қўлланмаси” лойиҳаси тайёрланган.
Соғлиқни сақлаш тизимининг барча маъмурий ҳудудларида маймун чечаги касаллигининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўқув тактик машғулотлари ўтказилмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда халқаро терроризм илдиз отаётган бир даврда айрим давлатлар ёки бўлмаса террористик гуруҳлар томонидан чин чечак ва маймун чечаги вирусларининг биологик қурол сифатида ишлатилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, маймун чечаги эпидемияси пайтида беморлар билан яқин алоқада бўлиш маймун чечаги вирусини юқтириш учун хавфли омил ҳисобланади.
Маймун чечаги табиий ўчоқли, вирус қўзғатадиган зооноз касаллик ҳисобланиб, I-гуруҳ патоген инфекциялар гуруҳига киритилган, ўта хавфли юқумли касалликдир.
Касаллик юққанда эт увишиш, қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши, лимфа безларининг катталашиши ва худди чин чечагидек терида тошмалар тошиши кузатилади. Маймун чечаги касаллигида махсус даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Даволаш симптоматик олиб борилади.
LiveБарчаси