Содиқ Сафоев Япония императорининг олий ордени билан мукофотланди

Жамият

image

Бугун, 3 ноябрь куни Япония ҳукумати 2021 йилнинг кузида император ордени билан мукофотланган чет эллик фуқаролар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам киритилган. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Қайд этилишича, Содиқ Сафоев Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда дўстона муносабатларни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик хизматлари учун “Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени” билан тақдирланган.

“Япония билан Ўзбекистон ўртасида дўстлик муносабатларини илгари суриш ва икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришда кўп йиллик хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Солиҳович Сафоев Япониянинг “Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени” (Grand Cordon of the Order of the Rising Sun) билан мукофотланади”, дейилади хабарда.

Таъкидлаш керакки, “Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени” фақат улкан натижаларга эришган шахсларга бериладиган Олий мукофот ҳисобланади ва у Ўзбекистон фуқароларига биринчи марта берилмоқда.

Маълумот ўрнида, Содиқ Сафоев 1954 йилда туғилган. У 1976 йил Тошкент давлат университетини битирган. 1990–1992 йилларда Гарвард университетида амалиёт ўтаган, Ўзбекистон Президенти аппарати ва Фанлар академиясида ишлаган.

Сафоев турли йилларда Ташқи ишлар вазири, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси, Президентнинг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси, Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси бўлган.

Шунингдек, Содиқ Сафоев 2005 йилнинг февралидан ноябрига қадар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори вазифасида фаолият юритган. 2016 йилнинг декабрида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосарига айланган, 2020 йилнинг январида ушбу лавозимга қайта сайланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг